Асосий мавзулар
21 август 2019

Қадрсизланаётган сўм халқни қашшоқлаштирмоқда

Сўнгги кунларда сўмнинг кескин тарзда қадрсизлантирилиши сабабларидан бири ойдинлашди – ҳукумат нақд валютани аҳолига сотиш амалиётига ўтди. 

Шу вақтгача Ўзбекистонда аҳолига нақд валюта сотилмасди. Валюта фақат мижознинг тўлов картасига тушириб бериларди. Энди эса банклар нақд валютани эркин сотишни бошлади.

Бунгача, охирги ҳафталар давомида Марказий банк сўмни одатдагидан кескинроқ қадрсизлантиришга қаратилган монетар сиёсат юритишга киришганди. Оқибатда бир АҚШ долларининг қиймати 9000 сўмдан ошиб кетди. 

Нақд валюта сотуви йўлга қўйилган куни эса доллар курси биржа савдоларида 9384 сўмгача кўтарилди, яъни бирданига 323 сўмга қимматлади. 

20 август куни банклар бир АҚШ долларини 9 450 сўмдан сотишни, 9 200 – 9 350 сўмдан сотиб олишни бошлади. 

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов шу муносабат билан ўтказилган матбуот анжуманида “валюта курсининг ошиб боришига валютага бўлган талабнинг ортаётгани таъсир кўрсатаётгани”ни билдирди.  

“Жорий йил 1 октябрдан бизнес, тадбиркорлик соҳасидаги бир қатор имтиёзларнинг бекор бўлиши ҳам бунга таъсир қилмоқда”, деди МБ раиси. 

Унинг фикрича, инфляцияни тўхтатиш, нархларни пасайтиришнинг ягона йўли рақобат ва инвестицион эркинликни кучайтиришдир.

Бундан аввалроқ сўмнинг қадри тушиб кетаётганининг сабабларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлмиш мамлакатларнинг миллий пул бирликлари кучсизланиб бораётгани айтиб ўтилганди. 

Ўзбек сўмининг бундай кескин қадрсизланиши мамлакатда коммунал хизматлар, йўл ҳақи, бензин ва бошқа маҳсулотлар нархи ошиши фонида юз бераётир. 

Молиявий таҳлилчи Абдулла Ғаниевнинг “Элтуз”га айтишича, бу ҳолат халқнинг янада қашшоқлашишига олиб келади. 

“Мамлакатимизда турли хизматлар ва маҳсулотлар нархининг ошиши шундай ҳам бозорларда нарх-наво қимматлашувига сабаб бўлаётганди. Сўмнинг долларга нисбатан қадри пасайгани нархлар янада кўтарилишига олиб келиши эҳтимоли юқори. Бу эса истеъмолчиларнинг харид қобилиятини кескин пасайтириб юборади”, деди таҳлилчи. 

Унинг таъкидлашича, бозорлар яна барқарор нархларга қайтиши учун анча вақт талаб этилади. Лекин ҳозирги беқарорликнинг оқибати халққа салбий таъсир этади. 

“Оддий мисол. Дейлик, ишчи шу кунгача 300 АҚШ доллари эквивалентида маош олиб келган. Лекин доллар курсининг кўтарилиши бу маошнинг 270-280 доллар эквивалентига тушиб қолишига сабаб бўлади. Яъни оддий ишчи арзимас вақт оралиғида 20-30 доллар йўқотяпти. Бу эса унинг кундалик ҳаётига таъсир этмасдан қолмайди”, деди Абдулла Ғаниев “Элтуз” билан суҳбатда. 

Таҳлилчининг таъкидлашича, ҳозирги кунда сўм қадрсизланишининг занжирли реакция тарзида давом этиши эҳтимоли борлиги энг таҳликали ҳолатдир. 

“Шунинг учун бундай жараён хавфининг олдини олиш ҳукуматнинг, Марказий банкнинг бирламчи вазифаси бўлиши шарт”, деди А.Ғаниев.

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 декабр 2017
Кўп пул ишлаб, машина ва уй олиш учун хотинини фоҳишаликка ундаган ўзбекистонлик эркак жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда 30 ...
11 июн 2018
Яқинда ОАВ вакиллари билан учрашган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси, президентнинг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ўзининг зўравонлиги билан ...
17 ноябр 2020
Фарғона вилояти Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраевнинг ўз қўли остидагиларни сўкишлари акс этган аудио 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ...
9 январ 2017
Шўролар даврида бир фантастик фильм бўларди. Ерликлар яхши ўзга сайёраликларга ёмон сайёрадошлари устидан ғалаба қозонишига ёрдам бериши ҳақида эди ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...