Асосий мавзулар
8 декабр 2020

Усмон Азим: Шерали Жўраев билан Санжайнинг эмас, менинг ҳуқуқим бузилди

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим “Элтуз” мухбири билан суҳбатда хонандалар Санжай ва Шерали Жўраев жанжалига умуман аралашмаганини, артист билан тенг бўлиш яхшиликка олиб келмаслигини айтди.

– Мен бу бўйича ҳеч қаерга мурожаат қилмадим, – деди Усмон Азим. – Куй меники, қўшиқ меники, деб талашиш ўзбек санъатида бугун бўлиб турган нарса эмас. Аммо реал қараганда, бунда на Шерали Жўраевнинг, на Санжайнинг ҳуқуқи топталяпти. Аксинча, менинг ҳуқуқим топталяпти.

“Элтуз” мухбири бу воқеаларни ўрганиш мақсадида унинг иштирокчилари билан телефон орқали гаплашди. Фақат Санжай билан боғланишнинг имкони бўлмади.

“Элтуз” мухбири билан суҳбатда Шерали Жўраевнинг катта ўғли Шоҳжаҳон Жўраев Санжайга нисбатан ҳеч қандай адовати йўқлигини, аммо санъаткор катталарни ҳурмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

– Санжай озми-кўпми мухлисига эга, – деди Шоҳжаҳон Жўраев. – Санъат майдалашишни ёқтирмайди. Майдалашган одам бутун умр майдалигича қолиб кетади. Бизнинг оилада унинг шахсига, ижодига нисбатан ҳеч қандай адоват йўқ. Фақат ўғил сифатида отамизга нисбатан айтилган ҳақоратли сўзларни кўтара олмадик. Укам Зоҳиршоҳ ва Санжай ўртасидаги низога ҳам ҳурматсизлик сабаб. У узрини сўраб, ижодини давом эттирганида олам гулистон эди.

Чеченистонда хизмат кўрсатган артист, 43 ёшли Санжар Жавбердиев (Санжай) инстаграмдаги профилида Шерали Жўраевнинг ўғлига отасидан рухсат олиб беришини сўраб бир неча бора қўшиқларини юборганини видеотасмага олиб жойлади.

Унда Зоҳиршоҳ Санжайга қўшиқларини отасига кўрсатишга вақти бўлмагани қабилида жавоб берган. Орадан икки йил ўтиб, Зоҳиршоҳ Санжай отасининг қўшиқларини бузиб куйлашга ҳақи йўқлиги, бунинг учун отасидан рухсат олмаганини иддао қилмоқда.

Санжай “Гулбадан”, “Атиргулим, атрингни соч”, “Карвон” номли қўшиқларни ва уларга асос бўлган шеърларни муаллифларнинг розилигисиз, асар яхлитлигини бузган ҳолда ижро этгани сабабли Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ариза келиб тушган.

Аризага кўра, Санжар Жавбердиев қўшиқлар муаллифи, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳамда шеърлар муаллифи, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовдан ҳеч қандай розилик олмасдан ва улар билан шартнома тузмасдан, қўшиқларни аслини ўзгартирган ҳолда ижро этган. Гўёки бу билан “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунни бузган.

Мазкур қонунга, асар (қўшиқ)ни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Аризада айни юқоридаги ҳолатда бунинг акси бўлгани туфайли қўшиқларга бўлган муаллифлик ҳуқуқи жиддий равишда бузилгани сабабли Санжар Жавбердиев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддаси биринчи моддаси бўйича айбдор деб топилиб, даъво судга юборилган.

Аммо Усмон Азимнинг на ўзи, на ишончли вакили Санжай устидан ариза ёзмаганини маълум қилди.

Шерали Жўраевнинг икки ўғлининг ижтимоий тармоқларда Санжайни обрўсизлантиришга қаратилган чиқишларидан сўнг Санжай ҳам кетма-кет бунга жавоб қайтарди.

У чиқишлардан бирида “Карвон кўрдим” деб бошланувчи  шеър ва қўшиқ муаллифи на Усмон Азим, на Шерали  Жўраев экани, уни 1978 йилда ҳофиз Холиқ Хурсандов иккаласидан олдин куйлаганини айтган.

Санжай 2020 йил ноябрь ойи охирида инстаграмдаги мухлислари билан бўлган жонли мулоқотида Усмон Азим ва Шерали Жўраевга қарата: “Қўшиқларингни ёстиқларинг тагига қўйиб ётинглар”, деган.

Буни Жўраевлар отасига нисбатан ҳақорат, деб баҳолашмоқда. Усмон Азим эса “Элтуз” мухбири билан суҳбатда бу тортишувларга жавобан: “Артист билан тенг бўлмайман. Унинг битта оғзидан ёмон сўз ҳам, яхши сўз ҳам чиқаверади”, дея муносабат билдирди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 июн 2022
Авангард санъатнинг минглаб қимматли намуналари сақланаëтган ўзбек музейлари ва мамлакатда фаол ижод қилаëтган 500 дан ортиқ рассом ижоди Ўзбекистон ...
9 ноябр 2015
Қарши шаҳар милицияси бошлиғи муовини Акмал Қултоев ва ИИБ жиноят қидирув бўлимининг ўндан зиёд ходими, тергов пайтида гумонланувчига жиноятни ...
12 июн 2023
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан болалар меҳнатига қарши курашиш куни дея белгиланган бу сана ҳар йили 12 июнда нишонланади. ...
25 феврал 2019
«Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон сиёсий элитасининг ташқи кўриниши ўзгарди. Элита аввалгидан очиқроқ, аҳоли билан янги алоқалар ўрнатишга тайёр, ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...