Асосий мавзулар
13 сентябр 2019

РТдан ваъз: «Бу турфа гуллар, айтинг…»

Жамоатчилик босими нима дегани? Буни машҳур рус рассоми Вячеслав Зайцев айтиб берган эди. Зайцев кичкиналигида барча совет болалари қора сатиндан бўлган труси кийиши керак бўлган.

Зайцевнинг ота-онаси унга чет элдан келтирилган сифатли оқ труси кийдириб, боғчага юборган. Боқча опа Зайцевни бошқалардан фарқли иштон кийгани учун стул устига чиқариб қўйиб, сазойи қилган.

Эртасига Зайцев “Bon Bon Bodywear” ëрлиқли трусигини ечиб ташлаб, “Красний большевик” артелида тикилган арзон сатин иштон олиб беришларини онасидан кўзида ëш билан талаб қилган.

Боғчадаги жамоатчилик босимининг оқибати эди бу. Бугун ҳам Ўзбекистонда айни ҳол. Масалан, мамлакатдаги барча мактаб ўқувчиларидан бир хил кийим кийиш талаб қилинмоқда.

Мактаб ёшидаги миллионлаб болаларнинг мактаб формасини кийишидан фақат кичик бир коррупцион гуруҳ манфаатдор бўлиши мумкин.

Агар бир хил рангдаги мактаб формаси кийган боланинг билими ошганида эди, Шимолий Корея дунёда энг илғор давлатга айланган бўлар эди.  

Ҳаммага бир хил тўн бичаётган гуруҳ ҳамиша бичимни ўз қаричи билан ўлчашга ўрганган.

Худди шундай жиҳат тармоқнинг ўзбек сегментида кузатилмоқда. Сегментдаги битта қатлам барчани босим остида тутишни истайди.

Яхшиси бу ҳақда Асадулла Жўраев фикрини келтирсам:

“Фейсбукдаги ўзбек интернет сегментининг фожеаси – бу тармоқни догма ва нотолерант фикрлайдиган мутаассиблар жуда узоқ вақтдан буён майдон қилиб олгани.

Ҳар қандай масалада ўзларининг фикрларини ўтказишга ҳаракат қилишади.

Ҳар қандай дунёвий пост қўйилса ҳам улар ўз уставлари билан етиб келишади.

Жуда кўпи реал эмас, балки фейк аккаунтлар. Ижтимоий фикр яратишмоқчи бўлишади”.

Тармоқнинг яна бир фаоли Нурилла Норчаевич мана бундай ëзади:

“Бу диндорлар аёлларимизни гей бола туғишда айблаб чиқишди.

Сериалларни таржима қилган артистларни хоинликда айблашди. Кўчада юришга қўрқиб қолдик. Қачон қарасанг, соқол қўй, намоз ўқи, зиёфат бер, деб талаб қилишади. Эртага афғонларга ўхшаб қолишимиз ҳеч гап эмас бунақа кетишда”.

“Ўзгаларнинг эркин танловини чеклайдиган жамият фақат ўзини чеклайди”, дейди “маънавиятчилар”га қарши фикрлари билан ижтимоий тармоқда машҳур бўлган тошкентлик тадқиқотчи Рафаэл Сатторов.

“Мана, қамалган блогерларнинг бир Зиёвуддин Раҳим. У ўзининг диний фикрлари билан бошқа шахсларнинг эркин танловига қарши бўлган рўмол ўрамаган аёлларни фоҳишаларга тенглаштирган, сериал артистларини ватан хоинлигида, фарзандларига ҳаром луқма едирганликда айбловчи фикрлар билдирган. У бошқалар эркини чекламоқчи эди, мана ўзига қайтиб келди шу нарса…”.

Дунёда ривожланган мамлакатларнинг турфа фикрлиликни қўллаб- қувватлашида чуқур мантиқ бор. Чунки шусиз на жамият, на давлат ривожланмайди.

Шу маънода, сўнгги воқеа – мамлакат фермерлари етакчиси Актам Ҳайитовнинг ижтимоий фикр яратишга уринишини эсласак.

Нима эмиш, Ўзбекистонда гўштнинг қимматчилганига аҳолининг кўп эт еб ташлаётгани сабаб бўлаётганмиш.

“Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти, деб ўйлайсизлар?.. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни “Америка касаллиги” дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ”.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитовнинг бу парадокс гапи овқатига бир бўлак гўшт солиш имкони бўлмаган камбағал халқни масхаралаш каби туюлди.

«Одамлар ҳафтасига оладиган икки кило гўшти бир килога тушганига анча булди. Умуман, гўшт емасак, сизлар тўясизларми???” дея ёзди Ҳамза Али исмли фейсбук юзери.

 “Амалдорнинг “Биз жуда кўп гўшт емоқдамиз”, деган гапини ўқиб, ҳар қандай оддий одам “Бизчи?!” деса керак», дея киноя қилди Анвар Мустафо.

«Қишлоқларда камқон бўлмаган аёл йўқ ҳисоби. Витамин етишмаслигидан болалар учун давлат бепул мультивитаминлар тарқатишга мажбур бўляпти. Бу кишим эса “кўп гўшт еяпмиз” дейдими-ей”, дея изоҳ қолдирди у.

Фермерлар кенгаши раисининг гаплари бозорда гўшт 55-60 минг сўмга чиқиб кетганини эслаган Муяссархон Тўхтасинованинг ҳам фиғонини чиқарди.

«Амалдорлар, хотиржам бўлинглар, гўшт емай қўйганмиз, чунки пулимиз етмаяпти. Сизлар туфайли нон ҳам еёлмасак керак”, дея ёзди у.

«Балким биз кўп нафас ҳам олаётгандирмиз, бўйнимизга счётчик қўйиб берсин тариф билан, ойига қанча нафас олиш керак деб…”, дея ёзғирди Оксана Рогожка исмли юзер.

«Америка» касалига учраган фермерлар кенгаши раисини қўлловчиларнинг эса ўз амалдорини ҳимоя қилишга аргументлари ҳам қолмади.

Турфа фикрлар асносида Ўзбекистонда гўшт тақчиллигига аслида чорвани ривожлантиришни эплай олмаётган қишлоқ хўжалиги ва фермерлик кенгаши амалдорининг ўзи айбдорлиги кўриниб қолди.

Турфа фикрларга тақиқ қўйилган мамлакатда жамиятга бундай ҳолатга кескин тўсиқ қўйилган бўларди.

“Муҳташам юз йил” фильмида Султон Сулаймон турфа ранг чечаклар чаппар урган гулзорга қараб туриб, “Яратган турлиликни севади. Агар бунинг тескариси бўлсайди, у фақат бир турли гул яратарди. Бир турли қуш, фақат бир хил одамларни яратган бўларди. Айни пайтда қарагин, биз жуда ҳар хилмиз. Бу боғ унда турли гуллар бўлгани учун чиройли”, дейди фильм қаҳрамони.

Турфаликни рад қиладиган босим бизни туссиз, рангсиз, танқидий таққослаб фикрламайдиган қулларга айлантириши мумкин.

Ўсимлик ортиқча намдан қийналгани, мойчироқ эса мой кўплигидан ўчиб қолгани каби одамда ҳам ортиқча босим остида чўкиш таҳликаси бор.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
30 май 2020
“Элтуз” мухбири Фарғона вилояти телевидениеси журналисти Усмонжон Қодиров 28 май куни 15 суткага қамалиб, кейин жазо муддати 2 суткага ...
10 май 2018
Эрамиздан олдинги VI-V асрларда яшаб ўтган, «Дао Де Цзин» асарини ёзган қадимги хитой файласуфи Лао Цзи сўзлари 9 майни ...
3 июн 2022
Мана, ғир этиб бир ҳафта ўтдию кетди. Ҳафта ичида қонхўр рус босқинчиларининг ëш гўдаклар, қизларни зўрлаб ўлдиргани, аëллар, кексалар ...
4 май 2018
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 30 апрель кунги ташрифи чоғида сўзлаган нутқида Ўзбекистонни ўз ота юрти дея таърифлади. «Ота ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...