Асосий мавзулар
25 апрел 2021

RTдан ваъз: Ётган миллатнинг ёт кишилари

Азиз дўстим, кўзлари интизор синглим, меҳрибон опажонларим, дуогўй онахонлар, юзидан фаришта ëққан отахонлар, акалар, укалар, муқаддас Рамазон ойи муборак!  

Мана, ўлмаган қул рўзаи Рамазоннинг 10 кунини ўтказиб олдик.  Ўтган кунларда ўзбек блогеру журналистлари, имому авлиёлари ҳам тинч ўтиришгани йўқ. Ҳамма ўз вазифасини бажаряпти. 

Ўзбекистон матбуоти ëмонларнинг ëмонлари жойлашган рўйхатнинг тубига тушиб кетди.  Ақлли гап айтадиган одам йўқ. Ўксиз ўз киндигини ўзи кесади. Ўша ақлли гапни мен айтсам.

Очиқлик ва ошкоралик катта харажат талаб қилмайди. Ëпиқлик учун миллиардлар зарур.

Энди  қисқа янгиликлар билан танишинг.  Кейин қолган жойидан давом эттираман.

Қисқа хабарлар

– «Фергана» агентлиги мухбири Сид Янишевни 22 апрель куни  Яккасарой тумани ИИБ бўлимига олиб келишди. Унинг сўзларига кўра, бунга 160-мактаб директорининг аризаси сабаб бўлган. У Янишевнинг фейсбукдаги 18 апрель кунги изоҳига муносабат билдириб, буни туҳмат дея атаган.

Мақолада Ивлев кўчасида қурилаётган турар жой мажмуаси қурилиши «160-мактаб учун ҳалокат хавфи»ни келтириб чиқариши айтилган.

– Журналист Агнешка Пикулицка Вестминстер университетида дарс бераётиб, «Бобур асарларида баччабозлик» эпизодларига тўхталган. Шу билан бирга, «Толибон» режимида баччабозлик ривожланганига диққат қаратган. 

Бу дарсни кимдир ëзиб олиб, агрессив тавия гуруҳларга қўйган. Саводсиз ўзбеклар «бу домла Бобурни ҳақорат қилди», деб ажриққа думалаб додлаб ëтибди. 

Бу чмо яратиқлар «Бобурнома» китобини ўқишмаган. Бобур ҳазратнинг ўзи лутф қилиб бор ҳақиқатни ëзиб кетган.

– Жиззахнинг Пахтакор туманида 130 та қўчқорни ортган юк машинаси ағдарилди. Қўчқорларнинг ярми ўлди, ярми қочди. Ҳайдовчи тирик. Аммо ўлган қўчқорларнинг думбалари катта, зоти ҳисори эди.

– Ўзбекистон ўрис мулозимлари тагида шолча бўлиб топталаëтган бир пайтда Чехия 18 нафар ўрис дипломатини ҳайдади. Бунга жавобан Путиннинг амри билан Москвадан 20 та чех дипломати чиқариб юборилди. Чех пиволарига ҳам ясоқ қўйилди. Прага рус жосусларидан, Москва чех пивосидан айрилди. 

– Баъзи ижтимоий тармоқларда Россия Федерацияси ҳудудларида расман рухсат берилмаган оммавий намойишлар ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу давлатда бўлиб турган юртдошларимизни бундай оммавий намойишларда иштирок этмаслик, РФ қонунларига риоя этиш ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликка чақирди. 

Қиссадан ҳисса шуки, кўчага чиқманг, шамоллаб қоласиз. Шамоллаган одам тунда кўрпасига сийиб қўйиши мумкин!

– Сурхондарёлик эркак довча олмоқчи бўлган 13 ёшли болани пичоқлади. Бола реанимацияда. Эркак қамоқда.

– Жиззахда 10 нафар ўқитувчи сохта диплом билан ишлаб юргани аниқланди. Ҳақиқий дипломлилар қандай саводсиз бўлса, сохталари ҳам шундай. 

Кундузи – ходим, кечаси – хотин

Жиззахда уй қулаб тушиши ортидан вилоят ҳокими ўринбосарини бу қурилишларни қариндошларига бергани учун непотизмда айблаган вазир ўзининг хотини, ўғли ва ўнта қариндоши ишлайдиган ҳамда давлатдан тендерсиз буюртма оладиган «Трест 12» масаласида фикр билдирди. 

У «Кечаси уйга келганда у хотиним бўлади, ишда эса қўл остимдаги ходим», деган маънода непотизмни оқлаган. Бу иккиюзламачи коррупционернинг исми Ботир Зокиров. 

Халқ дам оладиган фонтанни буздириб, тагида амалдорлар учун гараж қурдириб, пулини ўмарган ҳам шу. Умуман, Ўзбекистондаги барча қурилишдан «откат» оладиган, эртага зилзила бўлса, тутдай тўкиладиган уйлар қурилаётганига сабабчиларнинг асосийларидан бири ҳам шу. 

Уни таниб олинг. Исми машҳур хонанданикига ўхшагани билан жисман коррупционер. Миллат ва тараққиëт душмани. Бузилиш вазири Ботир Зокиров.

Симёғочни қамаш замони 

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида 1969 йили туғилган Валижон Калонов Ўзбекистон президентини таҳқирлаганликда гумонланмоқда.

Жиззах вилояти прокуратурасига кўра, бу одам YouTube ва Facebook ижтимоий тармоқларидаги ўз профиллари орқали қилган чиқишларида президентни ҳақоратлаб, унинг обрўсига путур етказиб, камситувчи маълумотлар тарқатиб ҳамда унга туҳмат қилиб келаётгани аниқланган.

Валижон Калоновнинг мазкур модда бўйича айби судда исботланса, унга уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. 

Юртдошлар, президент ҳақида гапираркан, тилингизга эрк берманг, йўқса сизни қамоқ кутяпти. Бу ҳақдаги қонун 30 мартда кучга кирди.

Унинг кучга кириши ва Валижон Калоновнинг бу қонуннинг илк қурбонига айланиш эҳтимоли борасида жамиятшунос Сардор Салим қуйидагича фикр билдирди:

«Сиёсатга, жамиятдаги жараёнларга ўз фикрини эркин ва тўсқинликсиз билдириш ҳар кимнинг Худо берган ҳуқуқидир, буни қандайдир амалдорлар олиб қўя олмайди. 

Aмалдорларимиз, жумладан, кучишлатар тузилмалар ҳар қандай эътирозни «хиёнат» деб баҳолайверишдан воз кечиши керак. Жамият ҳам эркинликлар доирасини чеклашга ҳар қандай интилишга қарши огоҳ туриши керак. 

Aкс ҳолда яна ўша «симёғочни ҳам қамаш мумкин бўлган даврлар»га қайтамиз. Aгар аллақачон ўша даврларда бўлмасак». 

«Болажон халқ»

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги 45-мактаб жисмоний тарбия фани ўқитувчиси дарсда ваҳшийлик «маҳоратини» намойиш этиб, Чингиз аксарларидан ҳам, Хитой полициячиларидан ҳам қолишмаслигини кўрсатди. 

https://web.telegram.org/#/im?p=@EltuzTG

Лекин биомасса яна золим ўқитувчини оқлаб чиқди. Болани урган ўқитувчини ёқлаб чиққан махлуқларга айтар гапим йўқ. Улар ҳам ўқитувчилардан калтак еб, синиқ катта бўлишган. Ўша ўқитувчи кейинчалик пушаймонлик хати ёзиб берган. Битта тушунтириш хатида 60 та хато. Қойил!

https://web.telegram.org/#/im?p=@EltuzTG )

Фарзандининг калтакланишини нормал қабул қиладиган ота-оналарга эслатиб қўймоқчиман. Мунтазам калтакланишнинг руҳий саломатликка ҳалокатли таъсирини кўрсатадиган кўп тадқиқотлар мавжуд. 

Болаликда калтакланган ва хўрланган шахслар ўзларига ишонмайди, ўзларига паст баҳо беришади, ўта нотинч ва руҳий тушкунликка кўп учрайдиган бўлишади, гиёҳвандлик ва спиртли ичимликларга тез ружу қўйишади. Хулоса сиздан.

Рамазонда суннат амали

Тошкентда айрим маҳсулотлар Европа пойтахтларидан ҳам қимматроқ экан.

Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Price Warnings лойиҳаси доирасида Тошкент бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини ўрганиб чиқибди. 

Тадқиқотга кўра, Тошкент шаҳридаги апельсин, лимон ва банан нархлари МДҲ ва Европанинг Лондон, Берлин ва Рим каби бир қатор марказларидаги нархлардан баланд бўлиб турибди.

Бошқа қатор маҳсулотлар бўйича:

Қадоқланган сут Тошкентда 82 цент, Лондонда 67 цент.

Маргарин Тошкентда 2,19 доллар, Лондонда 1,92 доллар.

Картошка Тошкентда 46 цент, Парижда 36 цент.

Мандарин Тошкентда 1,72 доллар, Парижда 1,55 доллар.

Макарон Тошкентда 83 цент, Лондонда 56 цент.

Ўсимлик ёғи Тошкентда 1,72 доллар, Лондонда 1,53 доллар. 

Қисқаси, даромадингиз бир кунга 5500 сўм бўлса, бемалол етади.

Умуман олганда, ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистондаги бозорларда нарх-наво осмонга бир сапчийди. 

Бу ҳақда шоир ва журналист Раҳимжон Раҳматнинг фейсбук саҳифасида ёзганлари эътиборимни тортди:

– Анов коробкадаги хурмонгдан бер,- деб сотувчига 10 минг узатдим. 

У торозида жиндайгина, бир ҳовуч хурмо тортиб берди. 

– Мунча кам! – дедим ҳайрон бўлиб. 

– Бу қиммат хурмо, килоси 180 минг сўм, яқинда рўза бошланади, – деди. 

– Рўза бошланса, ҳаммаёқни қиммат қилиш керакми? – дедим норози бўлиб.

– Тепадагилар билади. Хурмо еб оғиз очиш суннат экан-ку, – деди дўкончи. 

– Ўша тепадагиларинг суннатниям иллатга айлантирворди. Суннат деб нархларни ошириш керакми? – дедим жаҳлим чиқиб. 

Хурмо олгим келмади. 

– Хурмонинг ўрнига ўзимизнинг писта ҳолвадан бер,- дедим охирида.

Таъқиб васвасаси

Бош чаноғи мия ўрнига ахлат билан тўлдирилган биомасса эса мана шу нарх ошишида ҳам Американи, Жо Байденни, Жорж Соросни, Марказий разведка бошқармасини ва «Ҳьюман райтс уотч»ни айблаяпти. 

Нима эмиш, бу нарх ошиши айнан Байден иқтидорга келишидан кейин содир бўлгани жуда шубҳали эмиш.

Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизматида ишлаëтган Аброр Абдуазимов мулла Аброр Мухтор Алий номи остида чиқиш қилиб: “Америка мени йўқ қилиш учун туну кун ҳаракат қиляпти”, деди. 

(АБРОР МУХТОР АЛИЙ ГАПЛАРИ ВИДЕОСИ)

Станислав Янковский деган рус юмористининг бир гапи бор: “Арзимас ва ҳеч кимга керакмас одамлар: “Мен дунёнинг киндигиман. Мени бутун дунё ўлдирмоқчи”, деган таъқиб васвасаси билан яшашади”.

Фикримизни модерн эртак билан давом эттирман.

Тўрт бошли аждарҳо пайдо бўлган эмиш. Бир калласи – Америка, иккинчиси – масонлар, учинчиси – Сорос ва тўртинчиси – «Ҳьюман райтс уотч». 

Аброр Мухтор Алий якка ўзлари кўксиларини қалқон қилиб, ҳарб майдониға чиқдилар. Бутун Ўзбекистонни ҳимоя қилмоқдалар. Бу ёвуз кучлар энди ул зоти мукаррамни ўлдириш пайига тушганлар. 

Бале, кечаю кундуз пайт пойлаб ул зоти муборакни ўлдирмак пайидарурлар. Аммо ул зот ҳеч нарсадан қўрқмайдурлар. Биринчи зарбаларида аждарҳони тиззасигача, иккинчи зарбаларида белигача ботирурлар, валлоҳи аълам. 

Тинч ухла, ватан, мард ўғлонингга ҳеч ким бас кела олмас. Вассалом.

Шум бола киносидан парча

Шу ўринда яна бир ақлли гап айтсам. Мендан олдинги файласуфлар ҳам бу гапни турли кўринишда айтиб кетган.

Тоқатсиз жамият улар назарида «хато» китобни ëқади. Кейин китобни ëзган ëзувчи ëқилади. Кейин бу китобни ўқиган ўқувчини ëқишади. Кейин эса мамлакат жаҳолат олови ичида қолиб, таназзул ботқоғига ботади.

Азиз дўстлар, бир ўйлаб кўрдингизми нега Ўзбекистон музей ва кутубхоналарида Беруний, Хоразмий, Замахшарий, Ибн Сино, Али Қушчи каби биз бугун эртадан кечгача фахрланадиган буюклардан қолган китобларнинг асл нусхалари йўқ. 

Импералистлар ўғирлаб кетган, дейишга шошилманг. Улуғбекни ўлдириб, унинг китобларини ëққан, расадхонасини тупроқ билан кўмган ўзимиз эдик. 

Совет даврида авайлаб сақланган дунëдаги энг кўҳна Қуръони карим – Усмон Мусҳафи 1990 йилда музейдан муллалар қўлига ўтиши билан кийик терисига олтин ҳарфлар билан битилган бу китобнинг 9 варағини сотиб юборишди. Ўзлигини билган ва миллий шуури бўлган одам буни қилмайди. 

Миллат дегани этнос дегани эмас. Қўлида Ўзбекистон паспорти бўлган ҳар бир ватандош ўзбекдир. Терисининг ранги, тили ва бошқа ирқий хусусиятлари учун ўзбек ватандошини чеккалаш, сазойи қилиш бизга ярашиқ иш эмас. 

Ҳамза, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Мақсуд Шайхзода каби ëзувчилар, Ўрол Тансиқбоев¸ Николай Қорахон, Жўллибой Изинтаев каби рассомлар, Комил Ëрматов каби киночилар¸ Чусовитина каби спортчилар миллат гултожидир. 

Алексей Волосевич, Фарида Шариф, Никита Макаренко каби журналистлар ҳам бизнинг биртимиздир. Уларни чеккалаб Санников ери киносидаги каби «ёт киши» деб камситиш бизга ярашиқ иш эмас. 

Матбуотни чеклаш бўйича ташаббуслари билан танилган депутат Алишер Қодиров ўтган ҳафтада у билан қўл бериб кўришишни истамагани учун журналист Никита Макаренкони виртуал сазойи қилди. Бу сазойига баъзи нашрлар ҳам қўшилиб, Алишер Қодировга адвокатлик қилишди.

Дарров айтиб қўйсам. Мен ҳам ўша депутат Алишер Қодировга қўл узатмаган бўлар эдим. Плинтусдан тубан одамга салом ҳайф. Бу ҳолатга энг мантиқли ва гўзал фикр билдирган Элдор Асанов оғага қулоқ тутишда хайр бор:

«Бир нарса-да. Ўзбекистонда “миллатчи” сўзидан қўрқув совет давридан қолган. Совет қатағонлари чоғида жуда кўп зиёлилар шу айблов билан йўқ қилинган. 

Шунга миллатчиликни оғир айблов ва ҳақорат деб билиш ҳозир ҳам. Аслида миллатчилик кенгроқ тушунча. Миллатчилик – бир миллатнинг мавжудлигига, унинг ўз миллий давлатига эга бўлиш ҳуқуқини эътироф этиш. Миллатчилик – бошқа миллатларга нафрат эмас. Бу, биринчи навбатда, миллат категорияси билан фикрлашдир.

Ўзбекистонда миллатчилик борми? 120 дан ортиқ миллат бор жойда наҳот миллатчилик бўлмаса? Табиийки, бор. Ўзбекистон миллий давлат бўлганидан кейин, албатта, миллатчилик бўлади. Бўлиши ҳам керак. 

Бугунги дунёда ҳамма давлатлар миллий, яъни ҳаммаси қандайдир миллатчилик лойиҳаси негизига қурилган. Миллий тил, миллий тарих, миллий ғоя, миллий қадриятлар – буларнинг бари миллатчиликнинг атрибутлари, рамзий капиталидир. Миллий тилни мажбурлаб ўргатиш ҳам миллатчилик чақириғидир.

Миллатчилик мавзусида ёзадиган, гапирадиган ўзбек муаллифлари ўзининг моҳиятини тан олишни ўрганиши керак. “Мен миллатчи эмасман, лекин ўзбек тилини мажбурлаб ўргатиш керак” каби чақириқларда ўткир ўзлик инқирози ва когнитив диссонанс белгилари намоён бўлади. 

Ўзининг онги хаста бўлган зиёли қатлам эса жамиятга соғлом ғоявий таъминот бера олмайди. Ё кўринганинг каби бўл, ё бўлганинг каби кўрин.

Дарвоқе, миллатчилик билан миллатчиликнинг ҳам фарқи бор. Кимлардир миллатим деб кўксига уришдан берига ўтолмайди, кимдир эса шу миллатнинг савияси, тили, маданияти, иқтисодий равнақи йўлида ишлайди. 

Ўзбекистонга ана шунақа “фойдали” миллатчилик етишмаяпти. Бақир-чақирга етиб келадиган, иш бўлса қочадиган бефойда миллатчилар кўпайиб кетди.

Тилни ривожлантириш, китоблар чоп этиш, луғатлар тузиш, таржималар қилиш керак, дўстлар. Бақироқларнинг бу ишларда нима нафи тегади (спойлер: тегмайди), кузатамиз».

Бу Элдор Асановнинг фикрлари эди. Ваъзни дунëдаги энг қисқа эртак билан тугатсам:

Қадим замонда бир султон ўз мамлакати бойлигини фақат ўз оиласи учун олтин чиқадиган «қайнар хумча» қилиб олди. Халқнинг ризқини эса «очил дастурхон» қилди. 

Норози ва тили узунларни уришни «ур тўқмоқ»қа топширди. Бу формула асосида камида 30 йил еб-ичиб «мурод мақсадига» етибди.

Бир нодон боғбон бор, эккан гулларин 

Тарқатиб чиқади аҳли эшакка. 

Бир нодон йўлчи бор, очган йўлларин 

Тавсия этади хайли кўр сакка. 

Бир нодон заргар бор, буюмларини 

Тўнғиз галасининг пойига сочар. 

Нодон денгизчи дур уюмларини 

Ҳўкиз галасининг пойига сочар. 

Юсуф — нодон боғбон, нодон йўлчи у, 

Нодон заргар, нодон денгизчи, аттанг. 

Жоҳилларга сочар ҳикматлар асру — 

Аҳли кўрсичқонга тарқатади тонг.

(Юсуф Жума)

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
11 сентябр 2023
Чирчиқ Давлат педагогика университети раҳбарияти ушбу университетнинг ўзбек тили ва адабиёти учинчи босқич талабаси Каромат Муқимовага университет ётоқхонасидан жой ...
18 март 2019
Якутск шаҳрида маҳаллий аёлнинг зўрлангани ҳақидаги хабардан сўнг, 17 март куни кечқурун ўрта осиёлик мигрантларга қарши стихияли норозилик митинги ...
11 апрел 2020
Ўзбекистон халқ шоири, сатирик ва юмористик жанрдаги китоблар муаллифи Анвар Обиджон 73 ёшида 11 апрель куни оламдан ўтди. Бу ...
5 июл 2016
Сўнгги вақтларда президентнинг ҳар бир чиқишига лаббай деб «отклик» ёзиш маҳорати борасида бошқаларга дарс бераётган «Адолат» газетаси бош муҳаррири ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...