Мултимедиа
4 май 2021

Императив-24. Пафос

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг 24-қисми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Пафос совет адабиётининг, жумладан, ўзбек совет адабиётининг ҳам муҳим либосларидан бири эди. Яна бу шарқ шеъриятига хос анъанавий баландпарвозлик билан бирлашганида ўзбек шоирларига тенг келадигани оз бўларди.

Каминада бу хусусият табиатан етарсиз бўлгани учун саҳнада шеър ўқишга наинки ийманар, ҳатто уялар эдим. Чунки матнларим умумият-ла пафосдан маҳрум эди.

Бунинг устига, бу матнлар бошқаларникига нисбатан қисқа бўлар ва уларни саҳнада ўқиркан, бир-икки дақиқага етмай тугаб қолиши тингловчиларга ҳурматсизлик каби кўринарди, шу боис иложи борича шеърларимни саҳнада ўқимасликни таржиҳ этардим.

Раҳматли Рауф Парфи оғамиз бу «қийинчиликлар»имга кўп марта гувоҳ бўлган ва «қанийди, бошқаларда ҳам сиздагидай муаммо бўлса», дея куларди.

Шу «комплекс» натижасида ёзилган бир матн:

Томоқ йиртиб бақирма, етар,

Кўзни олайтириб нима қиласан?

Бу сенга баҳормас гулдурос тўла,

Бу – сокин куз фасли, кузни биласан.

Куз ҳақда ўқиркан, инграб юборма,

Қўлингни пичоқдай силтама кескин,

Кузни айтмоқ бўлсанг, саҳнада

Енгил шабадага айлан ва эсгин!

Кўп ҳам ҳисларингни этмагил эҳсон,

Бўкирмаслик учун топ энди бардош.

Куз – ҳазин табассум, куз бу – истеҳзо,

Етар сал «йилт» этса кўзларингда ёш.

(1972)

«Валфжр» (1983)

Бу матнни ўзимни оқлаш учун ёзаётган бўлишим мумкин. Чунки ҳақиқатан ҳам саҳнага чиқиб, бирданига жунбушга кела олмасдим. Туппа-тузук ўтирган мен бирданига қўлимни пичоқдай кескин силтаб, ҳайқиришга бошлай олмасдим.

Яъни каминадаги совет яшаш тарзига бегоналик адабиётда ҳам узлуксиз давом этарди. 80-йиллар ўртасида, «Қайта куриш» даврида Ёзувчилар уюшмаси минбаридан жуда кўп публицистик чиқишлар қилдим. Кейин бу уюшмада масъул вазифада ишладим ҳам, аммо ҳеч қачон ўзимни бу уюшманинг бир парчаси ёки уни ўзимнинг бир бўлагим ўлароқ ҳис этмадим.

Менинг руҳим бу иқлимга БЕГОНА бўлиб қолаверди.

1991 йил уюшмадан истеъфо этаркан, қамоқдан озод бўлаётган киши каби севинганим эсимда.

ТАЛАФФУЗ

(Совет Итттифоқи раҳбари Л. Брежневнинг ўлимига)

Турибман.

Унутдим кўксимдаги юк

Тош эмас, бир ҳовуч юраклигини.

Унутдим ким эди жаҳонда буюк

Ва кимдан қўрқишим кераклигини.

Кўзларим олдида туман тарқалди.

Турибман – кўрсатмас ҳеч ким йўл-йўриқ.

Ҳосилин тугатди, ҳувиллаб қолди

Бултур ёлғон учун «Oчилган қўриқ» (Брежневнинг асари).

Барибир рағбат йўқ менда ўлишга,

Талаффузи бузуқ келгинди сайёр,

Мен ҳар сўзим учун кулгу бўлишга,

Масхара бўлишга турибман тайёр.

(1986)

«Олис табассум сояси» (1983)

Брежневнинг ёлғонига очилган қўриқ бир муддат ҳувиллаб турди, аммо бу узоқ давом этмади. Андропов, Черненко ва ниҳоят Горбачёв бу кўрикка ишлов бериб, янги социалистик ҳосиллар олишни бошладилар. Лекин бу ҳам узоққа чўзилмади, империя қулади.

Биз дўппиларни кўкка отиб, мустақил бўлдик дарров. Фақат кўкка отилган дўппилар қайтиб тушмади. Биз совет мустабидининг ўрнини маҳаллий мустабид эгаллаганини англадик.

БЕГОНАлик ҳам мени тарк этмади.

Айтилган ҳар сўзим учун масхара бўлишга давом этдим, этяпман.

Матндаги «келгинди» сифати ҳам муболаға эмас. Фақат Москвадамас, Тошкентда ҳам келгинди эдим. Ҳатто туғилган тупроғим Хоразмда ҳам ўзимни келгинди ҳис этардим.

Чунки руҳим истаган эрк танам юрган ҳеч бир ерда йўқ эди.

Ҳатто юрганим кўчалар ҳам занжирланган тутқун каби кўринарди кўзимга. Ҳатто улар ҳам мен каби ўзининг ҳақиқий кимлигини яширар эди атрофдан:

ТУМАН

Зирқирар

Суякка айланган ҳаво,

Туман ким биландир шивирлашади,

Туман ким биландир фитна тайёрлар.

Нимадир йиртилар товушсиз.

Нимадир жарангсиз синади.

Занжирбанд теварак кучанар…

Исмини яширар кўчалар…

(1978)

«Қудуқдаги ой» (1980)

Бу занжирбандлик ҳиссини эрк истаган ҳар қандай киши ўзида сезиши нормал деб ўйлайман. Айни шаклда бир халқ ҳам ҳис этиши мумкин бу ҳалокатли туйғуни.

Агар бу халқ бу туйғусини феълий ҳаракатга айлантира олмаса ва бу жараён узоқ йиллар, ҳатто асрлар давом этса, бу туйғу бир куни пасткашлик комлексига айланиши мумкин.

Бундай комплекс эса инсонни юқорида айтганимиз пафосга, кулгили масхарабозликка мажбур қилгани каби халқни «йўқ, биз озодмиз», дея ўзини алдаб, юз йилларча мустамлака остида яшашга маҳкум этиши мумкин.

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
11 апрел 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми. Боши «Элтуз»нинг «Императив» рукнида. Давоми бор.) Ҳа, ўтмишга қайтамиз яна. Бизнинг умумий ...
4 май 2017
Ўрислар «живучий» дейди. Ўзбекчада «яшовчан», «чидамли» деб таржима қилинади кўпинча. «Мослашувчан» деб ўгириш ҳам мумкин. Ўзбек матбуотига нисбатан шу ...
2 сентябр 2021
Президент Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримовни хотирлаб, унинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Шу куни мамлакат Олий Мажлиси Сенати, ...
23 март 2022
Украинада Россия бошлаган уруш 27 кундан буён давом этаркан, Шавкат Мирзиёев 21 март куни тағин Владимир Путин билан телефонда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...