• Оилавий архивдан: Қулжонава Ўғилой икки қизи билан
Document UZ
30 октябр 2019

Cуд икки болали ёлғиз онани уйидан ҳайдаб чиқармоқда

31 октябрь куни Жиззах шаҳри апелляция суди 35 яшар Ўғилой Қулжонованинг ўз уйидан мажбурий чиқарилиши юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқади. Шу йилнинг сентябрида Дўстлик туманлараро суди бу ёлғиз она ва унинг вояга етмаган икки фарзандини уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш юзасидан даъвогар Абдумалик Исломовнинг даъвосини қондирган эди.

Жавобгар Ўғилой Қулжонова вояга етмаган фарзандлари билан биргаликда Пахтакор туманидаги  намунали уй-жойдан «мажбурий тартибда чиқарилсин», дейилади суд раиси Т.Ҳакимов 5 сентябрь куни имзолаган ҳал қилув қарорида.

Ўғилойни уйдан чиқариш юзасидан суднинг ҳал қилув қарори

Уй сотилгани ҳақидаги тилхат

Ўғилой Қулжонова намунали уйни 2017 йили собиқ эри Акром Қулжонов билан биргаликда 42 миллон сўмга харид қилгани, бу ҳақда унинг қўлида даъвогар имзолаган тилхат борлигини «Элтуз»га айтмоқда.

«Мен, Исломов Абдумалик, ҳақиқатан ҳам Янги массив ҳудудидаги уйимни 42.000 (қирқ икки) миллион сўмга Қулжонов Акромга сотдим. Ушбу хатни ўз қўлим ва сўзим билан ёздим», дейилади 2017 йилнинг 6 декабрида Абдумалик Исломов берган тилхатда.

Исломов Абдумалик имзолаган тилхат

Қулжонованинг суддаги адвокати Нурик Намировнинг «Элтуз»га берган изоҳига кўра, суднинг бу қарори Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 112-моддаси 2-қисми, Ўзбекистон Олий Суди Пленумининг 22.12.2006 йилги 15-қарори 4-қисмига зиддир.

«Биринчидан, менинг мижозим вояга етмаган икки қизалоқнинг ёлғиз онаси, иккинчидан эса у бу уйни харид қилган. Даъвогар бу ҳақда тилхат ёзиб берган. Яшаган даври учун ҳам квартира ҳақини ойма-ой тўлаб борган», дейди Намиров «Элтуз»га берган интервьюсида.

ИИБ ходимлари бўлган қариндошлар бошлаган можаро

2004 йили Ўғилой ИИБ зобити Акром Қулжоновга турмушга чиқади, улардан икки қизалоқ дунёга келади. Эри эса уни ўғил меросхўр туғишга лаёқатсизликда айблаб, муттасил калтаклар эди. Ўтган йилнинг декабрида навбатдаги калтаклашдан сўнг 6 кун шифохонада ётиб чиқади.

Ўғилойнинг собиқ эри, айни пайтда ИИБ зобити Акром Қулжонов

Ҳатто аёлининг ҳомиладорлиги ҳам эркакни тўхтата олмайди. Жорий йилнинг январида навбатдаги калтаклаш пайти Ўғилой икки ойлик ҳомиласини йўқотади.

«Эрим билан узоқ яшамадик. Жанжал оддий, ўғил туғмаяпсан, деган гапдан чиқди. Шу йилнинг январь ойида ажрашдик. Мени уриб-уриб, битта хонага қамаб қўйишди. Уйдаги барча жиҳозларни катта бир машинага юклаб олиб кетишди. Милиция бошлиғи бўлган қайним (Икром Қулжонов) можаро устига етиб келган участкавой милицияга ҳам аралашмасликни буюрган эди ўшанда», дейди Ўғилой.

Ўғилойнинг фикрига кўра, унинг уйидан маҳрум қилиниши собиқ эрининг ўч олишда давом этаётганини англатади. У суд можаролари тепасида Учтепа тумани ИИБ тезкор ходими бўлган собиқ эри Акром Қулжонов ва унинг акаси, Дўстлик тумани ИИБ бошлиғи подполковник Икром Қулжонов турганини иддао қилмоқда.

Унинг «Элтуз»га билдиришича, бугунги кунда собиқ эри судга ҳам таъсир ўтказиб, уни ва вояга етмаган икки қизини уйсиз қолдириш тараддудига тушишган.

31 октябрь куни Ўғилойнинг апелляция шикоят аризаси юзасидан сўнгги суд мажлиси кутилмоқда. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 апрел 2021
(Рассом Туз аудиоҳикояси матнининг давоми) Ўқувчида Қўйлига хиëнат қилган Уллибийининг кейинги ҳаëти нима бўлди, деган савол туғилиши табиий. Бу ...
13 апрел 2020
13 апрель соат 06:00 дан бошлаб Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани ҳудудида транспорт ва фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилади. Истисно ...
2 октябр 2017
Ўтган ҳафта охирида Рус патриархи Кириллнинг Ўзбекистон бўйлаб сафари бошланди, шунингдек Тошкентда Россиянинг янги ароқ заводи қурилиши ҳақидаги хабарлар ...
4 июн 2018
Муҳаммад Бекжонни 2002 йилнинг 30 апрелида Зарафшон зонаси бошлиғи ўринбосари Бахти исмли бақалоқ подполковникнинг олдига олиб киришади. У билан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...