Асосий мавзулар
9 декабр 2020

Ўзбекистон ҳукумати мусодара қилинган активларни масъулият билан бошқара оладими?

Ўғирланган ва халқаро майдонга олиб чиқиб кетилган активларни ўз мамлакатига қайтариш коррупцияга қарши глобал курашнинг муҳим воситасидир. 

Бу клептократлар ва жиноятчилар ўмарган активларни чет эл юрисдикцияларида сақлашга уринаётганларни ҳушёр торттиради ва жабрдийларга мазкур маблағларни қайтариш имкониятини оширади. 

Аммо ҳукуматлар ва уларга яқин доираларнинг коррупцион жиноятларидан жабрланган халққа ўғирланган активларни қайтариш жараёнининг ўзи жуда мураккаблигича қолмоқда.

Шунинг учун ноқонуний активларни қайтариш билан боғлиқ хавф-хатарларни бошқариш ва уларнинг зарар кўрган жамиятларга фойда келтиришини таъминлаш мақсадида тобора кўпроқ халқаро мезонлар ишлаб чиқилмоқда. 

Бу мезонлар Активларни қайтариш бўйича кўп томонлама глобал форум (Global Forum on Asset Recovery) томонидан ишлаб чиқилган Мусодара қилинган ўғирланган активларни коррупция ҳолатларида тасарруф этиш ва топшириш тамойиллари (GFAR principles)да ўз аксини топган.

Олстер университети криминология йўналиши профессорлари Кристиан Ласслетт ва Девид Станчак томонидан тайёрланган ҳисоботда ушбу тамойиллар билан боғлиқ жараёнлар таҳлил этилган. 

Уларнинг билдиришича, GFAR тамойиллари активларни қайтариш билан шуғулланувчи томонлардан юқори шаффофлик ва ҳисобдорлик стандартларига риоя этишни ва фуқаролик фаоллигини талаб қилади. 

Шунингдек, тамойиллардан бирида қайтарилган активлардан коррупция натижасида етказилган зарарни қоплашга ёрдам берадиган тарзда фойдаланиш ва ўғирлик қайта такрорланишининг олдини олиш тавсия қилинади.

Оддий қилиб айтганда, репатриация қилинган активларни қайтариш билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ шаффоф бўлиши керак. Бу маблағларни бошқарувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар жамият олдида тўлиқ жавобгар бўлиши шарт.

Қайтарилган активлар етказилган зарарни имкон қадар қоплаши ва коррупцияга қарши ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши муҳимдир. 

Эътиборли жиҳати, жабрланган одамлар қайтарилган маблағлардан фойдаланиш қарорини қабул қилишда ўз овозига эга бўлиши катта аҳамият касб этиши керак.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бозорни либераллаштириш ва давлат хизмати профессионаллигини оширишга қаратилган ислоҳотларини эътироф этар экан, ҳукуматнинг GFAR мезонларига мослигига эътибор қаратади. 

Бунда ўрганиш учун Каримова, унинг шериклари ёки алоқадор шахслардан тортиб олинган компаниялар – “Central Asia Megastar” МЧЖ (божсиз савдо ва маркетинг), “Нефтгазмонтаж” МЧЖ (нефть ва газ соҳасидаги қурилиш), “MDS-Servis” МЧЖ (хусусий поликлиника ва тез ёрдам), “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ (телекоммуникация) ва “Terra Group” МЧЖ (медиахолдинг) танлаб олинди. 

Маълум бўлишича, ушбу корпоратив активларнинг бир қисми, масалан, “Central Asia Megastar” ва “Нефтгазмонтаж” давлат мулки бўлиб қолмоқда.

“MDS-Servis Clinic” МЧЖ эса 2018 йилда суд қарори асосида ким ошди савдода сотилган. “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ ҳозир давлат тасарруфида, аммо яқинда Президент фармони билан оммавий ким ошди савдога қўйилган. “Теrrа Group” ёки унинг активлари тўғрисида оммавий маълумотлар эса кам.

Муаллифлар тадқиқоти “MDS-Servis” хусусий шифохонаси ва тез ёрдам хизмати билан боғлиқ ким ошди савдодаги шубҳали жиҳатларни аниқлади. Бу савдода “InFinBank” билан боғлиқ “Маster Leasing” холдинг компанияси ғалаба қозонгани маълум бўлди. 

Хавотирларга сабаб бўладиган жиҳати шундаки, Каримова синдикати илгари ҳам ўз ҳаракатлари учун шу банкдан фойдаланган. Бошқа томондан, бу банк билан боғлиқ тузилмаларнинг фаолияти шубҳали экани ҳақида кўплаб иддаолар бор. 

Масалан, “InFinBank”нинг асосий эгаларидан бири сифатида кўриладиган Фарҳод Маматжоновга алоқадор экани айтиладиган “Swiss Invest Holding AG” компаниясининг Россия ва Ўзбекистонда жиноятчилик ва коррупцияга алоқадорлиги тўғрисида жиддий далиллар келтирилди. 

Тадқиқот давомида аниқланган иккинчи муаммо активларни мусодара қилиш ва уларни бошқариш бўйича шаффофликнинг йўқлигидир. Суд қарорлари жамоатчиликка очиқ эмас ва аукцион лотларига ҳаволалар ишламади. Ҳукумат мусодара қилинган ушбу корпоратив активлар, уларни бошқариш ёки сотиш бўйича муҳим ҳужжатларни нашр этмади.

Ушбу хулосаларга асосланиб, Ўзбекистон ҳукумати Каримова синдикатидан мусодара қилинган ички активларни бошқаришда ошкоралик, ҳисобдорлик ва инклюзивликнинг асосий мезонларига тубдан риоя қилмаяпти, деган хулосага келиш оқилона бўлар эди. 

Бу ҳукуматнинг халқаро активларни қайтариш тамойилларига жавоб бериш қобилиятини баҳолаш учун энг аниқ мезон экани ва ички қонунбузарликлар нақадар қўпол бўлганини ҳисобга олган ҳолда тадқиқот муаллифлари активларни қайтариш жараёнини таъминлашда учинчи томон механизмидан фойдаланишни қатъий тавсия қилади.

Тавсияга кўра, масалан, мусодара қилинган ўғирланган мол-мулкни мустақил судларга кириш имконияти мавжуд бўлган қатъий корпоратив шаффофлик ва корпоратив бошқарув тўғрисидаги қонунлар билан тартибга солинадиган юрисдикция таркибига кирувчи мустақил нотижорат компанияга ёки Ўзбекистондан ташқарида тузилган трастга ўтказиш мумкин. 

Албатта, учинчи томон ёрдамида шаффофлик, ҳисобдорлик, назорат ва инклюзивлик протоколлари билан амалга оширилган бир қатор мувофиқлаштирилган ташаббуслар орқали ўғирланган активларни босқичма-босқич қайтариш мумкин бўлади.

Учинчи томон механизми қўшимча харажатларни талаб этади. Шунга қарамай, ҳисобот муаллифлари Каримова синдикатидан тортиб олинган ички активларни бошқаришда асосий корпоратив бошқарув стандартлари аниқ бузилган бўлса, ушбу механизмни истисно вариант тарзида қўллаш муҳим бўлишини таъкидламоқда. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 октябр 2024
11-декабрдан 15-декабргача Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театрида Жорж Фридерик Ҳанделнинг “Тамерлано” операси машҳур режиссёр Стефано Поданинг замонавий ...
11 апрел 2017
Шерали Жўраев халқ севган хонанда 70 ёшга тўлди. У 1999 йилдан буён ўзбек ҳукумати пешволари назарида Муҳаммад Солиҳнинг дўсти ...
15 май 2016
«Панама ҳужжатлари» дея ном олган маълумотларда ўз маблағларини ҳориждаги офшорларга яширган 100 дан ошиқ ўзбекистонликларнинг ҳам исм фамилиялари, манзилларигача ...
7 май 2019
Ўзбек тилига кириб келган яна бир дурагай сўз ижтимоий тармоқ юзерлари танқидига нишон бўлди. Фейсбук тармоғига қўйилган оддий чинни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...