Асосий мавзулар
21 июн 2020

Cизга бир саволимиз бор…

(бўлган воқеа)

Таржимон сифатида Россиянинг милиция бўлимларидан бирига чақиришган эди. Бўлимда жиноятчи сифатида гумон қилинган шахслар вақтинча ушлаб туриларди. Шунингдек, судгача ушлаб туриладиган махсус жойларда ушлаб турилган гумонланувчи шахслар ҳам  мазкур бўлимга суд маҳкамаси учун олиб келиниб бирмунча вақт сақланиб турилар ва яна тергов давомида қайтариб олиб кетиларди.

Бўлим навбатчиси терговчи билан бирга ҳужжатларимизни текшириб бўлганидан кейин менга ичкарига киришга рухсат берди. Коридорга кирдик. Икки томонда гумонланувчи шахслар ётадиган темир эшикли бир нечта қулфлар осилган хоналардан юриб коридорнинг тўрига бордик. Шунда терговчи яна бир жиноят иши бўйича тергов ўтказиши кераклигини айтиб, мендан шу жойда кутиб туришимни илтимос қилди ва буни коридорда навбатчилик қилиб юрган уч нафар милиция ходимига ҳам тайинлади. Бурчакка стул қўйиб беришди. Папкамдаги қоғозларни кўздан кечирган бўлиб терговчини кутдим.

Орадан ўн беш минутлар ўтди. Бирдан коридорга бақириб-чақириб чамамда қоровуллар бошлиғи кириб келди. Менга, аниқроғи, осиёликка кўзи тушди-ю, ходимларини ўдағайлаб уят сўзлар билан сўкиб кетди. «Манови нега бу ерда турибди, олиб кир буни, ичкарига тиқ, қайси ифлос бунинг бу ерда ўтиришига рухсат берди, бунинг жойи ичкарида, ҳозир ўзларингни у билан бирга ичкарига тиқаман», дея ҳақоратомуз сўзларни айтиб тутоқарди. Кутилмаганда бошлиқ билан менинг кўзларим тўқнашди. Мен унга кулимсираб турардим. «Ҳей, сен нега тиржаясан», дея сўкиниб билагимдан ушлаб торта бошлади. Бошлиқ шу қадар жазавага тушгандики, ходимларининг тушунтиришлари унинг қулоғига кирмасди. Хоналарнинг бирида ўтирган терговчи бақир-чақирни эшитиб ҳолатни сезди, шекилли, шартта темир эшикни очиб чиқди ва вазиятни бошлиққа тушунтирди. Терговчи яна ўша хонага кириб кетди.

Орага ноқулай жимлик чўкди. Беш дақиқалар ўтиб бошлиқ қайтиб келди, атрофимдаги милиция ходимлари ҳам хижолат бўлиб қолишганди. Лекин улардаги кибр мендан узр сўрашларига йўл қўймаётганди. Энди бошлиқ мендан мулойимлик билан касбимни сўради. Зиёли эканлигимни билганидан кейин янада бўшашиб кетди. Яна бироз вақт ўтганидан сўнг уларнинг ҳаммаси ёнимга келиб очиқчасига бироз гаплашгандек бўлишди. Уларнинг берган саволларига қайтарган жавобларим қаноатлантирди, шекилли, асосий мақсадга ўтишди.

«Мана, сиз ўзбек экансиз, биласиз биз миллатчи эмасмиз, қолаверса, хабарингиз бор, Россия бепоён, бағрикенглиги билан машҳур. Бугун Россияда ўзбек, тожик, қирғиз, хитой, вьетнам, турк, Африка, Европа, Лотин Америкаси давлатларидан сон-саноқсиз одамлар келиб ишлаб юришибди, анча-мунчаси фуқаролик олиб яшаб ҳам қолишяпти. Биз хизмат давомида ҳар хил миллатдаги турли характерли одамларни кўрамиз, кўряпмиз ҳам. Биз кўп йиллик тажрибамиз давомида бир ғалати ҳолатни кузатдик ва бу ҳолат бизга ечими йўқ жумбоққа айланган, шу ҳақидаги саволимизга жавоб берсангиз, илтимос, дейишди. Майли, имконим қадар жавоб бераман, дедим. Улар бир-бирларига саволомуз қарашди, ниҳоят менга бошлиқ гапира бошлади. Мана, бугунги кунда Россияда бутун дунё халқлари, миллатлари юрибди. Сизлар бир қарашда Россияда рус, украин, белорусларни бир-бирларидан ажрата олмайсиз, худди шунингдек,  биз ҳам Ўрта Осиё миллатлари – ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ ва туркманларни бир-бирларидан ажрата олмаймиз. Аммо, қизиғи шундаки, биз бугунги кунда ўзбекларни улардан, қолаверса, бутун дунё миллатларидан осонгина ажрата оламиз. Гап шундаки, шундоқ ёнига бориб «ҳужжатларингиз» десак, тамом, дарров ўзбеклигини фош қилади, ҳатто паспортига қарамай туриб миллатини бир зумда пайқаймиз. Негадир  бизнинг формани кўриши биланоқ уларнинг оёқ-қўллари қалтирай бошлайди. Ҳатто ҳамма ҳужжатлари жойида бўлса ҳам титрайверишади. Нимага шунақа, сабабини тушунтириб беринг…».

Ҳайрат
андижонлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 апрел 2016
Эндиликда Ўзбекистонда айғоқчилик қилиш учун СНБа ёлланиш шартмас, аҳоли кўп тўпланган жойларда бирор одамнинг давлатга қаршилигидан гумонингиз бўлса кифоя. ...
17 апрел 2024
«Гулим фақат ëзда келар. Кайфиятим созда келар» Бу қўшиқ Чехиядаги ўзбекларни бир қозон палов устида бир ерга келтирган концертда ...
28 май 2019
Молия вазирлиги ходимлари томонидан бюджет ташкилотларида ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чораги давомида ўтказилган назорат тадбирлари бу муассасаларнинг ...
4 октябр 2018
Ўзбекистонда нон нархининг икки баробар ўсиши ортидан октябрь ойида электр, газ, сув ва бензин нархлари ҳам ошадиган бўлди. Ҳукумат ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...