Хивада лазги фестивали бошланди
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида 25 апрел куни Лазги халқаро рақс фестивали бошланди. Дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатларидан келаётган меҳмонлар минган учоқ Урганч аэропортига қўнаркан, жозибадор лазги рақси билан кутиб олинди.
Урганч қўналғасидан Элтуз мухбири жўнатган дастлабки видеоларда ажнабий меҳмонларнинг ҳам хоразмлик раққосалар билан бирга лазгига тушаётганини кўриш мумкин.
“Учоқ трапидан тушишимиз билан рақсга туша бошладик. Бу жозибани сўз билан изоҳлаш қийин. Ёрқин миллий либослар ва жозибадор рақс кўзни қамаштиради. Ҳақиқатан ҳам байрам жонли ва самимий бошланди” деди бахтли тасодиф туфайли фестивалда қатнашиш шарафига муяссар бўлганини Элтузга билдирган чет эллик меҳмонлардан бири.
Кейин меҳмонлар шарафига Хиванинг Ичон қалъаси дарвозаси тантанали очилди. Қадимий Хоразм пойтахтига келган меҳмонларнинг алифбо тартибида қалъага киришига «изн берилди».
Бу йил Хоразмда илк бор ўтаказилаётган Лазги фестивали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 сентябрдаги ПҚ-4843-сон қарорига асосан ҳар икки йилда бир маротаба 25-30 апрел кунлари ўтказилиши режаланган.
Фестивал доирасида Халқаро илмий амалий конференцияси ва рақс танлови тадбирлари ўтказилади. Танловда 18 мамлакатдан 160 раққоса ва раққослар иштирок этади, санъаткорлар маҳоратини 6 давлатдан келган ҳакамлар ҳайъати баҳолайди. Танлов ғолиблари турли эсдалик ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Фестиваль доирасида фаол ижрочиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган «Энг яхши рақс», «Энг яхши хореограф», «Энг яхши ёш раққоса (раққос)» каби номинациялар бўйича иштирокчилар рағбатлантирувчи совға ва мукофотлар билан тақдирланади, дейди фестивални кузатаётган Элтуз мухбири.
Формат¸ мафкура¸ тил ўзгарди аммо Лазги ўзгармай бизгача етиб келди. Лазги коди Да Винчи кодидан ҳам қадимий. Бу код тўрт рақам ва икки харфдан иборат. Бу кодни уйида минг йиллик карвучдан терилган қудуғи бўлган хоразмлик билади. Хивадаги Лазги фестивали эса 30 апрелга қадар давом этади.
Eltuz.com