Асосий мавзулар
11 апрел 2020

Сатирик адиб Анвар Обиджон оламдан ўтди

Ўзбекистон халқ шоири, сатирик ва юмористик жанрдаги китоблар муаллифи Анвар Обиджон 73 ёшида 11 апрель куни оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.

Анвар Обиджон 1947 йилнинг 25 январида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумидаўқиган, 1969—1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларда ишлаган.

Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини сиртдан тамомлади. 1981 йилда «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлаган. Кейинчалик «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир сифатида фаолият олиб борган.

Анвар Обиджоннинг бугунни эслатувчи асари

Анвар Обиджоннинг 1983 йил ёзилган “Эй, ёруғ дунё!” китоби мазмуни баъзи жиҳатлари билан шу бугунги Ўзбекистонда юз берган воқеаларга ҳам жуда ўхшайди.

Аламазон исмли асар қаҳрамони номидан баён қилинган қисса икки ошнанинг Жандағорда адашиб қолишларидан бошланади.

Юлдузистонда ҳокимият алмашуви

Улар адашиб-адашиб, ғор орқали Юлдузистон деб аталган ер ости салтанатига келиб қоладилар.

Феълидаги қўполлиги, таъмагирлиги ва мақтанчоқлиги билан бугунги кун ментларидан қолишмайдиган икки миршаб – Тиртиқ ва Шилпиқ уларни жосусликда гумонлаб, сўроқ қилади.

Ҳумо Хартум – асардаги эътиборга лойиқ ижобий қаҳрамонларнинг бири.

У Қўтир Тўртинчи даврида туғилган «мирзатеракдек ингичка бир чол».

Қўтир Олтинчи вафотидан кейин иқтидорга келган Исқирт Биринчи даврида уни янги қоидаларга риоя этмагани учун жиннига чиқаришиб, ҳукумат ишларидан четлатишган.

Эшакка сиғинадиган халқ

Китобни рассом Т. Редкина ва В. Немировский безаган

Исқирт Биринчи мамлакат ҳукмдори Қўтир Бешинчи вафотидан сўнг қўтирлар сулоласини тугатиб тахтга ўтиради.

Ифлосликларни яхши кўргани учун бутун мамлакат халқини исқирт юришга мажбурлайди.

Покиза юрадиганлар зиндонларга ташланади, тавба қилиб, исқирт бўлишга ваъда берганларгина озод этилади.

Юлдузистонликлар онгига зўравонлик билан жирканч одатлар сингдирилган.

Барча маърифатли, адолатпарвар, халқпарвар пок кишилар Юлдузистоннинг чекка Аждаробод вилоятига қувғин қилинган.

Чунончи, Исқирт Биринчи гўдаклик чоғида эшак эмиб қўйган.

Шаҳзода ва подшоҳ оиласини бу исноддан қутқариш учун шаҳзодани пайғамбар, эшакни эса зўрлаб худо дея эълон қилганлар.

Одамларни эшакка сиғинишга мажбур этганлар.

Сарой маддоҳлари

Китоб иллюстрацияси. Рассом: Т. Редкина

Олдин ўтган подшоҳни улуғлаган шоир Дуторий энди мамлакатнинг янги раҳбари Исқирт Биринчига атаб шеърлар ёза бошлайди:

Ювилмаган бетингиз мунча чиройли,
моғор босган этингиз мунча чиройли.
У ёнингиз кир эрур, бу ёнингиз кир,
Олдингизу кетингиз бунча чиройли.

Ёки

Эй, Дуторий, онангга суйканмағил кўп,
Сенинг пуштипаноҳинг Исқирт Биринчи.

Ҳукмдор ғазабидан қўрқув шу даражада бўлганки, Аламазоннинг сафардаги содиқ дўсти Эшмат Ишма ҳам зиндонбанд бўлишдан қўрқиб Исқирт Биринчини улуғлашга киришади:

Яшасин Исқирт Биринчи,
Исқирт Биринчи яшасинлар!
Тоза юрган хумбошларни
қамоққа гулдургуп
ташласинлар!

Китоб иллюстрацияси. Рассом: Т. Редкина

Сарой амалдорлари

Хуфия ишлар бошлиғи Фисқиддин Макру Мараз ҳар қандай шахсга жосуслик айбини қўйиб, қаматишга тайёр амалдор.

Лекин янги подшо даврида Исқирт Биринчининг амакиси – бош вазир Бурбулитнинг обрўси ундан баландроқ.

Эндиликда махфий хизмат бошлиғи Фисқиддиннинг обрўси яқинда мамлакатга қозикалон бўлган Ҳошим Хезиддин даражасида.

Шунингдек, улардан бир тиш пастда бош айғоқчи Исом Итту Искабтопар, икки миршаб – Шилпиқ билан Тиртиқ туради.

Уларнинг барчаси мамлакат раҳбарининг бемаъни йўриқларини олқишлаб мартабали бўлишган.

Анвар Обиджон водийлик ижодкорлар даврасида

Бу нечук шоир деманг, асли ман носоғроқ,
Ёзғоним шаклан ғазал, лек ўзи бармоғроқ.

Ҳарқалай шеъримда бор маъни-ю, оз-моз фикр,
Кўп ахир аҳли қалам мандинам маймоғроқ.

Кимса дер: “Қилсанг ҳажв, бекнимас пастроқни ур,
Тинчгина авқот еюр бўлса ким қўрқоғроқ”.

Асли чин ашъорнавис ёзмағай оддий баён,
Барчани ўйлантирур гап отиб илмоғроқ.

Дард чекиб битсам ғазал босмағай туркий газет,
Ўлтирур унда биров фаҳми сал тарқоғроқ.

Ул деди: “Гулмат, жўна, пайтава қилмам шеъринг”,
Лек ўзин ёзғонлари бундинам пайпоғроқ.

Анвар Обиджоннинг жанозаси 12 апрель куни Олтиариқ туманида ўқилади. Карантин боис одамлар келмаслиги сўралди. “Элтуз” таҳририяти Анвар Обиджоннинг яқинларига таъзия изҳор қилади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 сентябр 2021
Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. Булар қонунлар, ҳукумат қарорлари, низомлар, йўриқномалар ва ҳоказолардир. Жамоа шартномаси нима ва ...
1 декабр 2016
«Миллий тикланиш» газетаси (30.11) шу номдаги партиядан Ўзбекистон президентлигига номзод этиб кўрсатилган Сарвар Отамуродовнинг сайловолди учрашувлари якунига бағишланган каттагина ...
19 июн 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги мактубларни ўқиймиз. Бу сафар уларни ўқишда ва танлашда сунъий интеллект мансублари бўлган Уйғун Эгамберди ва ...
5 апрел 2019
Тиббиётга оид «The Lancet» интернет нашри 3 апрель куни эълон қилган, 195 давлатни қамраган тадқиқот натижасига кўра ёмон овқатланиш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...