Хоразмда янги келинни сазойи қилган 9 киши устидан суриштирув бошланди
Хоразмда келинга бокира эмас, деган айб қўйиб, уни видеога олган, шаънини топтаб сазойи қилган куёвнинг қариндош-уруғлари устидан Хоразм вилояти ИИБ суриштирув ўтказмоқда. (Воқеа 7 октябрь кечки соат 00.00 лар атрофида Урганч шаҳрида содир бўлган бўлган).
Воқеани ўрганиш мақсадида «Элтуз» мухбири Хоразм ИИБ ва келиннинг ўгай отаси билан суҳбатлашди (куёв томон интервью беришдан бош тортди).
Янгиариқ туманининг Гулобод қишлоғида истиқомат қилувчи 20 ёшли Хуршида сентябрь ойи охирида 28 ёшли урганчлик, муқаддам зўрлаш жинояти билан жазо ўтаб чиққан Бунёд исмли йигитга унаштирилади.
Тўй жуда тезлашиб кетди. Куёв томон келинни, қиз томон куёвни суриштиришга улгурмайди. Сентябрь ойи охирида томонлар топишган бўлса, 7 октябрда тўй белгиланади. Куёв Бунёд номусга тегиш айби билан қамоқда ўтириб чиққан. Келин эса бундан кеч хабар топади. Аммо барибир тўйни тўхтатмайди.
Тўй Урганч шаҳридаги тўйхоналардан бирида бўлди. Маросимлар тугагач, келин-куёв чимилдиққа киришган. Бунда келин томондан икки келин янга ўзбекчилик миллий одатларига кўра гувоҳликка қолган.
Куёв келин янгаларга қизнинг бокира чиқмаганини айтади ва ўзининг қариндош-уруғларини чақиради. Куёвнинг аммалари, холаси, икки янгаси, отаси, онаси ва акаси иштирокида келин таҳқирланиб, сўроқ қилинади (ушбу ҳолат интернетда тарқалган видеода ҳам акс этган).
Бунда куёвнинг янгаси воқеани видеога олган. Видеода янгалардан бирининг қўлига резина қўлқоп кийиб келиннинг жинсий аъзосини “текшираëтгани” акс этган. Воқеа жойига зўрлик билан олиб келинган қуда тараф шантаж билан юзма-юз қолганини «Элтуз» мухбирига гапирди.
– Куёв томон тўйни шунчаки пул ундириб олиш учун қилган бўлса керак, – дейди келиннинг ўгай отаси Нуриддин Раҳимов. – Барчаси ақлга сиғмас ишлар. Улар ҳаммасини олдиндан уюштиргани аниқ. Ярим кечада кимнинг уйида тиббий қўлқоп бўлади… У ҳам майли. Аммо бу ҳолатни интернетга чиқариб, бутун хоразмликларни шарманда қилди. Менга ҳатто Туркиядан қўнғироқ бўляпти, ёмон иш бўлибди, нима ёрдам керак, деб.
Видеога олиниб, қизга ҳар хил туҳматлар уюштирилган, таҳқирлаган ва ҳамма нарса келиннинг бўйнига қўйилгач, ўгай отага телефон қилинган. Куёвнинг отаси, акаси, амаки ва поччалари ўгай ота билан эркакча гаплашиб олмоқчи бўлишган.
– Ярим кечаси, юрагимизни ҳовучлаб куёвникига бордик, – деди Раҳимов. – 6 та барзангидай эркак ёқамдан олиб кетди. Нима дейишни ҳам билмай қолдим. Қизингни олиб кет, тўйга 90 миллион сарфладик, шу пулни жойга қўй, дея шарт қўйди. «Унча беролмайман, ҳозир ишсизман, уйда ўзимман, икки келиним ҳам менинг қарамоғимда, икки ўғлим Россияда ишлаяпти, дедим. Унамади. Охири 50 миллионга кўнишди. Эртаси куни уйдаги 3 та қорамолимни сотиб, 20 миллион сўм элтиб бердим. «Гаров»да турган келин янгаларни чиқариб юборишди. Ўша куни қизим ва хотиним уйдан чиқиб кетди. Маҳалладагилар олдида шарманда бўлдим, деб хотиним уйга келмаяпти. Урганч шаҳрида ижарада яшаяпти. Қизим ҳар куни ўзимни ўлдираман, дермиш. Видео интернетга тарқаб кетгандан сўнг хотиним ҳам руҳий сиқилди.
Ўгай отанинг айтишича, куёв томон бир ойда 50 миллион пулни тайёрлаб қўй, бермасанг уйингни ёқаман, деган босим ўтказган. Маҳалла оқсоқоллари пул берма, аввалги 20 миллион сўмни ҳам бекор берибсан, сен ҳам тўйга пул сарфлагансан ахир, деган.
Ўгай ота куёв томонга ортиқ пул бермаслигини айтади ва куёвнинг акаси эса бунга қасд қилиб, 22 ноябрь куни видеони интернетга тарқатиб юборади.
«Элтуз» бу ҳолатнинг ҳуқуқий томонини ўрганди.
«Куёв томон мазкур ҳолатда зўравонлик ва таҳқирлаш ҳолати борлигини била туриб видеога олганлиги, келинни таҳқирлагани ва унга туҳмат қилганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189 ва Жиноят кодексининг 130-моддалари билан жавобгарликка тортилиши зарур. Ўгай отага қилинган пўписа, куч ишлатиш ҳолати даражаси ўрганилиб, унга ҳам чора кўрилиши керак», дейди тошкентлик ҳуқуқшунос.
Хоразм вилояти ИИБ мулозими «Элтуз» мухбирига тез орада бу видеога олиш «маросими»ни амалга оширганларга қонуний чора кўрилишини билдирди. Ҳозир тергов ишлари кетаётганини маълум қилди.
-Ўгай ота берган 20 миллион сўм пулнинг қайтариб олиб беришга ваъда беролмаймиз, ушбу оила билан муросага келиш қийин бўляпти. ИИБ биносида ҳам анча жанжал қилди. Уларда на қонунга амал қилиш тушунчаси бор, на ўзаро ҳурмат ҳисси, – дейди мулозим.
Ўзбек интернет сегментида қашқадарёлик ва самарқандлик келинларнинг куёв ва қариндошлари томонидан таҳқирланиб, видеога олиб тарқатилган ҳолатлари кўп учради.
Куёв томон бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси биринчи бандига кўра айбдор деб топилиб, белгиланган миқдорда жарима тўлаган.
Eltuz.com