Асосий мавзулар
25 феврал 2020

Бош прокуратура терговчиларининг қийноқлари

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти билан хусусий фирмалар орқали шартнома имзолаган Абдусаттор Шукуров, Санобар Ёқубова ва бошқа фуқаролар ўзларининг устидан очилган жиноят ишини тергов қилиш пайтида Бош прокуратура терговчилари томонидан шафқатсизларча қийноққа солинганини ҳақида sof.uz нашри эълон қилди.  

Икки ой давомида ўтказилгани айтилган журналистик суриштирувдан маълум бўлишича, 2017 йилнинг кузида “металл иши” юзасидан 30 дан ортиқ фуқаро Жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари бўйича айбланган. 

Уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. “Тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклаган, бошларига целлофан халта кийдирган, совуқ хоналарда ечинтирган, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказган”.

Фуқаролар Абдусаттор Шукуров, Санобар Ёқубова ва бошқалар “Ўзметкомбинат” АЖ билан хусусий фирмалар орқали шартнома имзолашган. Улар турли жойлардан (эски бинолар, чиқиндихоналар ва ҳоказолардан) ёлланма ишчилар билан металл чиқиндилари йиғиб комбинатга топширган. 

Комбинатда металл чиқиндилари эритилиб, тайёр маҳсулотга айлантирилган. Бу хизмат учун фирмалар шартномада кўрсатилган маблағни тўлаган. Тайёр маҳсулот аҳолига бозордагига нисбатан арзон нархларда сотилган, деб ёзади sof.uz. 

Бироқ 2017 йилнинг бошида вазият ўзгарган. 

“Қизиқ тарафи шуки, 10 йилга яқин шу фаолият билан шуғулланган бўлсак, бизга бирор марта солиқ, молия, прокуратура ва бошқа ташкилотлар томонидан айблов қўйилмаганди. 

Солиқларни ўз вақтида тўлаганмиз. Керак бўлса, ўша вақти ҳокимлик зиммасига юкланган темир “режаси”ни ёпардик. 

Боғча, мактаблар темирни қаердан олсин? Биз уларга ҳам ёрдам берардик. Чиқиндихоналарда йўқ бўлиб кетаётган темирни йиғиб, комбинатга топшириб, уни тайёр маҳсулот шаклига келтириб, аҳолига арзон сотганимиз айбимизми? Нима айб иш қилдик? Давлатнинг пулини едикми? Ватанимизга хиёнат қилдикми? Айбимизни ҳеч ким қонунан тушунтира олмаяпти”, деди Санобар Ёқубова. 

Яна бир жабрланувчи – фирма директори Абдусаттор Шукуровнинг айтишича, 2017 йилнинг июнь ойида терговчилар прокуратура идорасига чақиришни бошлаган. 

Бош прокуратура терговчилари Улуғбек Умаров, Санжар Файзиев ва Маъсуд Ўролов унинг фирмасига 30 миллиард сўм зарарни қоплаш мажбуриятини юкланган. 

Шукуровнинг сўзларига кўра, терговчилар унга бу суммани топиш учун бир ҳафта муддат бериб, тўламаса, узоқ муддатга қамалиб кетиши мумкинлигини айтиб қўрқитишган. 

Бироқ Шукуров ва унинг адвокати терговчиларга айб исботланмагунча бу пулни тўламасликни билдирган. 

Шукуровга босим ўтказиш мақсадида бош прокуратура Абдусаттор Шукуровнинг ишига алоқаси бўлмаган жияни ва ўғлини уйидан олиб кетиб, муайян муддат ҳибсда сақлаган. 

Шундан кейин Абдусаттор Шукуров 2017 йил 20 октябрь куни Бош прокуратурага борган заҳоти қамоққа олинган. 

Шукуровнинг билдиришича, уни бир ҳафта мобайнида “Гвардейский”га (Юнусобод туманида жойлашган давлат хавфсилзлик тергов ҳибсхонаси) қамашган. 

Унинг қаерда экани ҳақида на қариндошларига, на адвокатларига хабар беришган. Кейин “Тоштурма”га (Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 1-тергов изолятори) олиб кетишган.

2017 йил 4 ноябрда Абдусаттор Шукуров Бош прокуратурага олиб борилиб, терговчилар Улуғбек Умаров, Санжар Файзиев ва Маъсуд Ўролов билан учраштирилган. 

Улар “жиноятчи”ни бошдан-оёқ ечинтириб, совуқ кириши учун хона деразаларини ланг очиб ташлаган. Исиниши учун “тур-ўтир” деб жисмоний машқлар қилдирган. 

Ёши катта бўлишига қарамай, уни 20 килограммдан ортиқ юкни кўтаришга мажбурлашган. Юкни кўтара олмаётганини кўриб, терговчилар Умаров ва Файзиев уни икки тарафдан дуч келган жойига урган. 

Терговчи Санжар Файзиев Шукуровнинг бошига оқ целлофан халта кийдириб қийнаган. Ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Файзиевни итариб, целлофанни йиртиб ташлаганидан сўнг ҳушидан кетгунча калтаклашган. 

Ҳушига келган тадбиркор “бўлди, ўлиб қолади, ўлиб қолса, ўлиги тиригидан қимматга тушади”, деган овозларни эшитган. Ўзига келганда “нашатир спирти”ни ҳидлатишиб, совуқда яланғоч ҳолда ётишига қарамай, устидан сув сепишган. 

Қўлларини кишанлашиб, бошига иккинчи марта целлофан халта кийдиришиб, яна ҳушидан кетгунча дўппослашган. Муайян муддат ўтиб ўзига келгандан сўнггина терговни тугатишган. 

Терговчилар бу каби ваҳшийликларни бир қанча маълумотлар ёзилган ҳужжатга қўл қўйдириш мақсадида қилишган. 

Абдусаттор Шукуров қамоққа олинганидан сўнг етти ой мобайнида то уй қамоғи тўғрисида суд ажрими чиққунча адвокатлари билан учраштирилмаган. Унга қамоқда сақланаётган вақтида ҳам турли даражада руҳий босимлар ўтказишган.

Улар билан бирга тергов қилинган бошқа фуқаролар ҳам терговчиларнинг нима қилиб бўлса ҳам айблов қоғозларига имзо чектириш мақсадида инсонийликни унутишларидан жиддий арз қилишган. 

Адвокат Умид Эшонқуловга кўра, терговчилар томонидан тергов вақтида жиноят ишига гувоҳ сифатида чақирилган шахслардан зарарни қоплаш учун пул ундириш амалиёти қўлланилган.

Терговчилар гувоҳларга айбланувчиларнинг аҳволини кўрсатиб, улар ҳам шу ҳолга тушиб қолмаслиги учун айтилган маблағни тўлаши лозимлигини тушунтиришган. Натижада гувоҳлар айтилган пулларни Бош прокуратуранинг депозит ҳисоб рақамига тўлашган. 

Суд қарори чиқмай туриб ундирилган пул “Ўзметкомбинат” АЖ ҳисобига ўтказиб юборилган. Адвокат бу бўйича унда Бош прокуратуранинг хати ҳам мавжудлигини айтди.

Бош Прокуратура 22 феврал куни “Бекобод металлургия комбинати”га оид жиноят иши юзасидан текшириш бошланганини баён қилди. Унда «текшириш натижасига кўра, эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади» дейилган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 июл 2019
Ижтимоий тармоқда Ўзбекистоннинг ўлган президенти Ислом Каримовнинг Самарқанддаги мозорига қўйилган лавҳадаги ёзувлар баҳсларга сабаб бўлди. Кимдир унинг ўлганидан кейин ...
25 май 2017
24 май куни “Яланғоч ота” қабристонига кўмилган Марказий Банк Бошқаруви раиси 67 яшар Файзулла Муллажонов ўзбек сўмини конвертация қилишга ...
6 май 2023
1881 йилнинг 6 майида Михаил Скобелев бошчилигидаги рус колонизаторлари Хива хонлигига қарашли Ахалтака вилоятини оккупация қилишди. Бу Гўктепа жангида ...
10 октябр 2016
Ёдномаларни шоир ва ёзувчилар битсин экан. Чунки уларнинг тафаккур доираси бошқаларникидан кўра кенгроқ бўлади. Шу кунларда марҳум президент Ислом ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...