Кўзқараш
20 октябр 2020

Ўзбек амалдори ўғирлашни билади – Халқ эса чидашни

Бундан ўн йил илгари пойтахдаги ўртача иккита амалдор тушликка бир миллионга яқин пул сарфлашини эшитиб ҳайрон қолгандим.
Улар шунча пулни қаердан оларкан, деб ўйлагандим.

Қаердан оларди?

Давлат томонидан ташкилотига ажратилган бюджет пулини шунақиб исроф қилади.

Лев Толстой давлат хизматчилари ҳақида гапириб, уларнинг бутун таланти, фаолияти давлат хазинасидан кўпроқ пул ўмаришдан иборат, калласида бошқа ўй йўқ, деганди.

Ташмачи, ўғри бошлиқ катта-катта пулларни ўзлаштириб, охирида мухбирларга ватанпарварлик ҳақида интервью беради. Тамом. Шу тахлит ўғирлаган пулларини «ювиб» олади.

Товуқ тухум туғса қақағлайди, бошлиқ тухум ўғирлаганда – бюджет пулларини ўзлаштирганда қақағлайди, яъни ўзгача пафос билан ватанпарварлик ҳақида сайрашни бошлайди.

Машҳур ўрис ёзувчиси айтганмиди, амалдор пул ўзлаштирган куни ватанпарварлик ҳақида кўп гапиради, деб.

Бу ëқда халқ қийналмоқда. Халқ ана энди моддий кўмакка муҳтож.
Чунки вирус кўпчилик орасига тарқалиб бўлди: тиббий текширувлар ва дори-дармон қиммат, камига озиқ-овқат нархлариям ошди; оилаларга хориждан келадиган пул оқими ҳам камайди, шунингдек, хорижга ишга борадиганлар ҳам ҳозирги кунда ҳеч қаёққа боролмайди; кўрпанинг қатидаги оз-моз жамғарма ҳам камайди ёки тугади, камига қиш яқин, ўтин-чўп ташвишини қилиш керак.

Аввало, қиш ичи қийналиб қоладиганларга олдиндан сабр тилайман, умидсиз бўлманг, Аллоҳ ўз бандасини зулматга ташлаб қўймайди.
Карантиннинг дастлабки даврларида янги ташкил этилган жамғармалар, саховатли инсонлар қўлдан келганча аҳолининг муҳтож қатламига ёрдам берди.

Аллоҳ инсонлар бир-бирига ёрдам берсин, қийин вазиятда, мусибат онларида ўзаро тиргак бўлсин учун одам сонини кўп яратган.
Бизлар эса яратганнинг ҳикматини тушунмай, одам кўпайса жанжал кўпаяди, деймиз.

Гап шуки, карантиннинг дастлабки ойларидан кўра ҳозирги даврда аҳолининг муайян қатламининг муҳтожлиги кўпроқ.

Савоб оламан деган инсон муҳтож, камхарж ҳолатда қиш синови билан юзлашаётган, бетоб бўлиб ночор аҳволда қолган кишиларга ёрдам қўлини чўзса, айни муддаодир.

Газ етиб бормаган кўплаб қишлоқларда кўмир ва ўтин олишга етарли пули йўқ неча-неча оиларни биламан.

Айниқса, уйида эркаги йўқ аёлларнинг машаққати зиёдир.
Қишда печкасига молнинг нушхутини ёқадиган оилаларни биламан.

Ошинларимдан сўрагандим:- Қишлоқларингда газ йўқ, кўмир қиммат, совуқ кунлари печкага нима ёқасизлар?

– Совуқ кунлари ярим кечаси уч-тўрттамиз эшак аравада тўқайга ўтин ўғирлагани борамиз,- деганди улар.

Мен ўзимча ярим кечаси, қаҳратон совуқда, эски-тускиларни кийиб, қўлига болта олиб эшак аравада тўқайга ўтин излаб кетаётган аёлларни тасуввур қилиб қойил қолгандим.

Бечора аёллар оилам деб мунчалар ўзини ўтга-чўққа урмаса. Асли тўқайдаям ўғрлайдиган ўтин қолмаган. Қиш касалликлар билан келяпти. Муҳтож оилалар ҳар қачонгидан қийналиши аниқ.

Айтмоқчиманки, муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзадиган пайт энди келди.

Мошпоямдаги вазият

Мошни янчиб, мошинада уйга олиб келиб, қопларга жойлабам бўлдик-ки, ёмғир ёғворди.
Ёмғирни кутаётгандик.
У ёғди.
Бизлар ҳосилни йиғиштириб улгурик.
Кўнгил тинч.
Комбайнимиз эски экан. Чамаси у ўтган асрнинг саксонинчи йиллари нашр қилинган, яъни завўддан чиққан.
Учта ёш йигитча қаердандир шу кўҳна комбайнни топиб, тузатиб мош янчиб пул ишлаб юрибди.
Бечора комбайин одимига бузилади, бир ўчса ўт олиши қийин.

Собиржон қишлоғиданмиз,- деди улар.
Собиржон – қўшни Учкўприк туманидаги қишлоқ.
-Ёш пайти ҳаракат қилиб ўз ҳаётларингни йўлга қўйиб олинглар. Умр бир зумда ўтади. Айниқса, ёшликнинг қадрига етинглар. Кўпроқ пул ишланглар. Дангасалик, алкашлик деган иллатлардан йироқ бўлинглар. Эртага қарисаларинг ҳеч нарсага ярамай қоласизлар,- деб уларга насиҳат қилдим.
Шундай қилиб, дала ишларимиз камайяпти.
Далада иш тугармиди?!
Иш кўп.
Буғдой экяпмиз, суғориш керак.
Боғ ишлари ҳам кўп.
Қишга ўтин-чўп тайёрлашим керак.
Комбайн мошни янчигач, ерга тўкилган майда барг-хазонларини қопга солиб сотамиз. Каттароқ қопга қоплаймиз. Бир қопи даланинг ўзида 25 минг сўм.
Айни дамда ўзим уйдаман, мошпояда ишчиларим ишлаяпти. Боя чой, нон, қанд ва асал олиб бордим.
Ишчиларим яхши, тепасида қоровул бўлиб турмасам ҳам ишлайверади, дангасалик қилмайди. Қопдаги нарсаниям шулар сотяпти. Тайинладим: харидор келса сотаверинглар.
Ишчиларим ўн йилдан буён даламизга келади. Қариндошдек бўлиб кетганмиз.
Ҳақ беришда алдамаймиз. Ҳосилдан капсан ҳам берамиз.
Бу ўтар дунёда зиқна бўлиш яхшимас.
Эрта бир кун бор бойлигингни ташлаб кетасан, ҳатто қорнингда овқат олиб кетолмайсан.
Ҳақиқий инсонлик шуки, эрталаб кўчага чиқиб биринчи дуч келган одамни Аллоҳ назарида ўзингдан минг марта афзал деб билгайсан.
Агар эрта тонг кўчада одам кўрмай қўшнингнинг итини кўрсанг, шу жонзотниям ўзингдан яхшироқ, улуғроқ деб билгин.
Хуллас, ёмонмас, яхши.
Қиш яқин.
Қишда қийинчилик кўп.
Амаллаймиз.
Эплаймиз.
Чидаймиз.

Ёзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикояси

Тағин ўқинг
16 январ 2023
Бухоро марказидаги ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган буфер зонада мультфильм стилидаги фейк «Бухоро» қурилиши ҳақида томоғигача коррупцияга ботган, ўрис аксарларига ҳайкал ...
21 май 2019
Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида яшовчи 60 яшар боғбон Норқул Ҳотамов турар жой ва иссиқхоналардан иборат кўчмас мулкларини туманнинг собиқ ...
16 ноябр 2017
Бошқа динга кирганликда айблаб, хотинини пичоқлаган сайрамлик 34 ёшли Хайрулло Норметов 14 ноябрь куни ҳибсга олинди. Суд ҳукми чиққунига ...
12 феврал 2018
Тошкентдаги «Минор» масжиди имоми ноиби 42 ёшли Аброр Мухтор Алига 10 февраль куни ишдан бўшаш учун ариза ëздирилди. «Элтуз» ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...