Cатира
17 феврал 2020

Олтинсойда ким кимни урди?

Жорий йилнинг 15 февраль куни ўзбек ижтимоий медиаси ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақидаги видеолар муҳокамасига тўла бўлди.

Тасвирларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги Халқобод маҳалласи аҳли ва ИИБ ходимлари ўртасида тўқнашув содир бўлгани акс этган.

Воқеа гувоҳларининг тармоқдаги иддаоларига кўра, туман ИИБ бошлиғи ҳам норозиларни дўппослаган.

Тўқнашув акс этган видеодан скриншот

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати эса маҳалла аҳолиси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига таёқ, болта, белкурак ва тош билан ҳужум қилгани ва оқибатда икки нафар ходими яраланганини маълум қилди.

Мазкур воқеага муносабат билдирган Бош прокуратура ноқонуний қурилган уй-жойлар «Оқолтин манзараси» фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектарида эканлигини, 6 нафар фуқаро ерни ноқонуний эгаллаб, 235,35 квадрат метр майдонда яшаш имконияти мавжуд бўлмаган уй-жой қуриб олганини ёзган эди.

Бош прокуратура Сурхондарёда аҳоли уйлари бузилиши устида чиққан жанжалда ички ишлар бўлимининг 2 ходими ва 1 фуқаро жароҳатланганини маълум қилди.

Баёнот мазмунидан 14 февраль кунги жанжал учун масъулият «ноқонуний қурилган» уй-жойи бузилишига қарши чиққан оилаларга юклангани тушунилади:

“2020 йил 14 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари юқорида кўрсатилган манзилга бориб кўрилганида, 3 нафар фуқаро ўзбошимчалик билан қурилган уйга яшаш имконияти мавжуд бўлмаган бўлса-да, кўчиб кириб олганлиги аниқланган. Ишчи гуруҳ томонидан ноқонуний қурилган уй-жойларни бузиб олишлари тушунтирилганида, аввалдан тўпланиб турган фуқаролар ҳокимият вакили ва ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатишган”.

Журналист Ибрат Сафо ўзининг ФБдаги саҳифасида Олтинсойдаги қонли тўқнашув ҳақида Бош прокуратура тарқатган изоҳни қандай тушунганини тасвирлайди.

“Ҳоким, прокурор ва мелисалар жуда мулойим амакилар, одамга ўхшаб тушунтириб илтимос қилишган. Уларга чой-пой ҳам таклиф қилинмаган.

Бу фермер хўжалигида қурилган уйлар шу тўқнашув бўлишидан бир кун олдин тап этиб осмондан тушган. Ичидаги одамлари билан. Ерда ётган дўппили бобой аслида Марсдан келган.

Тўқнашув акс этган видеодан скриншот

Тўқнашувда қонга беланган оддий фуқаро касалхонага ётқизилган. Битта мелиса эса “енгил тан жароҳати” олган. Бечора мелиса. Боши ёрилган киши эса ундан мулойимгина ўз сайёрасига суриш сўралаётган пайти шайтонлаб ўзини уриб қонатган, шекилли.

Бу мулойим амакилар одамларга уй қуриш учун бошқа ер берилишини, иқтибос келтираман, “ваъда қилишган”. Ваъда. Шартнома ё қарор эмас, ваъда. (Агар улар ерни ноқонуний эгаллаб олган бўлса, нега уларга бошқа ер ваъда қилиняпти?)

Ерни уларга кимдир сотганми, ким сотгани, қанчага, қачон – маълумот йўқ, чунки ҳали айтганимдек, бу уйлар кеча осмондан тушган.

Президент унумдор ерларни қаттиқ назорат остига олишни буюрибди. Унумдор ерларда яшаётган одамларнинг ота-онасини судраб, кўтига тепиб чиқарилсин, деган жойи кўринмади қарорда.

Осмондан тушган уйлар турган фермер хўжалигининг номи “Оқолтин манзараси” экан… Мана оқ олтин манзараси. Балки энди “Қора қон манзараси”га ўзгартирилар».

Ўзбекистонда уйлар бузилиши билан боғлиқ норозиликлар бундан олдин Хоразм ва Қашқадарëда ҳам юз берган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 декабр 2020
Қишлоқ хўжалиги мутахассиси, 70 ёшли Исмоил Оспанов “Элтуз” орқали ўз туркум чиқишларини давом эттириб, навбатдаги видеосини қишлоқ хўжалигидаги ер ...
19 июн 2020
Азизларим, сизлар билан ҳафта айланиб, яна бир бора юзлашиб турибман. Бу жуда азиз учрашув. Бир пайтлар Тошкентда метрода юрганимда, ...
11 декабр 2024
Ўзбекистон антсемитизм чақириқлар ва нафрат пропгандаси жазосиз қоладиган платформага қачон айланди? Тамал саводи бўлмаган, Европа илм дунëсида ҳеч қачон ...
15 март 2017
Ўн минг сўмлик купюра чиқиши ҳақидаги гаплар ортидан ўтган ҳафтада АҚШ доллари нархи рекорд 7500 га кўтарилди. Бу мавзу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...