Аксарият – нодон, ақаллият – хоин бўлса…
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганига бир ой тўлди. Россия Украинани уч кунда босиб олади, деган башоратлар (улар орасида ғарб истиҳбороти ҳам бор) бутунлай нотўғри чиқди. Ўтган бир ой ичида дунёнинг иккинчи қудратли армияси амалда бўш пуфак сингари шиширилгани маълум бўлди. Йилига 40 миллиард доллар сарфланадиган армия коррупция боис пишлоқ сингари илма-тешик экани бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди.
Россия қўшинлари Украинани босиб олиш у ёқда турсин, аламли мағлубиятга учрамоқда. Нафақат жанг майдонида. Путин Россияси бугун барча жабҳаларда ютқизмоқда. Ҳаттоки, тарғибот машинаси ҳам алаҳсирашга ўтган. Аммо, ажабланарли жиҳати шундаки, Россия оммаси ушбу алаҳсирашни ҳақиқат дея қабул қилмоқда ва эйфорияда.
Энг ачинарлиси, бу уруш бугунги ўзбек жамияти ҳақида қўрқинчли бир ҳақиқатни ҳам очиб ташлади.
Бир ой олдин бошланган уруш ўзбек жамиятида кўпчилик ўзгалар фожиасига бефарқлиги ва ёмонлик ҳақида озгина бўлсин тасаввурга эга эмаслигини кўрсатди.
Кўпчилик деганимиз бу масса бутун дунёга дағдаға қилаётган Россиядаги жоҳил тўданинг бир бўлаги эканидан фахрланмоқда. Бу масса инсоният қалбига ғулғула солаётган Путинга узоқ йиллар кутганлари нажоткоридек қарамоқда. Бу масса 30 йил давомида мисқоллаб тўпланган мустақиллик аталмиш тафаккурдан воз кечишга шай турибди. Баҳона ҳам топиб олган: Мустақиллик бизга нима берди?
Бу масса бир ҳақиқатни тушунишни истамаётир ёки бу ҳақиқатни генетик хотира катагидан ўчириб ташлаган: Россия учун ўзбек ёки ҳар қандай ғайри рус иккинчи сорт меҳнат ресурси бўлиб қолаверади.
Бир ой олдин бошланган уруш ўзбек жамиятида фикрловчи қатламнинг ҳам ўта кучсиз эканини кўрсатди.
Бу қатлам бармоқ билан санарли ёзувчи, шоир, таҳлилчи ва журналистлар билан чекланган холос.
Унинг таъсир доираси ҳам ўта маҳдуд.
Қолаверса, ўзбек сиёсий элитаси ўзининг қарамлиги, қўрқоқлиги ва хоинлигини яққол кўрсатди.
У шунчалар ношудки, ўз қўрқоқлигини прагматизм деб, хоинлигини эса кўп векторли ёндошув дея яширишга уринмоқда.
Бир миллатни қулликда ушлаб туриш учун эса айнан шу керак: аксарият нодон ва ақаллият хоинлар!
Элтуз жамоаси ютуб ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўз кўрсатувлари ва ёйинларини давом эттиради. Кун давомида биз билан қолинг. Каналимизга обуна бўлинг, видеоларимизни дўстларингиз билан ўртоқлашишни утутманг.
@eltuz