Мултимедиа
16 феврал 2021

Императив-5. Ўзбек учун нима қилдинг?

Қизиқ, мен ўзимни «Сен кимсан?» деб тафтиш қилар эканман, бошқалар ҳам бу саволни менга бера бошладилар: «Сен кимсан?»

Табиий, саволчиларнинг ижтимоий мавқеига ва менинг фаолиятим турига қараб берилаётган саволнинг оҳангги ҳам ўзгариб турди. Вариантлар:

«Сен кимсан, оригиналлик қиласан, ўзбек шеъриятини ўзгартирмоқчимисан? Сен кимсанки, бизга ақл ўргатасан?»

Кейинроқ, сиёсий фаолиятга ўтганимдан сўнг саволлар агрессивлаша бошлади: «Сен кимсан ўзи, халқ номидан гапирасан? Сен ўзинг нима қилдинг халқ учун? Қўлингдан нима келади ўзи?» ва ҳоказо.

Бу саволлардан илҳомланиб, «Мен кимман ўзи? Шунча йил нимани қойиллатдим? Халқим учун нима қилдим?» дея яна ўзимни тафтиш эта бошладим.

Умримнинг биринчи ярмига қарасам, фақат шеър ёзибман, иккинчи ярмига қарасам, фақат сиёсат билан шуғулланибман. Аммо теранрок боқилса, бу икки соҳа мен учун бир жабҳа бўлганини, фарқи фақат мужодала воситалари ўзгариб турганида эканини кўрса бўлади.

Аввал шеърларимни тафтишлашга қарор қилдим. Мен уларни халқимга фойдаси тегади, деб ёзган эдим чунки.

У пайтлари жуда содда эдим ва ёзаётганларимдан халққа мутлақо бир фойдаси бўлиши керак, деган инончда эдим.

Бу ишнинг устида экан, дўстларимдан бири Анқарадан телефон қилиб қолди ва:

– Нима иш билан машғулсан? – деб сўради.

– Умримда қилмаган бир ишни қиляпман, – дедим.

– Ажабо, нимайди у? – деди дўст самимий қизиқиб.

– Одамларга шеърларимни тушунтириб беряпман, – дедим.

– Хайрдир, иншааллоҳ? – дея яна-да мароқланди дўст.

– Йиллар давомида «М.Солиҳ, ўзбек халқи учун нима хизмат қилдингиз?” дея савол беравериб асабимга тегдилар. Бу каби тергов бир экзекуция даражасига етди. Ўзбекистондан кетиб ҳам қутула олмадим.

«Солиҳ чет элда юриб, Ўзбекистон учун нима ИШ қилди? Ким ўзи бу одам?” дея қийноқ сеансини давом эттирдилар. Уларга жавоб бермоқчиман ниҳоят, – дедим анқаралик дўстга.

– Жиддий олма, биродар. Оломонга жавоб берма. Улар нима деганини билмайди. Ўзбек учун, турк дунёси учун нима қилганингни билиши керак бўлганлар билади, – деди дўстим кўнглимни кўтариб.

Табиий, дўст кўнглимни олди, лекин бу саволга, масалан, сиз, ҳурматли ўқувчим, нима деб жавоб берган бўлардингиз. Дейлик, сиз ҳам сиёсий тазйиқлар билан, ўлим хавфи остида юртингизни тарк этдингиз, қўлингизда паспортингиз йўқ, муваққат берилган ҳужжатлар билан чет элларда йилларча саргардон кезаркан, «узоқда қолган суюкли халқ»ингиз учун нима қилган бўлардингиз?

Ёки у туфайли қамалган укалари оиласига ёрдам бера олмаган, халқаро қидирувга берилиб, жиноятчи эълон қилинган бир одамга «Халқингиз учун нима қилдингиз?” деб савол берса бўладими?

Бўлади.

Энг сўнг бу саволни менга Би-Би-Си радиоси ўзбек хизмати ходими берди.

Ундан «Бу радио саволими?» десам, «Бу савол ўзбеклардан тушаётган савол», дейишди.

Нақадар жиддий савол экан бу. Қаранг, ҳатто Би-Би-Си ҳам беряпти уни менга!

ЎЗБЕК УЧУН НИМА ҚИЛДИНГИЗ?

Бу фашист Олмониясига қарши уруш даврида янграган рус саволига жуда ўхшайди:

«ЧТО ТЫ СДЕЛАЛ ДЛЯ РОДИНЫ?»

Яъни «барака топкур» саволнинг илдизи «қадрдон шўролар»га бориб тақаляпти. Мени салкам ўттиз йил таъқиб этган РУС саволининг нақ ўзи бу!

Бу саволни жиддийга олишга мажбурман. Аслида ҳаммаси шу «жиддийга олиш»дан бошланди.

Феъл-атворим шундай. Айниқса, ёшлигимда воқеалардан тез мутаассир бўлардим. Масалан, Русияда бир газетачи мухбир «Ўзбеклар ўғри» дея мақола эълон қилса, учоққа билет олиб, ўша газетачини топиб ўлдирмак истардим.

Бу мен учун ШАХСИЙ масала эди, ХАЛҚ масаласи эмасди.

Аслида…ҳамма бало шунда эдики, камина ўз эркига севгилисига боғлиқликдан ҳам кўпроқ, ҳатто ота-онасига бўлган боғлиқликдан ҳам мустаҳкамроқ бир боғ билан боғлиқ эди.

Бу ҳолатни қисқа қилиб, ЎЗ ЭРКИГА ҚУЛЛИК дейиш мумкин эди.

ЭРК нима ўзи?

ЭРК ВА «ЭРК» СЎЗИНИНГ МЕНДАГИ БИОГРАФИЯСИ

Турклaр этнос ўлароқ тарих саҳнасига чиқиб (тахминан 4000 йил илгари), то милодий 20-асрга қадар қургани бутун давлатлар тамалида миллатнинг ўз ЭРКини ҳимоя қилиш учун бошланган жанглар ётади. Фатҳ жанглари эмас, бошқаларнинг тупроғини ишғол қилиш жанглари эмас, айнан ўз тупроқларини ҳимоя қилиш учун бошлагани ҳаёт-мамот жанглари ётади.

Бу жангларнинг ҳар бири турк миллати учун янгидан тирилиш даврини ифода этган.

Туркистон турки 20-асрда бу тирилиш даврини икки марта яшади: Биринчиси 1917 йил 27 ноябрида жадидлар таъсис этган Қўқон мухторияти», иккинчиси совет даврида 1990 йил 20 июнида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси эди.

Биринчи давлатимиз бор-йўғи 3 ой яшади – уни 1918 йил 18 февралида рус большевиклари ва армани дашноқ-миллатчилари йиқитди.

Бу давлат билан бирга Фарғона аҳолисидан 40 мингга яқин киши ўлдирилди.

Иккинчи давлатимиз Совет Иттифоқининг мустамлакаси мақомида экан, ўзини 1990 йил 20 июнида мустақил деб эълон қилди.

Лекин уни бугун ҳам рус ҳокимияти бўйинтуруғидан тўла чиқди, деб айтиш қийин.

Аксинча, диктатор Каримов ва ундан кейин Ўзбекистон Жумҳурияти бошқарувидан узоқлаштирилмаган эски коммунистлар ҳукуматларининг ташқи ва ички сиёсатини бугун ҳам Русия белгиламоқда.

«Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон учун нима қилди?» деб бақираётган манқуртлар тўдасига мухтасар қилиб шуни айтмоқчиманки, улар бу очиқламани мияларига абадан ерлаштирсинлар:

1. Юқорида зикр этилган, 1990 йил 20 июнида эълон қилинган МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ ғоясини йиллар давомида, олдин ўзида (шеърларида), кейин яқинларида, кейин сиёсий ташкилотида тарбиялаб-парваришлаб вояга етказиш Муҳаммад Солиҳга насиб этди.

2. 1990 йил 30 апрелида Муҳаммад Солиҳ қурган биринчи миллий сиёсий ташкилот – «ЭРК» партияси ўз миллатига ЭРК бериш ғоясини ташигани учун «ЭРК» деб номланди. Бу ташкилот ҳозирлаган Ўзбекистон Жумҳуриятининг Мустақиллик декларациясини 1990 йил 20 июнь куни Совет Ўзбекистонининг Олий Кенгашига тақдим қилган киши Муҳаммад Солиҳ эди. Ўша куни Олий Кенгаш президиумига чиқиб, Туркистон байроғини кўтарган икки паҳлавон ҳам яна ўша «ЭРК» партияси аъзолари, миллатвакиллари Насруллоҳ Сайид ва Имомали Файзи эди. Бугун бу тарихни бузиб, ўзларича «мустақиллик тарихи»ни ёзаётган сохтакор коммунистлар эмас.

Бу Мустақиллик декларациясини ўша куни Олий Кенгаш қабул қилди ва Ўзбекистон РАСМАН мустақил давлат деб эълон этилди.

3. Ўша пайтда Ўзбекистонни бошқараётган Москванинг сатрапи коммунист Ислом Каримов биз мустақил деб эълон қилган давлатни аввал Янаев хунтасига, кейин Горбачёв «конфедерацияси»га қурбон қилмоқчи бўлди. 1991 март референдумини қабул қилиб, Ўзбекистонни яна русларга таслим этди.

Ўша куни Муҳаммад Солиҳ раислик қилган «Эрк» партияси Ўзбекистонда Каримовнинг бу хиёнатини ланъатлаб, «Совет Федерацияси»га қарши чиққан ва референдумда конфедерацияга қарши овоз берган ягона партия эди.

Оз вақт ўтмай, Аллоҳу таоло Каримовнинг разил режаларини бузиб, совет давлатини йиқди, бизни оламшумул уят ва қулликдан қутқариб қолди. Алҳамдулиллоҳ.

«Эрк истаган руҳ эрксиз ўлкада ҳам эркин яшаши мумкин». Бу доим нафсимни ишонтириш учун шуур остида сокин янграган нақорат эди. Ғингшимоқ, инграмоқнинг фикр одами учун уят эканини идрок этган бир зеҳният:

СЕН ҒОЛИБСАН

Сен ғолибсан мағлубликда ҳам.

Сенга ётдир инграмоқ, ғингшу.

Ўғримассан ёки муттаҳам,

Сен озодсан, бори-йўғи шу.

Обрўйинг йўқки қуласа –

Оломоннинг эрка эрмаги.

Тешик бўлса, роса куласан,

Эл оғзига тутган элагинг.

Фақат сенинг йўқ шахсий ининг –

Ташламайсан ҳеч қайда лангар,

Лекин думинг ҳам йўқ-ку сенинг,

Ғалвир ҳам йўқ унга боғланган! (1981)

(«Шаффоф уй» 1983)

Коммунист сарқити-манқуртлар бойликка, айшу ишратга, фаҳшга бўлган севгисини қандай авайлаб вояга етказган бўлса, биз ҳам ЭРКни ўзимизда шундай вояга етказдик.

Улар ўғирлагани халқ мулкини қандай яширган бўлсалар, ЭРКни душманлардан шундай ҳассосият-ла қўридик.

Манқурт «дода»лар русга сотқинлик эвазига берилган юксак лавозим, люкс машина ва уйларни хаёл қилаётган замонларда биз мазлум халқимизнинг пахта далаларида букилган белини ростлаб, ЭРК шабадасига кўксини очишини орзу этар эдик.

Муҳаммад Солиҳ

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
8 декабр 2016
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Ўзбекистон конституцияси байрамида «ҳамроз» қўшиғини ижро қилди. Кейинги 9 йил давомида Усмонова катта саҳнадан ...
8 июн 2018
«Зарафшон» зонасига этап қилинган сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон 2002 йилнинг баҳорида айни модда билан туҳмат қилиб айбланган Рустам Маматқулов ...
21 сентябр 2017
Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу билан ғурурланадиган давлатнинг раҳбари ...
22 ноябр 2018
Шу йилнинг 23 ноябрида Урганч тумани маъмурий ишлар суди журналистлар уйи мусодара қилингани юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқади. Маҳкама ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...