Кўзқараш
7 сентябр 2020

Яхши яшаш дегани нима ўзи?

Бизда бугундан совуқроқ кузак шамоли бошланди. Мен каби совуққа юпқа одамлар енги узун кўйлак кийиб олдик.

Бир бошдан ҳосилларни йиғиштиряпмиз. Ҳосил йиғиштириш декабрь ойигача чўзилади.

Беш-тўрт кунда пахта терим ҳам бошланиб қолар. Ариқларда тиниқ сув оқяпти. Буғдой ўрнига экилган тарвузлар ҳам сотувга чиқди. Ёнғоқлар қоқиляпти. Кўк олмаларни хомлигича узяпмиз. Ҳозирча беҳи, анор, хурмо пишмади. Энг кеч хурмо пишади.

Кўк қалампирларни бутунича ё майдалаб тўғраб бакалашкага беркитяпмиз. Бизнинг Қўқон томонларда қалампирни кўп ейишади.

Дарвоқе, Қўқонданмас, Қўқонга яқин қишлоқданман, Қўқон шаҳрини мўлжал учун тилга оламан. Қишлоқданман. Қишлоқиман. Асло шаҳарлик эмас.

Хуллас, деҳқончилик мавсумимиз ниҳоясига етяпти. Зерикарли, кўнгилда соғинч туйғуларини уйғотадиган хазон фасли бошланяпти.

Шу кунларда мен ҳам роса зерикиб, алланарсалар соғиниб юрибман.
Қуш бўлсайдим, иссиқ ўлкаларга учиб кетармидим.

Ё биронта бегона аёлга севги изхор қилиб кўнглимни хуш қилаймикан. Интернет замонида аёл билан танишиш осон. Зерикиш бор кўнгилда.

Ароққа ҳушим йўқ, ичмайман. Кўпчилик ўртоқлар зерикишни ароқ ичиб кетгазмоқчи бўлади.

Ковид-19 деган балоям пайдо бўлди. Қачон менга етиб келаркан, деб хавотирланасан. Қишда нима бўларкин.

Ташқарида шамол эсяпти. Айвонимда нимадир тарақлади. Деразам берк. Аммо эшик қия очиқ. Шамол ҳаво ҳароратини пасайтиради. Ҳаво пасайса, ўт-ўланлар ҳам ўсишдан тўхтайди.

Эҳ, ёшлик қайтиб келмаслиги ёмон. Бу ёғига йил сайин эски девордек чўкиб, қийшайиб бораверамиз ва кунлардан бир кун қулаймиз.

Инсон умри минг йил бўлмайдими, барибир ўтади, ўтгандаям тез ўтгандек туюлади. Тананг қариб бораверади, йил сайин суякларинг мўртлашади, қонинг совийди, лекин кўнгилдаги дунё ҳаваси бир хилда яшнаб тураверади. Балки одамнинг фожиаси кўнгли қаримаганидадир.

Ташқарида шамол пасайди. Лекин ҳаво озроқ совиди. Шундай. Кўнгилда кузги зерикишлар, соғинчлар уйғонди.

Кузда кам гапираман. Одамлар билан гаплашиш истаги ҳам пасаяди.
Куз – ёлғизликдан кўнгил ором оладиган фасл.

Жим туриши керак бўлган кимсалар саёз дарё каби тинмай шанғиллаб гапираверади.

Гапириши зарур бўлган зотлар эса тош каби сукутда. Сен эса ҳақ қайда, ноҳақлик қайда, била олмай ҳалаксан.

Гапириши керак бўлган зотлар сукути мунча узоқ чўзилди…

Саёз дарё эса қиёматгача қўшиғини ўзгартирмайди – шанғиллайверади.

Тош каби сукутда қотган эй аҳли донишлар. Эрта бир кун тошдек сукутларингни йўниб, шайтонга ҳайкал тикланса, не тонг.

Мана бу одамни қаранг. Баланд бўйли. Қорни олдида осилиб туради. Оёқлариям роса семиз, юрганида сонларим бир-бирига ишқаланади. Бўйнидаги ёғнинг ўзи беш килоча бор. Бетиям катта, гўштдор. Икки яноғи ва пешонасида қорамтир доғлар пайдо бўлган. Юрганда пишиллаб нафас олади. . Ҳатто сокин ўтирганида ҳам ҳансираш, пишиллаши босилмайди.

Чўнтакда пули кўп. Бу одам фермерлар буғдой топширадиган заводдаги мансабдор.

Қанақа қилиб кўп пул топишини айтиб ўтирмайман…

Мана, ўтган куни ортидан қомати гўзал, тор шим кийган, бетлари лўппи ёш аёлни эргаштириб (хотини эмас, ўйнаши ҳам эмас) туман марказига яқин қишлоқдаги балиқхонага кириб келди.

… Товба. Бу мунча бесўнақай. Танасининг ҳамма жойи семиз. Бўйин ва елкасидаги ёғ кесиб олинса, бир тоғора ёғ чиқади. Қурғурнинг пишиллашини қаранг. Семиз бўлганидан кейин пишиллайди-да. Семиз одамнинг жигари ва юрагида жиддий муаммолар бўлади. Улар узоқ яшамайди. Одатда аҳмоқ одам кўп пул топса семиради. Лекин ортидан эргаштириб олган ёш аёл ғоят сулув экан. Ўрнимдан шарт туриб бесўнақай эркакни елкам билан қаттиқ туртсам бир ёнбошга йиқилиб инсультга чалинади ва қайтиб турмайди, ортидан эргаштириб олган сулувга мен эгалик қиламан. Лекин чўнтакда ортиқча пул йўқ, сулувни балиқ билан қанақа қилиб сийлайман.

Тўғри. Чўнтакда пул бор. Аммо у пулга оилам учун қовурилган балиқ сотиб олмоқчиман. Демак, бесўнақай эркакни туртиб йиқитсам ҳам сулув аёл мен билан кетмайди. Дарвоқе, сулувни олиб борадиган алоҳида жойим ҳам йўқ. Бесўнақай эркак салкам даббага айланиб бўлган. Семиз, ҳансираб нафас оладиган, қони бузилганидан бетида қорамтир доғлар пайдо бўлган эркак ёш ва кўркам аёлни қиёмига етказиб эркалай олмайди, бу ишни ёшлар эплайди, лекин ёшларнинг чўнтагида пул йўқ, кўпчилиги энасининг пенсиясини тиланиб юради. Пул йўқ жойда сулувлар бўлмайди.

Яхши яшаш дегани нима ўзи?

Орқасидан гўзал, юзи ва бўйнилари оппоқ ёш аёлни эргаштириб олган чўчқадай анов эркак мендан яхши яшайдими?

Яхши яшаш гўзал хонимларни балиқхонага олиб киришми?

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат кузатишлари билан танишдингиз

Тағин ўқинг
13 феврал 2019
Ҳукумат тили билан тадбиркорлик ривожи учун турли имтиёзлар ва енгилликлар берилаётганини овоза қилаётган бир пайтда қўли билан ишбилармонларнинг бўғзидан ...
15 октябр 2018
Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Арнасой тумани бозорлари ёпиб қўйилди. Бозорларнинг дарвозалари фақат кечки 17:00да очилмоқда. Бозор қоровулларининг билдиришича, «катталар» ...
20 декабр 2018
«Божалар» гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов 18 декабрь куни сийқаси чиққан «дигидон-дигидон» қолипидаги «Селфи» деб аталган янги клипини тармоққа қўйди. ...
7 май 2019
Ўзбек тилига кириб келган яна бир дурагай сўз ижтимоий тармоқ юзерлари танқидига нишон бўлди. Фейсбук тармоғига қўйилган оддий чинни ...
Блоглар
25 май 2021
Ўзбекистонда яқинда ўтказилган сўровнома респондентларнинг 10 фоиздан кўпроғи оиладаги зўравонликка қарши эмаслигини кўрсатди. Бу мамлакатдаги гендер муносабатлардаги ташвишга соладиган ҳолатдир. Бу ҳақда Eurasianet нашри ёзди. 15 май куни БМТнинг ...
19 май 2021
Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар 9 май ...
18 май 2021
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу сурат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда ...