Асосий мавзулар
23 август 2019

Сайлов нималигини билмайдиган ўлка

Давлат сиëсати бошқарилади. Сиëсатни сиëсатчилар амалга оширади. Сиëсатчиларни эса халқ гап-сўзи, бўйи-басти ва тарбиясига қараб сайлаб, танлаб олади.

Танлов – инсонга берилган олий ҳуқуқ. Бозорга борсангиз, меваларнинг яхши пишганини танлайсиз. Дўст ëки умр йўлдошини танлайсиз.

Афсус, ҳар нарсага танлов бор бу ўлкада раҳбар танлаш тажрибаси йўқ. Илгари замонда хон ўлиб, ўрнига янги хон бўлса, одамлар буни жарчидан эшитган.

Совет даврида кетмон сопини кўрсатиб, мана шу раҳбар деса, одамлар бўйсуниб кетаверган. Мустақилликнинг 30-йилида ҳам сайлов нималигини билмай, бизни тепкилаган оëқларга сиғиниб юравердик.

Шу йилнинг 10 январида президент Шавкат Мирзиëев видеоселекторда сўзга чиқиб, сайловлар эркин бўлади, деб айтди.

Парламент сайлови. Кутайликчи, янги сайловнинг бурунги сайловдан фарқи қандай бўлар экан. Ўзбекистон эли ўзининг янги ва эски тарихи орасида бир муддат эркин бўлиб, депутатлари ҳатто президентни муқобил асосда сайлашга уриниб кўрган эди. Шу кичик тажриба иштирокчиси сифатида ўтмишни эсласам.

Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир…

1991 йилнинг 29 декабри тонггини аниқ-тиниқ эслайман. Соат эрталаб тўртда турдим. Осмон қоп-қоронғи. Қақшатқич совуқ суяк-суякдан ўтади. Ўрнимдан туриб, пиëдалаб Урганч университетидаги сайлов участкасига бордим (ўша ерда кузатувчи эдим).

Танлов тонгги ëки 10 минут мушоҳада

Фавқуллода жиддий эдим. Бу тонгнинг миллат тонготари бўладими ë зулматда қолаварамизми, деган савол-жавоби топиладиган тонг эканини мутлақ англар эдим.

Уйимдан университетгача бўлган масофани ўн минутда босиб ўтдим.
Ўша ўн минут ичида зиммамиздаги маъсулиятнинг нақадар катталигини ўйладим.

Танлов тонгги эди. Аммо бу танлов бир мартами ëки бир умргами, бу савол жавобини сайлов қутиси олдига келган ватандошлар топиши лозим эди.

Сохтакорлар билан кураш

Сайлов участкасига етиб борганимда оближрокомга оид «Виллис» машинасида облкомсомолда ишлайдиган икки йигитча мендан олдин келиб, олдиндан таëрланган сайлов варақаларини пачкаси билан ташлашга уринган-у, аммо бу уриниш амалга ошмаганини билдим.

Сайлов участкасида қоровуллик қилган рассом болалар бу ҳаракатга йўл беришмаган.

Облкомсомолда ишлайдиган йигитнинг оëқ-қўлини арқон билан боғлаб, ерга ëтқизиб қўйишибди.

Унинг қўлида Каримовга овоз берилган 431 дона сайлов варақаси.
Мен милиция чақириб, бу комсомол йигитни сайлов қонунини бузган ҳуқуқбузар ўлароқ таслим қилдим.

Ўша пайт милицияси ҳам «Эрк» тарафида эканини эслайман.
Комсомол болани боғланган кўйи 15 сутка ҳибсга олиб кетишди.
Каримовга овоз берилган сохта варақаларни қутига ташлашга уринган Урганч туманидаги мактаб директорини эса курсига тескари боғлаб қўйиб, видеога олиб, айбига иқрор қилдиришганига ҳам гувоҳ бўлдим.

Чегара билмас докторлар ва соҳибжамол коммутаторлар

«Эрк» бош штаби горздрав биносида эди. Горздрав бошлиғи эркчи Ҳакимбой ака бинони сайлов учун бўшатиб берди. Рассом Давронбек Йўлдошев ўзининг янгигина 07 «Жигулиси»ни сайловда хизмат қилиш учун баки тўла бензини билан ажратиб берди.

Урганчдаги маршруткачи йигитлар ҳам ўз машиналарида «Эрк»ка хизмат қилишди.

Ўша пайтда мобил телефон йўқ эди. Урганч ГТСдаги телефончи қизлар ҳам «Эрк» аъзоси эди.

Бу соҳибжамол ватанпарварлар бутун вилоятдаги эркчилар орасидаги алоқани таъминлашди.

Шуни сал тушунтириб берсам. Масалан, мен турган университет биноси олдида телефон автомат бор эди.

Мен бу автоматга тийин солмасдан 09 ни териб, Султонпошшани сўрар эдим. Султонпошшо (ГТС бошлиғи) мени хоҳлаган одам билан улар эди. Масалан, Тошкент билан ҳам улаган.

Демократия учун аталган гуммалар

Овоз берилган сандиқларни қўриқлаш масаласи фавқуллода жиддий эди. Урганчдаги худфонддниг 30 дан ортиқ ходими бунга жалб қилинди. Улар ҳатто овқат ейиш учун ҳам сандиқ ëнидан айрилишмади. Обшепит тизимида ишлайдиган эркчилардан бири бу назоратчиларни овқатлантиришни ўз зиммасига олди.

Махсус машинада барча сайлов участкаларидаги кузатувчиларга овқат етказиб берилди. Ўша кунги меню эсимда. Гумма, қайнаган тухум ва нон. Термосда қайноқ чой. Шакар. Қаҳатчилик даври учун катта нарса эди. Демократия учун эҳсон қилинган гуммалар эди бу.

Радиохулиганлар

Сайлов учун давлатдан бир тийин олмадик. Ҳар ким қўлидан келганича ëрдам берди.

Янгибозорлик Комилжон оға бир сезон шолисини сотиб пулини берди.

Хивалик ўймакор уста эса иккита эшикни сотиб пулини берди.
Бу пулларга сайлов плакатларини қўлбола усулда босиб чиқардик.
Давлат ТВ ва радиосида чиқиш лимитланган эди. Шу боис, биз радиохулиганлар қўлига пул бериб, ҳар куни сайлов тарғиботи янграган кассеталарни қўйдирдик.

Овозларни санаш

Сандиқдаги овозларни санаш чоғи мен меҳнат самарасини кўрган ишчи каби севиндим.

Йил бўйи ишлаб, мўл ҳосил олган деҳқон каби шодландим. Шоҳ асарни яраган рассом каби ғурурга тўлдим. Одамлар Муҳаммад Солиҳга овоз беришган эди.

Битта воқеани яхши эслайман. Юролмайдиган қари кишилар учун махсус қути бор эди. Бу қути МСКга оид машинада сайловчининг уйига олиб борилар эди.

Хонимжон момо деган 90 дан ошган кампирнинг уйига бордик. Хонимжон момо «Мен Соғлиқ деган киши учун овоз бераман», деди.

МСК ҳодими Соғлиқ дегани ким у, деб савол берди. Кампир кўрпачанинг тагидан плакат чиқариб, Муҳаммад Солиҳнинг расмини кўрсатди. Овоз бериб бўлинганидан кейин МСК ходими кулиб, «Эна, сиз улли ëшуллига қарши овоз бердингиз-ку», деди.

Кампир бўлса, «Майли, шунинг учун мени қамаса қамай қўйсин», деб жавоб қилди.

Овозларни санар эканмиз, ҳукумат вакилларининг юзлари бездай оқара бошлади. Баъзиларининг юраги ëмон бўлиб, доктор ҳам чақирдик. Каримовнинг ютқазгани¸ ютқазганда ҳам шармандали ютқазгани аëн эди. Аммо сохтакорлик билан тахтда қолишга муваффақ бўлган Каримов то ўлганига қадар эркин сайлов деган нарсадан ўлатдан қочган каби узоқ турди.

Бунинг оқибатда Ўзбекистон сайлов нималигини билмайдиган қолоқ ўлка бўлиб қолди. Буларни эслашдан мақсад келаси сайловларда фаол бўлайлик. Токи фарзандларимиз бизни лаънатламасин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
7 сентябр 2020
Бизда бугундан совуқроқ кузак шамоли бошланди. Мен каби совуққа юпқа одамлар енги узун кўйлак кийиб олдик. Бир бошдан ҳосилларни ...
21 ноябр 2023
Ўзбекистон Х фактор шоусини ўтказадиган дунëдаги 58 давлатдан бири бўлди. Қадрли мухлислар, бугунги мавзуимиз 19 ноябр куни 12 нафар ...
20 июл 2016
Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комиловнинг ўзи билан содир бўлган воқеани айта туриб, Тошкентга вилоятдан келаётганларни уят гап билан сўкканини ...
1 январ 2017
Рассом Адолат Элтузга жўнатган навбатдаги карикатурасини Янги йил мавзуига бағишлайди. Унинг бу сафарги қаҳрамони, қаҳратон қишда Қорбобони кутиб олаётган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...