Асосий мавзулар
14 июн 2020

Давлатнинг миллиарди қандай қилиб миллион бўлиб қолгани ҳақида

Фарғона вилоятида давлатга қарашли мол-мулкнинг талон-тарож қилиниши, яъни атайин арзон нархларда хусусий қўлларга ўтишида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ҳам бевосита иштироки бор.

Айни шу иддао билан “Элтуз”га йўлланган мурожаат эгасининг билдиришича, бу талон-тарожликлар “Фарғона агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамияти (ҲАЖ) мулклари билан боғлиқ.

Мурожаатда айтилишича, ҲАЖга қарашли “Фарғона кимё” шўъба корхонасининг мулкчилик шаклини МЧЖга ўзгартириш вақтида “Фарғона агрокимёҳимоя”нинг улуши 67 фоиз (281 205.0 минг сўм), “Кимё савдо Олтиариқ” ихтисослашган савдо корхонаси улуши эса 33 фоиз (138 794.8 минг сўм) этиб белгиланган.

Янги МЧЖга эса Каромат Маматова, яъни “Фарғона агрокимёҳимоя”нинг ҳозирги кундаги директори раҳбар этиб тайинланган.

Қинғирликлар кейинчалик “Фарғона агрокимёҳимоя”нинг “Фарғона кимё” МЧЖ таъсисчилигидан чиқарилиши даврида рўй берган.

Айни шу жараёнда ҲАЖнинг Янги Марғилон шаҳарчасида жойлашган асл бозор қиймати 2 миллиард сўмликдан ортиқ бўлган бино-иншоотлари ва асосий воситалари қонунга зид равишда баҳолатилмасдан Каромат Маматова таъсисчиси бўлган “Кимё савдо Олтиариқ” ихтисослашган савдо корхонасига баланс қиймати, яъни 77 205.2 минг сўм ҳисобига бериб юборилган.

Бунинг эвазига эса “Фарғона агрокимёҳимоя”га 1 та “Ласетти” ва 1 дона “Газ 53” автомашиналари, концелярия ва махсус кийим-кечак моллари олингани тўғрисида сохта қарор расмийлаштирилган.

2018 йил 24 октябрда бу қинғирлик бўйича Фарғона вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарликлар оқибатида “Фарғона агрокимёхимоя” ҲАЖ акциядорлари манфаатларига 373 млн сўм миқдорда зарар етказилгани аниқланган.

Шунга қарамай, давлат мулкини талон-тарож қилишда асосий ролни ўйнаган ҲАЖнинг ўша пайтдаги раҳбари Носиржон Қодиров нафақат кўрсатиб ўтилган зарарни қопламаган, балки омбор биносининг давлат мулкига қайтарилиши ҳам таъминланмаган. Прокуратура эса ундан кейинги директор Аббосхон Азизовни жавобгар сифатида кўрсатиб, ишни судга оширган.

Фарғона шаҳри жиноят ишлари суди Каромат Маматова ноқонуний ўзлаштириб олган омбор биноларига умуман эътибор қаратмаган.

“ҲАЖга Аббосхон Азизов раҳбарлик қилаётган даврда “Фарғона агрокимёҳимоя”нинг Бувайда тумани Жалойир қишлоғида жойлашган омбори бинолари 183.0 млнга сотилган. Улар Каромат Маматова ўзлаштирган омборлардан ҳажми ва майдони жиҳатдан бир неча бор кичик бўлишига қарамай, 2-3 баравар қимматга сотилган.

Прокуратура эса Каромат Маматованинг босими остида Аббосхон Азизов даврида Данғара туманида хусусийлаштилган 2 та омборни ноқонуний сотилган, деб топган. Ҳолбуки, кейинчалик иқтисодий ишлар бўйича Фарғона туманлараро судининг апелляция инстанциясида улар қонуний сотилгани ўз тасдиғини топди”, дейди “Элтуз”га мурожаат этган шахс.

Унинг билдиришича, “Фарғона агрокимёҳимоя”нинг ҳозирги раҳбари Каромат Маматова (ўша 2 миллиардлик омборни 77 миллионга ўзиники қилган шахс) ҳамон давлат манфаатларига зарар етказишда давом этмоқда.

Каромат Маматова ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, кимёвий воситаларни бозор баҳосидан бир неча баробар қиммат нархларда сотиб олишда давом этмоқда (“Элтуз”да бу кимёвий моддаларнинг номлари ва улар учун сарфланган маблағнинг суммаси тўғрисида маълумотлар бор). Биргина 2019 йилнинг 3-4 ойи мобайнида бу борада тузилган шартномалар қийматининг ўзи 10-15 миллиард сўмни ташкил қилади.

“Бу ерда жуда катта “откат” бор. Энг ёмони, эҳтиёждан ортиқча сотиб олингани боис муддати ўтиб қолган кимёвий воситаларнинг суммаси бир неча млрд сўмни ташкил этади. Аммо Каромат Маматовага ҳеч ким чора кўраётгани йўқ”, дейди мурожаатчи.

Унинг мурожаатида давлат мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ яна бир неча ҳолатлар тилга олинади.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, бу қинғирликларда иштирок этган “Фарғона агрокимёҳимоя” ҲАЖнинг собиқ директори Носиржон Қодиров вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг “қўғирчоғидир”.

“Фарғона кимё” МЧЖ Ғаниевларга қарашли. Янги Марғилондаги омбор бино-иншоотларининг ўта арзон нархда сотилиши ҳам Ғаниевнинг кўрсатмаси билан амалга оширилган”, дейди мурожаатчи.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 январ 2016
18 январ куни эрталаб соат 10 да туман хокимлигига чақирилган Ширин Турсиновани ҳокимлик биносида, хоким Ғофур Қаршибоевнинг муовини Фотима ...
27 октябр 2020
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мамлакатнинг ўзида етиштириладиган Ўзбекистонда нега кейинги даврда гўшт, тухум ва ўсимлик мойи каби озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаб ...
25 октябр 2023
МТРК бошловчиси Дилшода Матчонованинг Ўзбекистон конституциясида қораланган ирқчилик, қирғинни қўллаб-қувватлаб 70 миллон кишини ўчоқда ëққан Гитлерга ошиқ бўлгани журналистика ...
30 январ 2017
Сўнгги вақтларда товуқ боқишни Ўзбекистонда миллий ҳаракат даражасига чиқаришга қаратилган интилишлар давом этмоқда. Қайси газетани варақламанг, албатта, товуқ боқиш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...