Мултимедиа
7 май 2021

Императив-25. Пасткашлик комплекси

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг 25-қисми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Ҳеч инглизларнинг «Бошда кепкам, юрадирман ғўддайиб», деган таҳдидини эшитганмисиз? Албатта, эшитмадингиз, эшитмайсиз ҳaм.

Улар дунёнинг ярмини юзларида совуқ табассум билан босиб олди.

Сургунга қувганимиз шоҳ Бобурнинг Ҳиндистонда иншо этгани 300 йиллик салтанатни йиқар экан, уларнинг юзларида совуқ жилмайишдан бошқа ҳеч бир ифода йўқ эди.

Улар Арабистонда аждодларимизнинг бошқа бир уруғи (ўғуз) қурган Усмонийлар империясини йиқаётганида ҳам Қироллик юзида айни ифода бор эди. Буни машҳур инглиз жосуси Лоуренс ҳақидаги фильмда кўргандирсиз.

Биз нега инглизлар қадар совуққон бўла олмадик душманлар қаршисида?

Қачон биз енгилишни қисмат ўлароқ қабул эта бошладик?

Сийналарда бу пасткашлик комплекси қачондан бошлаб урчий бошлади?

Амир Темурнинг вафоти ақобинда йиқилган салтанатмиди чўкишнинг бошланиши?

Шайбоний давлати эдими бизнинг сўнг сапчишимиз?

Сўнгра миллат ва давлат сифатида парча-парча бўлиш – қочиб бўлмас қисматмиди ҳақиқатан ҳам? Хоинлар Тошкентнинг дарвозаларини русларга очиб бераётганида Қўқон нега «Тўхта!» дея ҳайқирмади; нега Бухоро амири жорияларнинг қучоғидан чиқиб, русга «Ҳей, нима қиляпсан?» демади; нега Хива хони чилимдан бошини кўтариб, душман «Тошкентни ишғол этди, ҳамма жиҳодга!» дея оёқланмади?

Пасткашлик комплексининг фақат қон билан тозаланишини чуқур ҳис этган «босмачилар» рус босқинчисига қарши қўлидан келганини қилди, аммо оғизбирлиги бўлмагани учун ҳаммаси ҳалок бўлди.

Қардошларимга жиҳодда ёрдам бераман, деб Туркиядан Туркистонга келган генерал Анвар Пошо ҳам бу пароканда умматни, пасткашлик комплекси қон-қонига сингиб кетган бу миллатни залолатдан қутқара олмади. Бу комплекс ҳар қандай душмандан таҳликалироқ эди. Чунки душман ташқарида, пасткашлик туйғуси эса нақ кўксимизга ерлашган эди.

Бу хасталикка қарши курашда жадидлар ўз ҳаётларини фидо этди.

Аммо уларнинг шаҳодати ҳам бизда душманга нисбатан кин уйғота олмади.

Аксинча, жадид каби ўлдирилишдан қўрқиб, душманга мадҳиялар ёздик. Бу ит садоқати учун худди итлар мусобақасида ғолиб келган кўппакка медал таққанидай, бўйнимизга «халқ шоири» медалионини осдилар.

Биз эса бу медалионларни соллантирганча шаҳид жадидларнинг мозорига бориб, «Тақиқланган китобингни яқинда чиқарамиз, рус руxсат берди, руҳинг ҳузур ичида ётсин, шаҳидим!» дея нутқлар ўқидик.

Биз ҳақорат ва хўрликка кўниккан эдик:

КЎНИКИШ

Шу қадар хижолат бўлардики, шўрлик,

Кўзи тиниб, ҳеч нарса кўрмасди.

Уят кучли эди, кучли эди хўрлик,

Ер ёрилмас эди, ерга кирмасди…

Одам ҳар нарсага кўникар экан,

Кўникиб олди у тақдирга

Энди ер ёрилар эди уятдан,

у бўлса, кирмасди ёрилган ерга! (1981)

Mуҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
15 октябр 2015
Бундан бир қанча муддат аввал Фарғона вилоятига бош вазир келиши муносабати билан пахта далаларида терилган пахта қайта чаноқларга ёпиштириб ...
9 март 2020
Коронавирус: Мен ҳам кирсам майлими? Эшикбон: Президентимиз коронавирусни киритманглар, деб буюрган! Рассом Кирпи Eltuz.com
20 июн 2016
Товламачилик айби билан хибсда қолаётган 38 яшар Чинозлик тадбиркор Аҳмадбой Турсунбоевга нисбат берилган мактуб ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. «Мактубда» ...
10 декабр 2018
Ўзбек матбуоти чоп этаётган мақолаларга ишонилса, энди ҳамма ғалласини давлатга топширишга мажбур бўладиган деҳқоннинг бошига “бахт қуши” қўнган. Маҳаллий ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...