Document UZ
23 феврал 2020

Мажбурий меҳнатни ташкиллаштиришда банк ходимлари айбдор қилинди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йилги пахта йиғим-терими даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйганлиги туфайли маъмурий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар рўйхатини эълон қилди.

Ушбу ҳужжатдан кўриниб турибдики, 2019 йил октябрь ва 2020 йил февраль ойлари мобайнида  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда тутилган ҳоллар мустасно) асосида 43 нафар амалдор жазога тортилган. 

Мазкур модда бўйича жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан 40 баробаригача, яъни 230 доллардан 690 долларгачадир.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2020 йил 5 февралдаги матбуот хабарномасида Сенат раиси Танзила Норбоеванинг сўзларидан иқтибос келтиради: 

“2019 йилги пахта терими мавсумида ходимларни пахта терими мавсумига мажбуран жалб қилган 259 нафар давлат амалдори, ташкилот раҳбари ва директорлар асосан жаримага тортиш йўли билан жазоланган. Бу жарималарнинг миқдори 2018 йилдагига нисбатан 10 баравар ўсган».

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маъмурий жавобгарликка тортилган 43 нафар раҳбар, жумладан, икки нафар туман ҳокими ва беш нафар туман ҳокими ўринбосари исми-шарифини ошкор қилди.

Шунингдек, жазоланганлар орасида Ер ресурслари ва давлат кадастри туман бўлимлари раҳбарлари, туман ҳокимлиги молия бўлими, ветеринария бошқармалари бошлиқлари, санитария-эпидемиология станциялари шифокори, пенсия жамғармаси туман идоралари раҳбарлари, спорт клубининг бир нафар раҳбари, Қорақалпоғистондаги ўрта мактабларнинг тўрт нафар директори, ободонлаштириш бўлимларининг уч нафар бошлиғи ва савдо мажмуаси директори бор.

Ушбу рўйхат эълон қилингандан сўнг Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 3 декабрда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида жойлашган тўртта мактаб директорига тайинланган жазо суд томонидан бекор қилинганлиги ҳақида хабар берди. 

Вазирлик хабарида меҳнат инспекторлари тегишли текширувлар ўтказмагани, мактаб директорларининг мажбурий меҳнатни ташкил этишдаги роли тўғрисида нотўғри маълумотлар тақдим этгани билдирилади ва шу боис қабул қилинган қарор «асоссиз «, дейилади.

Жазога тортилган масъул шахсларнинг лавозимларига эътибор қаратилса, мажбурий меҳнатдан фойдаланилганини текширувчи 400 меҳнат инспектори ҳақиқий жавобгар шахсларни, яъни ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланиши мумкин бўлган юқори мансаб эгаларини аниқлаб, жавобгарликка торта олмагани аён бўлади. 

2019 йил ноябрь ойида Ўзбекистон-Германия форуми (ЎГФ) 2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумига оид мажбурий меҳнат тўғрисидаги ҳисоботида йиғим-терим мавсуми бошида бутун мамлакат бўйлаб банк хизматчилари пахта мавсумига жалб қилинганига доир қатор далиллар келтирди.

ХМТ баёнотида «2019 йилги йиғим-терим мавсумида мунтазам равишда мажбурий меҳнат рўй бермаган», Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга жалб қилиш ишларида иштирок этмаган, дейилган. 

Агар шундай бўлса, нега пахта теримига, яъни қишлоқ хўжалигига алоқадор бўлмаган тармоқларнинг вакиллари пахта териш билан шуғулланди ёки пахта териш учун ўз ўринларига теримчиларни ёллади? 

Наҳотки ташкилотлар бу ишларни ўз ташаббуслари билан амалга оширган бўлса?! 

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат усулларини ўрганган ҳар бир киши бу каби ҳаракатлар қандай тарзда бажарилишини билади. 

Пахта теримига алоқадор бўлмаган ташкилотлар раҳбарлари туман ҳокимлиги буйруқларини сўзсиз бажарадилар, зотан, уларнинг зиммаларига ҳам давлат квоталарини амалга ошириш масъулияти юкланган. 

ЎГФ бу ишлар ҳақиқий буюртма иш эканини доим исботлаб бера олади. Ахир мамлакатдаги барча банклар филиаллари амалдорларнинг буйруқларини бажараётгани, ўз ходимларини пахта теришга юбораётгани ёки теримда иштирок эта олмаса, теримчиларга ҳақ тўлаётгани бу тизимдаги муаммо эмасми?!

2019 йил 31 октябрда “Озодлик” радиоси Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими ўринбосари Ҳоким Тўйчиевнинг  Халқ банки туман филиали бошқарувчиси Бобир Обилқосимовни ҳақорат қилаётгани ёзилган суҳбатини эълон қилди.

Собиқ бошқарувчининг айтишича, унга сентябрь ойи охирида ҳоким ўринбосари Ҳоким Тўйчиев пахта теримида иштирок этиш учун 20 нафар ходим ажратиш бўйича буйруқ берган. 

«Мен банк бошқарувчисиман. Менинг ишларим ниҳоятда кўп. У эса мендан 20 нафар теримчи топишни талаб қилди. Аслида ҳоким ўринбосари менга тааллуқли бўлмаган ишларни мендан талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас», деди “Озодлик” билан суҳбатда у. 

Тўйчиев «Озодлик» радиоси саволига жавоб бераркан, банк раҳбарини ҳақорат қилганини тан олди ва бунинг учун кечирим сўради. 

Шу билан бирга, у Обилқосимовнинг ишдан озод этилиши кўриб чиқилишини қўшимча қилди. 

Банк раҳбарининг ишдан кетишини пахта териш учун унга юкланган 20 нафар ходим топиб беришга оид вазифани бажармаганлиги ҳамда 30 сентябрь куни эрталаб соат 7 да пахта теримига бағишланган йиғилишга келмагани билан изоҳлади.

28 октябрь куни ЎГФ кузатувчиси Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани марказий шифохонаси туғруқ бўлимида ишловчи ҳамшира билан суҳбатлашди. 

У ходимлар ҳар икки кунда пахта теримига чиқишга ёки чиқа олмаган тақдирда теримчиларга пул беришга мажбур бўлаётгани ҳақида гапирди. 

Шунингдек, туғруқхонанинг 80 нафар ходимидан 25 нафари ҳар куни пахта теримига жўнатилаётгани ёки ўзларининг ўрнига теримчи топиб беришга мажбур қолаётганини билдирди.

ЎГФ кузатувчиси ушбу шифохона ходимлари мажбурий меҳнат юзасидан аллақачон шикоят қилганликларини аниқладилар.

Натижада 14 ноябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан текширув ўтказилди ва туғруқхонанинг бош шифокори Йўлдошбой Пишиев жаримага тортилди. 

Бироқ шифохона ходимларини пахта теримига мажбуран юбориш ҳаракатлари тўхтамади, ходимларни ишдан бўшатиш таҳдиди билан пахта теримига жалб қилиш давом эттирилди.

2020 йил январь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги қонунни имзолади. Унга кўра, мажбурий меҳнатдан қайта фойдаланиш жиноятга тенглаштирилди.

Бироқ бу қонун ўрта даражадаги амалдорлар, ташкилотлар раҳбарлари, бош шифокорлар ва мактаб директорларини саросимага солади. 

Улар ўз ходимларини пахта теримига юборишга буйруқ олганида дилемма юз беради, худди банк раҳбари Бобур Обилқосимов каби ишсиз қолади ёки катта миқдорда жарима ёхуд жиноий жавобгарликка тортилади.

Меҳнат инспекторлари мажбурий меҳнатдан фойдаланиш амалиётини ва уларни келтириб чиқарадиган бутун занжирларни, пахта теримига жалб қиладиган буйруқбоз идораларни тергов қилиш усулларини ўзгартириши ва пухта ўрганиши керак.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 октябр 2024
Аввал аёллар, ёки, тўғрироғи, ҳар доим аёллар эди. Уларнинг ташқи кўриниши, таълими, ижтимоий ҳаётига нисбатан чекловлар, қўрқитиш… Ҳозир эса ...
28 феврал 2020
Алексей Волосевич Бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистонда энг машҳур бўлган русийзабон «Илҳом» театри биносининг кўчирилишига оид шов-шувлар ҳамон ...
22 сентябр 2017
Изоҳ сиздан… Рассом Туз Eltuz.com
31 май 2019
Шўролар ҳукуматининг кескин сиёсати, аҳолининг хусусий мулки, чорва молларини тортиб олиб, кўчманчи халқларни мажбуран ўтроқлаштириш, колхозлаштириш ҳаракатлари оқибати ўлароқ, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...