Асосий мавзулар
25 ноябр 2019

Президент журналистларга қилинган ҳоким таҳдидига муносабат билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ниҳоят Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларига таҳдидига ўз муносабатини билдирди.

Гарчи унинг баёнотида айнан ҳокимнинг номи тилга олинмаса ҳам гапнинг контекстидан масала айнан шу ҳақдалигини сезиш қийин эмас.

Журналистларга таҳдиднинг жамият, давлат ҳокимияти учун қанчалик хавфли эканини ҳисобга олганда Президентнинг сўзлари бир қарашда жуда юмшоқ кўринади.

Зеро, бу таҳдид бевосита президент ҳокимиятининг қудратига ва ислоҳотлар ўтказишдаги самимиятига, маҳаллий ОАВнинг қанчалик уйғоқлигига, жамиятнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш салоҳиятига юқори лавозимдаги мулозим томонидан берилган зарба эди.

Ўзини ҳурмат қиладиган мамлакатларда бундай зарбага қарши чоралар кўрилади, шунга яраша реакция бўлади. Очиқроқ айтганда, таҳдидчининг сиёсий каръераси масаласи ҳал этилади.

Бизда ҳам бу масала бугунги кунга келиб ҳал бўлганга ўхшайди. Афсуски, бу ечим давлат бошқаруви Ортиқхўжаев сингарилар томонида эканидан, жамият фикри унга таҳдид қиладиганлар учун бир пуллигидан гувоҳлик беради. 

Шуларни ҳисобга олганда, президентнинг Ортиқхўжаев таҳдидига оид баёноти халқаро ҳамжамиятни тинчлантириш, жамиятдаги ички безовталикни босишга қаратилдек туюлмоқда. 

Давлат раҳбари олдин ҳам ҳокимтўралару вазирлар, амалдорларни халқ билан мулоқотда маданиятли ва маънавиятли бўлишга чақириб келган. 

Аммо бунинг ортидан айнан шу чақириқларни унутиб, оғзидан чиқаётган гаплардан илон терисини ташлайдиганларни ордену медаллар билан тақдирлашга фармон берган. 

Агар бу сиёсат давом этишига ишоралар кўринаётганини эътиборга олсак, яқин орада Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Ўзбекистон қаҳрамони унвони берилиши ҳеч гап эмасга ўхшайди. 

Бундай аччиқ истеҳзо учун асос борми? Албатта бор. Биринчи асосни юқорида эслатдик. 

Яна бир асос эса шундай ташвишли таҳдидлар янграганидан шунча кун ўтиб ҳам на президент администрациядан, на парламентнинг ҳар икки палатасидан бирорта нидо чиқмаганидир. 

Президентнинг баёноти қанчалик юмшоқ бўлмасин, ҳамма гап унинг қай даражада самимийлигига бориб тақалади. 

Ҳар ҳолда, эзгуликка, халққа, унинг қудратига таяниш шиори остида ислоҳотлар ўтказаётганини билдираётган президентнинг самимийлигига ишонгиси келади одамнинг. 

Бошқа чора ҳам йўқ. Президентга ишонишга уринган сари амалдорлари қовун туширишда давом этмоқда. Бу эса матбуот эркинлашаётганига умид қилаётганларни эзмоқда. 

Худди “кун.ўз”нинг тушкун кайфиятдаги журналистларидан бири ёзганидек, “осмон йироқ, ер қаттиқ. Аллоҳнинг ўзи суробини тўғриламаса, бандаларининг кучи етмаскан”.

“…ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, “мен ҳаммадан зўрман”, деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик. “Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”, деган доно мақолни буткул унутиб қўйдик”, деяётган давлат раҳбари самимий ҳам дейлик.

Аммо юзи қийшиқлиги учун унга ойна тутаётган журналистларга қарши курашаётганларнинг тинимсиз кечирим сўрашларида самимият бормикин?

Президентнинг шунча гапларидан кейин ҳам, журналистларга таҳдиди туфайли жамиятда кескин норозилик келтириб чиқарганидан буён ўтган кунлар давомида ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳали гапларидан пушаймонлик сезгани тўғрисида бирорта ишора бергани йўқ. 

Балки у, ўзи айтганидек, уч-тўрт кунда ҳаммаси эсдан чиқишидан умид қилаётгандир. 

Бироқ ўзини ҳурмат қиладиган, эркинликка интиладиган матбуот ўзига бўлган, демократияга бўлган бундай таҳдидларни асло унутмаслиги керак!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 феврал 2019
«Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон сиёсий элитасининг ташқи кўриниши ўзгарди. Элита аввалгидан очиқроқ, аҳоли билан янги алоқалар ўрнатишга тайёр, ...
23 январ 2019
Ўзбек матбуоти Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳокими Шерали Саломов йиғилишда фермер Ориф Дурматовни калтаклагани ва шу йилнинг 9 январида ...
7 январ 2020
Кейинги бир ой ичида 68 яшар бизнесмен, жиноий дунёга яқин бўлган Ғафур Рахимов хакида интернетда негатив шаклда тилга олинган ...
5 апрел 2019
Сизга омад тилайман, азизим. Оддийгина омад. Кўчада кетяпсиз, сизни машина босиб кетмади. Тасодифан ўрмонда мурдани кўриб қолиб, полицияга хабар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...