Асосий мавзулар
2 феврал 2022

Пилла ичидаги қурт ëки Жўраев нега қамалди?

Бухоро вилоятидаги “Bukhara brilliant silk” фабрикаси таъсисчиси, 4 ойдан бери қамоқда қолаëтган Бахтиёр Жўраевнинг онаси Робия Дониëрова ютубдаги чиқишида “ўғли ипак саноатидаги коррупционер раҳбарлар қурбони” бўлганини айтди. 

Ушбу фабрика касаба уюшмаси раиси Дониёрованинг иддаосига кўра, пиллачилик саноати қўшиб ëзиш ва кўзбўямачилик саҳнасига айланган. 

Дониëрованинг билдиришича, ўғли Бахтиёр Жўраевни “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раҳбари Баҳром Шарипов қаматган.

Бахтиёр Жўраевнинг онаси Робия Дониëрова

“Баҳром Шарипов “Bukhara brilliant silk” корхонасининг 100 фоиз улушини хотини Сайёра Шарипова номига ўтказиб берасан, деб ўғлимга босим ўтказди. Ўғлим бу кирдикорларни президентга етказаман, деганидаан сўнг уни қаматишиб, тўрт ойдан буён ҳибсга ушлаб туришибди”, дейди Дониёрова.

“Элтуз” бу иддаолар ортидан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов ва Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритди. Шунингдек, сайт тасарруфида воқеалар силсиласига оид ҳужжатлар ҳам мавжуд.

Бухоро вилояти прокуратураси ходимига кўра, Бахтиёр Жўраев 2021 йил 20 октябрда икки фарзанднинг онаси, 41 ёшли Дилафрўз Собировани калтаклагани ортидан қамоққа олинган. “Элтуз”нинг аниқлашича, бу аёл Бахтиëр Жўраевнинг иккинчи хотинидир.

Маъум бўлишича, ушбу жиноят иши доирасидаги тергов давомида айбланувчининг иқтисодий жиноятлари ҳам юзага чиққан.

Аммо унинг онаси Робия Дониëрова ўғлининг “маиший муаммо боис қамалиб, бошқа жиноятлар бўйнига юклангани”дан ташвиш билдирди.

“Ўғлимнинг ҳеч қандай жиноий жавобгарлиги йўқ. Ўғри, муттаҳам, давлат хоини эмас, ўғирлик қилмаган. “Bukhara brilliant silk” корхонасига бириктирилган бешта туманни тортиб олишди.

Бу фабрикада 500 ортиқ ишчи ишлаб, ойига 8 тонна ипак маҳсулоти ишлаб чиқарарди. “Bukhara briliant silk”ка тегишли туманлар ҳеч бир фабрикаси йўқ Одил Қодиров деган шахсга берилиб, пилла уюшмаси раҳбарлигида сотиб юборилди. 

Ҳозирги кунда маҳсулотимиз етишмаслиги туфайли 250 та ишчимиз қолди. Улар ҳам беиш қолишади”, деди Бахтиёр Жўраевнинг онаси, “Bukhara brilliant silk” касаба уюшмаси раиси Робия Дониëрова.

Маҳаллий блогер “Bukhara Brilliant Silk” фабрикаси ичида суратга олган видео давомида бир неча аëл ишчи кўзида ëш билан ишсиз қолганини айтиб, “директоримизни қайтариб беринг”, дея зорланишади.

Робия Дониëрова ўз чиқишида республика бўйича  пилла  топширишда қўшиб ëзиш мавжудлиги, тут кўчатларини экиш ҳисоботлари ҳаққонийликдан йироқлиги, 2021 йил касаначи ва фермерларга пилла пули берилмай туриб, 2022 йил учун мажбурий тарзда шартномалар қилинаётганини айтади. 

Шунингдек, Дониëрова Жарқўрғон ва Ғиждувон туманларида пиллани қайта ишлаш корхонаси барпо этилди, деб мамлакат раҳбарига ёлғон маълумот тақдим этилганини иддао қилади.

“Элтуз” бу иддаолар ортидан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов билан суҳбатлашди. У бу гапларни “ўғли қамалган она норозилигидан туғилган уйдирма”, дея атади ва ўз гапи исботи сифатида ҳужжатларни тақдим қилди.

Шариповнинг маълум қилишича, “Bukhara brilliant silk” фабрикасининг 100 фоиз улуши унинг хотини Сайёра Шариповага тегишли. “Фабрикада ëлланма раҳбар бўлиб ишлаган Бахтиëр Жўраев ҳужжат ва имзоларни сохталаштириш йўли билан фабриканинг барча ҳиссаларини ўзлаштириб олган ва буларнинг ҳаммаси дастлабки тергов жараëнида аниқланган”.

Жўраев “иқтисодий жиноятлар фигурантига айлангани”ни Бухоро вилояти прокуратураси вакили ҳам тасдиқлади.

“Элтуз” тасарруфидаги ҳужжатда Жўраев “прокуратурага қарздорлик йўқлиги ҳақида сохта хат ёзиб бергани, аслида 2020 йилдан бери ишчиларнинг иш ҳақини тўламай келганини агроном ва касаначилар тасдиқлашгани” айтилади. 

Прокуратура унга нисбатан ишчиларнинг иш ҳақини бермаганлик, тутзорларни талон-тарож қилганлик, пиллакорларга давлат томонидан тарқатиш учун берилган ун-мойни одамларга бермасдан сотиб юборганлик, давлат нархида сотиб олиб, бозор нархида сотганлик айбларини қўйган. 

Баҳром Шарипов ҳақиқат тергов асносида рўëбга чиқишидан умид билдириб, Донииëрованинг видеосидаги гапларнинг 99 фоизи ëлғон деб айта олишини таъкидлади.

“На Робия Дониëрова ва на унинг ўғли “Bukhara brilliant silk” фабрикаси ҳиссаларига эга ва таъсисчи эмас. 2008 йилгача фабрика чет эл корхонаси мақомида бўлиб, 99 фоиз ҳиссаси Хитой ширкатга қараган ва бир фоизига Ўзбекистондаги “Моҳитобон” фирмаси эгалик қилган. 

2008 йили фабрикани унинг  хитойлик эгасидан хотиним Сайёра Шарипова номига ўз маблағимга расман сотиб олганман. Корхонанинг бир миллиард олти юз минг сўм қарзини 2008 йили тўлаганман”, деди Баҳром Шарипов. 

Унинг сўзларига қараганда, Бахтиëр Жўраевни буйруқ асосида фабрика иш бошқарувчиси қилиб тайинлаган. Чунки у билан олдиндан таниш бўлган – Бухорада ўқиганида уларнинг уйида ижарада турган. Аммо Жўраев у билдирган ишончни суиистеъмол қилиб, “ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 2018 йилда корхонани ўз номига расмийлаштириб олган”.

Баҳром Шарипов ва Нодир Тўрақулов

“Элтуз” тергов ҳужжатлари билан қисман танишиб чиқиб, Шарипов айтган фактлар мавжудлигига амин бўлди. 

Аммо маълумотларни ўрганиш жараёнида “МХХ жаллоди”, Сурхондарёда “Нодир худо” номлари билан танилган собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги ДХХ) ходими, айни пайтда қамоқда сақланаётган Нодир Тўрақулов исми ўртага чиқди. Тўрақулов ва Шариповнинг ачомлашиб тушган расмлари тарқалди. 

“Элтуз” суҳбатлашган манбанинг билдиришича, “Ўзбекипаксаноат” раҳбари Шарипов айнан Тўрақулов кўмагида қатор ипак корхоналари, хусусан, Термиздаги “Сурхон Термиз силк” корхонасини “кепак нархида” сотиб олган. 

Бу борадаги саволларга жавоб берган Баҳром Шарипов “қўрққани боис мажбуран Тўрақулов топшириқларини бажаргани”ни эътироф этди.

“Интернетда тарқатилаëтган расм монтаж қилинган. Юз фоиз фотошоп. Лекин бир нарсани тан оламан. Мен ҳақиқатан ҳам Нодир Тўрақулов чақирса борганман, бирор топшириқ берса бажарганман. Бунга мажбур эдим. Оиламни ва ўз жонимни шу йўл билан сақлаб юрганман.

Нодирнинг ўша вақтда қилган ишларини қоралайман. Нодирнинг жиноий хатти-ҳаракатлари уч йил давомида тергов қилинди. Бир йилга яқин суд жараëни бўлди. Нодирнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилди. Агар мен Нодирнинг ҳамтовоғи, унинг ҳаром ишларида шерик бўлганимда, мени ҳеч ким сақлаб қола олмасди. Халқни Нодир деган балодан қутқарган муҳтарам президентимиздан миннатдорман”, деди Баҳром Шарипов.

Манфаатлар тўқнашуви 

Январь ойида Ўзбекистон мулозимларининг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муаммоси матбуот кун тартибига чиқди. Коррупцияга қарши идора хулосасига кўра, кино соҳаси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов қизига тегишли телеканалга давлат маблағларини ўтказиб, манфатлар тўқнашуви билан боғлиқ муаммони яратган. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов

Шу воқеа фонида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шариповнинг ипакни қайта ишлаш корхоналари эгаси бўлиши ҳам манфаатлар тўқнашуви эмасми? Қандай қилиб давлат амалдори айни соҳадаги ўз шахсий корхонасини назорат қила олади? 

Бу саволларга жавоб берган Шарипов “соҳани билгани президент томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётгани, қонунга амал қилишни ўзининг мисолида кўрсатиб бераётганини” таъкидлади. 

“Элтуз” ҳамкори, блогер Диëра Абдужабборова уч вилоятдаги ипакни қайта ишлаш  корхоналарида бўлиб, ҳақиқатан ҳам “ўлган соҳа тирилаëтгани”га гувоҳ бўлди. 

Шу билан бирга, у “бу ўзгаришлар, асосан, иш берувчини бойитаëтгани, оддий ишчи ва пилла етиштирувчи касаначиларнинг фойдадан улуши камлиги”га эътибор қаратди.

Ишчиларга берилмай сотиб юборилган мой ва ун махсулотлари

Пахта ва ғалла етиштириш учун ер олган фермерлар “Элтуз” билан суҳбатда янги ташкил этилган пилла кластерлари учун пилла етиштириб беришга мажбурлигидан шикоят қилди. 

Нарх арзонлиги боис, фермерлар учун пилла етиштириш кўпинча унчалик фойдали иш эмас, Лекин пилла етиштириш мажбуриятидан халос бўлишнинг иложи йўқ. 

Фермерлар топшириши шарт бўлган пилла режаси фермер хўжалиги ерлари катталигидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилади ва одатда 1 гектар ерга 3 кг ипак қурти етиштириш режаси юкланади.

Айрим фермерлар пилладан қутулиш учун ҳокимлик мутасаддиларига ёки кластер ишчиларига олдиндан пул тўлайди.

Сарлавҳага чиқарганимиз “Жўраев нега қамалди”, деган савол жавобини яқинда бўладиган суд ҳукмига ҳавола қиламиз. “Элтуз” ипак саноати борасидаги суриштирувини давом  эттиради.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 октябр 2019
Бугун устозим, ака-дўстим, ажойиб инсон, ўз услуби ва сўзига эга бўлган шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг туғилган куни! Афсус, ...
23 ноябр 2022
Швецияда 2013 йилдан бери Россия фойдасига жосуслик қилган ўрис эр хотин қамоққа олинди. 1990 йиллар охирида Швецияга кўчиб келган ...
11 декабр 2016
9 декабр куни Хьюман Райтс Вотч ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Шавкат Мирзиёев номига Ўзбекистонда абгор ҳолатда қолаётган инсон ҳуқуқлари аҳволини ...
11 август 2021
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги 10 август куни “Босим остидаги ўзбек олимлари илмий даврани сафсата билан тўлдирмоқда” мақоласи юзасидан муносабат ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...