Асосий мавзулар
25 декабр 2020

РТдан ваъз: Каламуш ва ўлим йили тугади

Азиз дўстим. Кўзлари интизор синглим. Меҳрибон опажонларим. Дуогўй онахонлар. Юзидан фаришта ëққан отахонлар, акалар, укалар, севининг, каламуш йили тугамоқда. Ўлимлар, касалликлар, чеклов ва йўқотишлар йили ортда қолмоқда.

Йил бошида ваъзларимни эшитиб “муштум“дан ҳам ўтибсиз, деб изоҳ ëзган Аҳмаджон ака, “Ëшулли, Тўйтепага меҳрингиз бўлак” деб изоҳ қолдирган Андрей ака Кубатин каби ўнлаб қадрдонларим ўлди.

Қийналиб ўлишди. Нафас етмади уларга. Кислород етмади. Касалликни енгиб, йил сўнггига қадар етиб келганлар эса мадорсиз, аммо умидсиз эмас.

Мен туннел ортида чиқиш йўли борлигини синаб кўрганман. Ëшлигимда эшигимиз олдидан улкан қувур ўтказилди. Қувур ҳали кўмилмай, икки тарафи уланмай турарди. Қувурнинг узунлиги уч бекат орасича чиқарди. Бир тарафи сут заводининг ëнида бўлса, яна бир тарафи Обдол бангининг уйи олдида эди.

Мен шу қувурнинг бир тарафидан эмаклаб кириб, иккинчи тарафидан чиқишни истадим. Нега? Буни ўзим ҳам билмайман. Бола эдим. Саргузашт истардим. Хуллас, сут заводи олдидан қувурнинг ичига эмаклаб кирдим.

Аввалига эмаклаб боравердим. Аммо бир оз ўтгач, темир қувурнинг ичида иссиқдан мазам қоча бошлади. Нафас олишим қийинлашди. Энг ëмони, қоп-қоронғи зулмат эди қувурнинг ичи. Олдинга эмаклардим. Бир-икки марта қувур деворига бошимни уриб олиб оғриқдан йиғладим.

Ортга қайтсамми, деб ўйладим. Аммо мантиққа кўра, ортга қайтиш йўли олдинга юришдан узоқроқ бўларди. Боз устига, тор қувур ичида орқага қайрилиш имкони йўқ.

Олдинга эмаклардим. Зим-зиë қоронғу зимистон. Ҳаво тобора сийраклашарди. Юзимга оққан кўз ëшларим тезда қуриб қоларди. Чунки темир қувур ичи ëзнинг кунида қизиб кетган эди.

Эмаклаяпман. Бирдан қўл-оëғим бўшашиб, юролмай ëтиб қолдим. Умидсизлик ва қўрқув ҳисси мени ерга қапиштирди. Шу қувурнинг ичида ўлиб кетсам-а, деб ўйладим. Охирги кучимни йиғиб, қўлларимга таяниб яна эмаклай бошладим.

50 метрча эмаклагандан кейин узоқда тангадай нур кўринди. Туннел ортида нур бор, деб бир одам айтса, дарров болалилигимдаги қувур ичида кўрганим нурни эслайман.

Бу нур менга умид ва куч берди. Қўрқув мени тарк этди. Куч ва ғайрат танамга қайтди. Нур эса катталашарди. Қувур ичига Обдол банги боғларидан эсган сарин шаббода кира бошлаган эди.

Мана, ниҳоят йўл тугади. Қувур бошида турган болалар мени қаҳрамон каби кутиб олишди. Узоқ вақт эмаклаган одам қаддини кўтаришга қийналади.

Аммо машаққатларни енгиб ўтишнинг руҳий энергияси бор. Одам ўзига ишонч хосил қилади. Ҳар қандай шароитда ҳам чиқиш йўли бор. Совуқ қиш ортидан баҳор келади. Бу табиат қонуни. Туннел ортида, албатта, нур бор.

Пулли «сити» ҳақида

Дунëда кўп қаватли уйларни пул тўлаб кўрадиган ягона халқ ўзбеклар бўлса керак. Дарвоқе, «Тошкент сити»да дунëдаги энг узун хотдог пиширишди. Агар хотдогни йўлга ëйсангиз, Юнусободдан то Тўйтепагача етади.

Хотдог дегани иссиқ ит дегани. Америкада қашшоқлик замонидан қолган овқат. Америкада итларга гўшт беришган. Аммо гўшт қимматлаб кетган. Гўштга ўрганган итлар эса нон емайди.

Ноннинг орасига иссиқ сосиска қўйиб итга беришган. Шунга хотдог дейилади. Менга шу қишда мошхўрда ëки гумма кўпроқ ëқади. Бунақа иссиқ итдан кўра.

Оға, «сити» қимматлабди, шуни ëзинг, дейишди. Мана, ëздим. Эшитинг.

Чехиянинг пойтахти Прага шаҳридаги бит бозори (тезековка)га кириш учун одам бошига бир доллардан пул тўланади. Атом реактори портлаган Украинадаги Чернобил шаҳри вайроналарини кўриш ҳам пулли.

Сизлар «сити» пулли бўлди, деб додлайсизлар. Умрида газ, электр чироқ, текис асфальт йўлни кўрмаган халқ учун «сити» бир мўъжиза. Мўъжизани кўриш эса пул туради.

Текинхўрлик ва паразитизмга ўрганиб қолганлар додлаяпти. Нега энди текин томоша кўрсатиш керак сизга? Текин пишлоқ сичқон тутадиғон қопқонда бўлади. Фалон мамлакатдаги «сити» бепул деб мазгини қоқавурманглар. Палон мамлакатнинг халқи текин «сити» кўриш ҳақига эришиш учун курашган. Митингларга чиққан.

Сизларга ўхшаб, яшасин юртбоши, деб 29 йил тўнқаймаган. Ўзим кал – кўнглим нозик, деган қавм бу – сиз. Чироқ хайф сизга, газам. «Сити»га кириш нархини яна ошириш керак. Олдин айтганимдек, «сити»га киришда кўтингизга икки марта, чиқишда тўрт марта тепиш керак.

Чунки сиз бунга лойиқсиз. Сиз пайдо қилдингиз бу ўғри бошқарув элитасини. Сизнинг нотавон сукутингиз ва икки пулга қиммат сабрингиз заминида бу чиркин ниҳоллар илдиз отиб, коррупция чинорларига айланди.

Сайловда конституцияга зид иш қилган одамга овоз берган тўда нега «сити»ни текин кўриши керак? Ким у? Нима ҳаққи бор. Умуман, уйида ўтирсин микроб юқтирмай пандемия пайтида.

Қишлоқи қиз шаҳардаги бой оилага келин бўлиб тушгач, ўз уруғларидан уяларкан. «Кевурманглар кир-чир бўлиб. Бизани уйимизага фақат чиройли кийинган бой одамлар келади».

Худди шунга ўхшаш ҳолат «Тошкент сити»да. Вилоятлик, Ипподромдан арзон кийим киядиган одамлар юришини бойлар хоҳламаяпти.

Аслида тарих такаррур қилмоқда. Ҳозир Амир Темур ҳайкали турган Тошкентдаги скверга ҳам чор даврида эски шаҳар аҳолиси кириши тақиқланган эди.

Ўрис хонимчалар ва оппоқ маржалар оқ шамсия тутиб юрганда, йиртиқ тўн кийган қоп-қора одам тиржайиб юрса, умумий манзара бузилади. Ўшанда «Сартлар ва итлар кириши мумкин эмас», деб ëзиб қўйилган эди. Хуллас, ор қилинадиган халққа айланди бу 33 миллион.

Ортда қолган ҳафтага «отингни сот, молингни сот, паспорт ол» деб ном берган бўлардим. Биласиз, эски яшил паспортлар муддати январда тугайди. Янги жигарранг паспорт олиш керак. Халқнинг ярми ўрисга кетиб қолган, ярмини боқиши керак.

Паспорт алмаштириб пул қилиш бизнеси ҳам кимларнингдир гулдай ҳунарига айланди. Мана, Ҳазораспда паспорт олиш учун ур-тўполон бўлди. Ҳазораспда шунча одам яшаши шу тўполонда билинди.

Ўрис ўрмонида юрган дангасалар, тузукроқ ишлаб, пул юворинглар истонга. Бўлмасам милиса бориб, қулағингдан чўзиб Ўзбекистонга қайтаради. 

Уйчи тумани ИИБга ойига $200 дан кам пул юбораётган меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтариш топшириғи берилган. 200 та дангаса қайтарилиб, хотини қарамоғига ўтказилган.

Одамларнинг йиғиб қўйган пули тугамоқда. Туз оға, қайтариш шарти билан икки минг доллар бериб туринг, дейди Рихситилла деган йигитнинг гули.

Телеграмдаги саҳифасига кириб кўрсам, “Эй, Рихситилла, қарзни қачон қайтарасан”, деган дашному маломатлар билан тўла. Қарз балоси нималигини мен ҳам бошимдан ўтказганман. Аммо бугун ишим яхши, камбағал бўлсам ҳам тўрвам бор, дегандай.

Нега ишим юришиб бойиб кетганим сабабини таҳлил қилиб кўрдим. Қарз ботқоғига томоғимгача ботиб кетаëтгандим. Биттасига машинамнинг калитини бериб, бир-икки кун қарзни қистамай тур, деб илтимос ҳам қилдим.

Бу онда Париждаги рассомлар биенналесига таклиф келди. Бор-кел билет, бир ҳафта яшаш биеннале ҳисобидан. Шартта учдим-кетдим.

Аммо Париж совуқ эди, март ойи бўсаям. Иссиқроқ кийим қидириб дўконга кирдим. Арт куратор кунлик харажат учун карта берганди. Битта қора кашмир пальтони қиммат бўлсаям олиб кийдим. Ойнакка қарасам, ярашди.

Шундай қиммат пальто олиш ҳиссидан мамнун бўлдим. Кўчага чиқиб иссиқ ва енгил пальто ичида танам яйраб яна севиндим. Сафар қариб Тошкентга қайтдим. Қайтган куним Қурбон ҳайитга тўғри келди (йилда икки карра пешанам саждага тегадиган зотман).

Кечқурун Парижнинг Шарл де Голл аэропортидан кўтарилган учоқ мени тонг саҳар Тошкентга элтди. Ҳайит намозига улгуриш учун тез чиқдим. Юким йўқлиги иш берди. Қўлимда бир саквояж бор эди, холос.

Такси олиб Себзордаги масжидга қараб кетдим. Ҳайит аомозидан чиқиб, Себзорда яшайдиган рассом дўстларим билан байрамлашиш режам ҳам бор эди.

Ўзим билан Париждан совуқ ва рутубатли ҳавони эргаштириб келгандай бўлдим. Изғирин шамол аралаш ëмғир ëғарди. Себзордаги мачит олдига борганимда байрам намозига дақиқалар қолган ва мачит ичида менга ер йўқ эди.

Ташқарида ëмғир. Менга ўхшаб кечиккан юзларча одам ташқарида жойнамоз устида салафанга ўралган дўппи кийиб ўтиришарди.

Сажжодам йўқ. Шартта эгнимдаги ўша кашмир  пальтони ерга ëзиб, устида тиз чўкиб қўлимни боғладим. Байрам намози тугади. Ичимда бир рафоқ ҳисси бор эди.

Рассом дўстим (ҳозир марҳум) Ҳакимжон Мирзаҳмедов эшигини қоқиб, байрам дастурхонида ўтириб нонушта қилдим. Ҳакимжон аканинг хотини пальтомни ювиш учун олиб, ўрнига битта эски куртка берди.

Шуни кийиб уйга кетдим. Икки кун ўтмай Лариса телефон қилди. (Лариса рассомлик асарлари савдоси билан шуғулланади).

Интерконти меҳмонхонаси холлида учрашдик. Кўзойнакли бир одам билан таништирди. Исроилнинг Хайфа шаҳридан атай келибди. Шу одам менинг барча асарларим муаллифлик ҳақини сотиб олишини билдирди. Барча асарлар ва келажакдаги асарлар.

«Соглашайся», деди Лариса кўзини қисиб. Келишув қоғозидаги рақам, тўғрироғи, у ердаги ноллар сони мени ҳайратга солди. Ларисага кўрсатсам, «ҳа, тўғри, шунақа сумма», деди.

Бу сумма мени қарз ботқоғидан қутқарибгина қолмай, яхшигина бадавлат қилган эди. Пулнинг бир қисмини нақд олдим. Қолган қисми траншлар билан ойма-ой ҳисобга ўтадиган бўлди.

Ташқарига чиқдим. Лариса кулиб, ҳеч бой одамга ўхшамайсан, эгнингдаги курткани бомж ҳам киймайди, деди. Устоздан таварик бу, дедим.

Ҳамид Олимжон метроси ëнидаги бутикка Лариса билан кирдик. Лариса битта қора кашмир пальтони олиб, шуни кийиб кўр, деди. Мен кулдим. Бир ҳафта ичида айни фирманинг пальтосини иккинчи марта олаëтган эдим.

Шу-шу  моддий етишмовчилик мени тарк этди. Ресторанда ўтираркан, қандай ҳисоб келаркан, деб ўйламайдиган бўлдим. Мошинага бензин солганда нархини, мошина ҳайдаëтиб, қанча бензин ейишини ўйламайдиган бўлдим.

Бу ўйлардан холос бўлган миям санъат ва сиëсат ҳақида тафаккур қилишга жадал киришди. Рассом Сальвадор Дали гапини энди тушундим. «Рассомнинг бой бўлгани фақир фуқаро бўлганидан аъло», деган эди устоз Салвадор Дали.

Қуш тилини қуш билар

Бу йил янги йил байрами мактаб ва ташкилотларда нишонланмайдиган бўлди. Тўғри қарор. Кўпчилик орасида касал тарқаши мумкин.

Аммо бу нарса отарчилар бозорини касод қилади. Буни билган ашулачи Жаҳонгир Отажонов имомликка даъвогарликнии бошлаворди.

Дониëр Тошмуҳаммедов деган ашулачи буни ҳаммадан олдин билган. Ҳозир у мачитда имомлик қилади. Ислом университетидан кўра Тошкент консерваторияси кўпроқ имом чиқаради. Баракасини берсин. Қуш тилини қуш билади. Отарчиларнинг ҳам ўз орасида гаплашадиган тили бўлади.

Ота – 2015 йилгача И.Каримов, ундан кейин Ш.Мирзиëев.

Она операцияси – тўй охирида келин-куëвнинг онасини ўртага чиқариб қўйиб, шеър ва қўшиқ айтиб пул шилиш схемаси.

Пилесос –  отарчига қистирилган пулни космик тезликда йиғиб оладиган махсус ходим. У музикантдан ҳам муҳим.

Спекульянт –  бирровга келган отарчиларнинг навбатини тартибга соладиган тўйхона маъмури. Ҳақи берилса, навбатни зўр қилиб тўғрилаб беради.

Бастакор – турк, араб ва бошқа давлат мусиқачиларининг хит бўлган ашуласининг минусовкасини ўғирлаб, ўзбек артистларига 1000 доллардан сотадиган тадбиркор фирибгар.

Ай мамажон –  ўғрилар йиғинига борганда, албатта айтилиши керак бўлган классик қўшиқ.

Пона – фонограмма айтилаëтганда микрофонни ишлатиб «Салом, Чилонзор! Сизни севаман», дея жонли айтиладиган техник приëм.

Иккинчи маъмур – аслида у шафёр. Аммо ашулачилар билан расмга тушмоқчи бўлганларни пул эвазига орзусига эриштиради. Бирровчи артист навбатда турганда видеочидан пул олиб интервью ташкил қилиб беради.

Косит лаванду – янги йил арафасида корпоративларга бориб, эски совет қўшиқларини, масалан, «Горная лавандани» айтиб соққа қилиш. Ўзбекчаси – «лаванда ўрим-йиғими».

Томсувоқ – текинга  «Ўзбекконцерт» орқали бориладиган тўй.

Кукла – артистга катта пулни (долларда) намойишкорона тутадиган келишилган одам. Одатда уни иккинчи маъмур ëллайди.

Криша – тўйда жанжал бўлса, телефон қилинса, муаммони ечадиган одам. Унинг номери маъмурнинг қўл телефонида бўлади.

Эгов – ашулачининг олдига ичиб келиб, «Ўзбегим»ни (ёки исталган хит қўшиқни) айт, деб ялинадиган одам.

Футляр – тушган пул солинадиган чамадон. У Пилесос назоратида бўлади.

Ғаламис – қўшиқчиларни танқид қиладиган блогер.

Сурбет – тўйга бориб пул қистирмай, тўйхонадаги диванда ўтирадиган одам.

Паст – мингталик қистириб, «жонли айтасан», деб талаб қилади.

Маданиятсиз – ййинга тушиб бўлгач, қистирилган пулларни қўшиқчига олиб келиб бермай, даврадан чиқиб кетади.

Маънавиятсиз – раққосага пул қистириш ўрнига гул қистиради.

Обменшик – юз  минг сўмлик олиб келиб, юзта  минг сўмлик қилиб беринг, дейди.

Каламуш – ўртадаги пул тақсим қилинаётганда пул яширади.

Бирровчи – иккита қўшиқ билан барча пулни йиғиштириб кетадиган юлдуз.

Очарчи – ўртани олиб борадиган сўз устаси.

Зўлдир, соққа, якан, карам, қозоқ – тўйда тушадиган пул бирликлари.

Таракан – қўшиқчининг орқасида, худди ўзи чалаётгандай питрайдиган чала музикант.

(Рўйхатни тўлдириш олқишланади. Пастга коммент шаклида билганларингизни ëзинглар. Мен кейин қўшиб қўяман).

Қиш ҳикояси

Бир йил бир оғайним янги йилни бирга кутайлик, деб меҳмонга чақирди. Мен Тошкентга, у эса Жумага яшайди. Талаба йигитман. Оқшом поездга чиқиб, Каттақўрғонга йўл олдим.

Каттақўрғондан Жумабозорга бориш керак. Нимадир бўлиб поезд кечикди. Борсам, мени кутиб оладиган одам йўқ. Соат тунги 3. Устим юпқа эканини ўшанда билдим.

Эгнимдаги хитой курткадан совуқ тўғри ўтиб, танамни бигиздай тешарди. Кийганим жинси шим ҳам совуқ чақирарди. Оёғимдаги тошкентликлар айтмоқчи «тўплиг» намиқиб, жилопларим ҳўл бўлганди.

Умримда бундайин совқотмаганман.  Декабрнинг ўттизи эди. Қашшоқлик қурсин, такси ушлашга ошиқча оқча йўқ. Бир ўрол мотоциклда одам турган экан. Поездан юк олди. Мен унга қараб, тоға, Жума тарафга кетсангиз мени ола кетинг, дедим. Менга шубҳа билан қараб иккиланди бу тоға. Ўғрими-тўғрими, деб ўйлади.

Кейин раҳми келиб, чиқ кажавага, деди. Кажава дегани бир темир қути. Мотоцикл юриши билан совуқ ўн марта кучайди. Қош ва киприкларим оппоқ бўлди.

Оғайнимнинг эшигини қоққанимда буткул музлаб қолгандим. Оғайним аҳволимни кўриб, дарров тушунди. Ичкарига олиб кирди. Голланд печига қуриган ўрик тарашасини кўмир аралаш ташлади.

Тарс-тарс ëнади. Жилопларимни ечиб ташладим. Тоғорада иссиқ сув олиб келди оғайним. Оёғимни ботириб ўтириб исиндим. Кейин улкан пўстин олиб келиб берди.

Ўша пўстинга ўраниб ухлаб, тош қотиб қолибман. Эртаси тушларда уйғондим. Қайноқ сутга чой ва занжабил қўшилган қора чой олиб келишди. Ичиб ичим яйради.

Жуманинг нони бошқача бўлади. Эрталаб нон ëпишган экан. Қирғизлар чучуқ дейдиган ëғли қази билан битта нонни еб қўйганимни билмай қолдим. Қишда иштаҳа очилади ўзи. Кейин оғайнимнинг чапани отаси келиб, кечаси совуқда қолганим учун кўнгил сўради.

Кейин ташқарига чиқсак, оғилдан қора қўчқорни судраб чиқишаëтган экан. Думбаси катталигидан нуқул орқага ташлаб юргиси келмасди. Қўй сўйилди. Юраги ва жигарининг ўзини думба ëғига қовуриб меҳмоннинг, яъни менинг олдимга қўйишди. Яна Жуманинг нони. Юмшоқ бўрсилдоқ. Унақа Самарқанд нони каби сувенир эмас.

Уни еб бўлгач, новвот солиб чой ичдим. Ўша йили юз йилда бир бўладиғон совуқ бўлган, дейишди. Аммо эт еб, қора чой ичса, совуқ билинмайди.

Ëғ еб яланғоч ëтасан, деганини энди тушундим. Кейин оғайнимнинг отаси менга қараб, от минганмисан, болам, деди. Мен ҳа билан йўқ орасидаги мавҳум гап айтдим.

Атроф қор. Оғзидан буғ чиқиб турган сариқ отнинг устига кулгили тарзда тармашиб миндим. Унақа бир сакраб минволишни билмасдим. Кейин Жумани бошимизга кийиб, от чоптирдик.

Сариқ от, қора от ва қизилга ўхшаш тўпроқ ранг от. Каттақўрғон ўзи роса от чоптирадиган жой-да. Кечга яқин уйга қайтдик. Янги йил дастурхони безалган эди. Қишки олмалар. Сап-сариқ олтин каби беҳилар. Ранги хунук қишки қовун.

Оғайнимнинг отаси қўрада кабоб елпир эди. Сихга бир гўшт, бир думба қилиб терилган. Бир сих кабобни қўра бошида едим. Оғзимда эриди. Юмшоқ қўй  гўшти. 

«Бу энағар қўчқорни кандир (кўкнори)га боққанман», деди. Ростми- йўқми, билмайман. Жумадагиларнинг ҳаммаси узумдан мусаллас босади. Хонаки вино. Катта челакдай шиша идиш. Атрофи тол чибиқдан четан тўр қилиб тўқилган.

Биттасини ертўладан олиб чиқиб, тоғанинг ўзи почин қилиб бошлаб берди. Шароб бу – узумнинг арвоҳи. Ичимга киргач, миямдан ҳар хил хаëллар тўрт тарафга тарқаб, бирам эркин бўлдим.

Шу туришимда отга бемалол сакраб минардим. Жумада нўхатшўрак деган овқат ҳам қилишади. Умуман, дастурхонда овқат кўп эди. Пақилдоқлар саси келди. Янги йил яқинлашаëтган эди……

Шунақа гаплар. Янги йил қутлуғ келсин. Бошимиздан касал арисин. Қарз балоси бизни четлаб ўтсин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
23 март 2021
2019 йил октябрда президент Мирзиёев 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаган эди. Бу ҳужжат Ўзбекистоннинг самарасиз қишлоқ хўжалигини ...
28 январ 2017
Мустақил ўзбек публицисти Шуҳрат Саломов Армани ва Озарбайжон жамиятининг ўзаро миллий зиддиятлари остида қолди. 24 январ куни ўтган асрларда ...
9 июн 2017
Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси талаби билан пойтахтдаги Рассомлар уйида бузиш ишлари вақтинчалик тўхтаган бўлсада, бунинг душанба кунидан давом ...
17 декабр 2019
Ўзбекистонда сайлов ўйинлари авж олиши фонида Халқ демократик партияси вакили Боймурод Юсупов мамлакатда 25 йил давомида амалиётда бўлган таълим ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...