Асосий мавзулар
11 сентябр 2020

Ҳамма буғдой бўлса, сомони менман

«Биз томонларгаям коронавирус инфекция етиб келди. Қишлахта ўн бешта одамда ўша касаллик бор экан»,- деди бугун эрталаб қишлоқдошларимдан бири. «Қизилмишдаям, Тегирмонбошидаям ўша касалликка чалиниб банисада ётганлар боракан,»- деди яна бири. Мен улардан:» Ким вирус юқтирибди, қайси оиладан экан?- деб сўрасам: » Билмимиз. Одамлар гапиряпти»,- деди.

Ошинларим эса: «Бизди қишлақтаги мактаб ўқитувчиларидан вирус аниқланибди,»- деб гапирди. Қизиғи шуки, қишлоқларимизда Ковид-19 тарқалгани ҳақида гапираётганлар ниқоб тақмаган, биров билан гаплашганда масофа сақламайди. Ҳеч бир одамда вирус юқтириб олишдан қўрқувни сезмадим, гўё бу дунёда пандемия, коронавирус йўқ, бўлса ҳам биздан жуда узоқда…

Ўлим ҳақида

» Ўлимдан қўрқиш аҳмоқлик. Хотинлар ҳар куни «патир-путир» туғяпти, дунёга янги меҳмонлар келяпти, эски меҳмонлар жой бўшатиши керак-ку! Машойихлар бу дунёга беш кунлик меҳмонмиз, деб айтиб кетган. Меҳмоннинг келиши қанчалик гўзал бўлса, вақтида кетиши ҳам гўзалдир. Сув бир томондан кириб, иккинчи томондан чиқиб кетмаса, ўртада ачийди,»- деб тушунтиради қўшни фермернинг сувчиси Абдуғаффор. Мен унга коронадан унча қари бўлмаганлар ҳам ўлаётганини гапиргандим.

Бизда корона ваҳимаси йўқ, оломон ишга, бозорга бемалол бориб келяпти.

Менинг ўзим ҳам бугун Янгибозорни айланиб келдим. Бозорда одам ҳар доимгидек кўп. «Коронага чалинсам-а, ўпкам чириб вафот этсам-а!»- деган ўй менда ҳам бор. Лекин кўнглимда ўлимдан қўрқув сезмадим.

Интернетда:» Вирус ўчоғи Тошкондан водийга кўчди,»- деган гапларни ўқидим. Ўз билганимча вирус юқтирмаслик тадбирини қилиб юрибман.

(Совқотишдан, совуқ сув ичишдан эҳтиёт бўлинг. Тананинг совқотиши ва томоқдан совуқ сувнинг ўтиши иммунитетни пасайтириб юборади ва вирус тез юқиши ва тез ўлдириши (ўлманг,узоқ яшанг) мумкин).

Бошқа ишларимиз яхши.

Олмаларни уйга ташиб бўлдик. Мошларимиз тез орада пишади.

Бугундан қўшни фермерда пахта терими бошланди. Аксари ошинлар пахта теримга ўтади. Ошин камайгач, уларнинг нархи ҳам ошади. Совуқлигим ошдимикан, оёғим оғриб, тинимсиз ухлагим келяпти.

Фақат бизда

Миллатни уйғотиши керак бўлган ëзувчининг ухлаши- бу фақат бизда бўладиган ҳолат.

Фақат бизда бўлиши мумкин бундай ғалати ҳолат. Масалан, мактаб директоридан мактаб қоровули ақллироқ бўлади.

Фақат бизда бўлиши мумкин бундай ҳолат. Масалан, ҳокимдан кўра унинг ҳайдовчиси тўғри қарор чиқариши мумкин.

Фақат бизда бўлиши мумкин бундай ғалати ҳолат! Масалан, оддий деҳқон қишлоқ хўжалигида қанақа ислоҳот кераклигини қишлоқ хўжалиги вазиридан яхши билади.

Бунақа парадоксларни юзлаб келтириш мумкин!

Ўғлим билан суҳбат

Энди эътиборингизга ўғлим билан суҳбатни ҳавола қилсам.

– Ўғлим, имтиҳонларни топширдингми? Нима бўлди? – Манимча контракт бўлди, бюджет қимоқчийдим. Йигирма олтита аниқ топдим. – Контракт бўса ҳам розиман. Бюджетга пора берган ҳаромхўрларнинг ўғил-қизлари киради. Кейинчалик улар дарсгаям келмайди, доллар кўтариб келади. Ўзим неча марта кўрганман, факультет деканлари дарсга келмайдиган талабаларнинг синов дафтарчасини кўтарволиб ўқитувчиларга баҳо қўйдириб юрган. Асли домлаларга ўқишга пора билан кирган, дарсларга келмайдиган талабалардан фойда, шулар оралиқ синовдан ўтиб олай деб домлага доллар узатади. Сен яхши ўқийсан ва домлалар учун ҳеч қандай фойда келтирмайсан. Эсингдан чиқмасин, болам, бузуқ, айниган жамиятда яшаяпмиз. Олимларимиз савдогарга айланиб кетган, илм сотиб яшайди. – Сиз айтган гапларнинг ҳаммасини биламан, дада. – Билсанг, яхши. Уйга қачон қайтасан? – Балларни билиб қайтаман. – Келавер, болам, ош қилиб бераман. Аслида бир йиллик ҳосилимни сотиб пора эвазига сени аллақачон ўқишга олиб кирган бўлардим, лекин мен замонга боқмайдиган одамман, ҳамма бўқ еса, ҳамма еяпти, деб мен ҳам бўқ емайман, сизларни ҳам бўқ емайдиган қилиб ўстирдим. Контрактингни эплаймиз. Мош ва олмаларни сотамиз. Асли сендек билимдон йигит бюджетда ўқишинг керак эди. Майли, бюджетни ҳаромхўрлар яхши кўради. Майли, ўғлим, тезроқ қишлоққа қайтавер. Соғлиқ яхшими. Йўтал-пўтал йўқми? -Бўпти, дада. – Бўпти, ўғлим. Ўзингни эҳтиёт қил.

Умр ҳақида

Умрим камбағалнинг анча йиллардан буён битмаган чала иморатига ўхшайди, десам тўғри бўлармикан. Бунақа иморат бир томони битмаёқ иккинчи томони эскириб, нураб, захлаб улгуради.

Демак, умрга қиёс ахтаришда давом этамиз.

Шундоқ ортимга – яшаб ўтган умрим томонга ўгирилиб бир ёмон манзарани кўриб кўнглим бузилди. Нимани кўриб мунгли бўлиб қолдинг, деб сўранг, айтаман. Ортимга ўгирилиб бир ғариб экинзорни кўрдим: кўчатлар сийрак, ола, ҳосили ночор, барглари шира босган. Бундай манзара кўнгилни тушкунликка солади, дилингни хуфтон айлагай.

Умрга яна қиёслар ахтарамиз.

Умрим ортиб қолди, деб ёзайми? Бир тентак шамол эсиб дарахтнинг пишмаган, ғўр мевалари битта қўймай ерга тўкиб кетди. Энди дарахт нима қилсин? Барглари ям-яшил, куз келишига анча бор, лекин уни мазмундан – мевасидан маҳрум этишди. Қайта гуллай олмайди бечора, чунки гул фасли ўтиб кетган.

Умрни яна нималарга қиёслаш мумкин?

Умримни қиморда ютиб олинган пул каби беҳудага сарфладим дейми? Одатда қиморда ютиб олинган пул бемаъни ва бемаза ишларга сарфланади.

Умр нима эканлигини тушуниб олиш учун ҳали кўп қиёслар ахтарамиз….

Қари тут ҳақида

Уйимдаги тут шу баҳор юз ёшни қаршилади.

Агар қишда ўтиндан қийналганлар кесиб кетмаса, у яна 900 йил яшайди.

Болалигимда шу тутнинг ковагида ажина кўргандим, тумшуқчасини чиқариб турганди. Қўлимга кесак олиб бир отовдим, боёқиш ажина бошини ковакка тиқиб яшириниб олганди, мен бўлсам ковакка қўлимни тиқиб уни ушламоқчи бўлгандим. Ковакка қўлимни тиқсам, юмшоқ нарсага тегди. Ана, ажинани ушладим ,деб илкис қўлимни ташқари чиқарсам… илон билтанглаб турибди. Тезликда илонни бир ёнбошга отдим. Ўйладим: ажина илон кўринишига кириб олдимикан. Бошқа гаплар ҳам кўп. Тут ҳижрон ва айрилиқ кунларим гувоҳи. Яна бошқа гаплар ҳам бор. Дадам раҳматли шу тутнинг гаврони билан оёғимга савалагани ҳам ёдимда. Кўп гаплар эсимдан чиққани йўқ.

Элим, ярадорман, ҳимоянг қани?!

Кўплар мени ëзувчи дейди, аммо бошимга дард келганида шоир ҳам бўлганман. Мана бу сатрлар ўша дардли кунлар маҳсули.

Тинглангиз, бир ғалат гапни айтаман,

Исо эмасман, лекин қайтаман.

Золимни тошбўрон қилган кунларинг

Энг катта харсангни ўзим отаман.

… Ватаним, ҳақгўйга озор бермагин,

Сотқинни қувлагин, гузар бермагин.

Ўлигин итларнинг пойига ташла,

Ватаним, золимга мозор бермагин. …

Элим, ярадорман, ҳимоянг қани?!

Эрк деб қалқимайсан – кифоянг қани?!

Қашшоқлик дардига нечун чалиндинг?!

Олтининг, кумушинг- сармоянг қани?! …

Аслида ўзбекнинг ёмони менман,

Ҳамма буғдой бўлса, сомони менман.

Ва лекин барингиз омон-омонсиз,

Озодлик йўлида қурбони менман.

Раҳимжон Раҳмат ижод дафтаридан намуналар эди.

Тағин ўқинг
17 октябр 2018
Президент Мирзиёевнинг Парижга сафари чоғи илгари сурилган Ўзбекистонда француз виноси ишлаб чиқариш ғояси «эчки, лимон ва товуқ» ривояти каби ...
8 август 2018
«Биздан олдин келган икки этапнинг ҳам «ломка»си даҳшатли бўлган. Калтакдан ўлганлар, бир умрга майиб бўлганлар ҳам бўлган экан. Биринчи ...
21 апрел 2021
Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг «Императив» китоби «Элтуз» мухлисларига муаллифнинг ўзи ўқиган аудиокитоб тарзида яхши таниш. Бугун «Элтуз» таниқли ...
14 декабр 2016
Ўзбекистон Олий Мажлиси сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисида Абдулла Орипов номзоди Бош вазирликка тасдиқланди. Телекоммуникация соҳасидаги коррупциялар боис ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...