Асосий мавзулар
23 март 2022

Мирзиёев 21 март куни Путин билан нима ҳақда гаплашди?

Украинада Россия бошлаган уруш 27 кундан буён давом этаркан, Шавкат Мирзиёев 21 март куни тағин Владимир Путин билан телефонда гаплашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, телефон суҳбати Россия билан ўрнатилган дипломатик муносабатларниннг 30 йиллигига бағишланган.

Кремл бўлса Мирзиёевнинг яна бир бор Россиянинг Украинадаги позициясини тўғри тушунишини билдиргани ва бунинг устига бу телефон қўнғироғи Ўзбекистон ташаббуси билан бўлгани ҳақида хабар бермоқда.

Ўзбекистон расмийлари хабарида эса Украинада кечаётган воқеаларга муносабат ҳақида умуман ҳеч нарса билдирилмаган.

Ўзбекистон ҳабарида Россия билан иқтисодий стратегик ҳамкорлик ва иттифоқлик сўнгги йилларда энг олий даражага кўтарилгани қайд этилган.

Россия томони эса мутлақо аксинча, суҳбат Украинада кечаётган воқеалар ҳақида бўлганини хабар қилмоқда. Владимир Путин суҳбат давомида Мирзиёевга Донбасс республикаси ҳимояси учун олиб борилаётган махсус ҳарбий амалиёт ҳақида маълумот берган, Ўзбекистон президент эса Россия томони позициясини тўғри тушунишини билдирган.

Расмий Ўзбекистон айни хабардаги бу тафсилотлар юзасидан ҳеч бир муносабат билдиргани йўқ.
Гарчи бундан илгари Ўзбекистон Украинадаги оғир вазиятни инобатга олган ҳолда бу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишини билдирган эди.

Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 17 март куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида қилган чиқишида билдирди.

“Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк республикаларини тан олмадик”, деган эди Абдулазиз Комилов.

Украинадаги можаро ортидан Ғарб мамлакатларининг Россияга қарши жорий этган санкциялари Ўзбекистонга ҳам тўғридан-тўғри таъсир ўтказаётганини урғулаган Абдулазиз Комилов мазкур санкциялар салбий таъсирининг олдини олиш Тошкент учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини урғулаган эди.

Ўзбек Форум инсон ҳуқуқлари ташкилоти рахбари Умида Ниёзова «Настоящее время» дастурига берган интервюсида Тошкентнинг расмий муносабатидан қатъий назар Москва барибир Ўзбекистонни ўз ҳаракатларини қўллаб қувватлаётган давлатлар қаторига тортишга интилмоқда, деди.

Ниёзованинг фикрича, ташқи сиёсатни мустақил юргизиш учун Ўзбекистон ҳукумати ўзининг Россияга қарамлигини камайтиришга эришиши керак.

Бундан олдин Мирзиёев Путин билан 25 феврал куни телефонда суҳбатлашган эди. Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов эртаси куни телеграм каналида эълон қилган баёнотида Тошкент Украина масаласида «нейтрал позиция»да эканини билдирган эди.

«Кечадан буён мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва блогерларидан Ўзбекистон ва Россия Президентларининг яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқоти якунларига изоҳ беришимни сўраб, мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шу муносабат билан ҳамкасбларимизга қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.

Икки томонлама муносабатларнинг кенг кўламли кун тартибида турган долзарб масалалардан ташқари, Ўзбекистон ва Россия етакчилари Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Россия Президенти давлатимиз раҳбарига махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари тўғрисида маълумот берди.

Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда» деган эди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов.

Элтуз Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган уруши атрофида кечаётган воқеалар тафсилотини кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 феврал 2019
​​Эврил Туроннинг пойтахтни Жиззахга кўчириш ҳақидаги таклифини кўпчилик кулги остига олди, кимдир пахта қўйиш сифатида баҳолади. Менга эса таклиф ...
22 июн 2017
Талаба ўлимига сабаб бўлган жанжал ортидан Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи ёпиладиган бўлди. Айни пайтда Ўзбекистонда 11 синфлик мактаб ...
24 октябр 2024
Дунëдаги энг каллаварам суд ҳам қуëн маскасини кийган болани 15 суткага қамамайди. Мен масалан арча байрамда қуëн маскасини кийганман¸ ...
28 январ 2016
Оддий балиқчи арман қандай қилиб ИШИДчига айлангани ҳақидаги уйдирма суд мажлиси саëз ëзилган сценарийни эслатади. Рассом Элсевар Eltuz.com
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...