Асосий мавзулар
26 июл 2022

Ўзбекистонда ерларнинг ноқонуний тортиб олиниши: Наманганда фермерлар ўз ҳуқуқлари учун курашмоқда

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун кўплаб хорижий ва халқаро банклар, жумладан, ЕТТБ ва Жаҳон банкидан миллионлаб доллар сармоя олган Ўзбекистонда бу жараён фермерлар ерларининг оммавий тортиб олиниши билан кечмоқда.

2019 йил январь ойида Ўзбекистон ҳукумати сўнгги 10 йил ичида қишлоқ хўжалиги ерларининг учинчи марта қайта тақсимланишини эълон қилди. Ҳукумат буни пахта ва ғалла етиштириш учун ажратилган ерлардан фойдаланишни мақбуллаштириш ва уни илғор фермер ва кластерларга қайта тақсимлаш зарурати билан изоҳлади.

Жаҳон банки ҳисоботида қайд этилишича, фермер хўжаликларининг тез-тез қайта тузилиши ва ерга эгалик қилиш ҳуқуқининг заифлиги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида бошқарув самарадорлиги ва сармоя киритилишини рағбатлантириш даражасини пасайтирган. Қолоқ фермерлар ерларини илғорларига бериш кўзда тутилганди. Аммо ер унумдор бўлмаса, янги эгасининг ундан фойдаланиш самарадорлигини оширишига ҳеч қандай кафолат йўқ.

2019 йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини хусусийлаштириш бошланганидан буён фермерлар ерларидан фойдаланишни мақбуллаштиришга турли уринишлар фермерларнинг давлатдан ижарага олинган катта-катта ерлари ноқонуний тортиб олинишига йўл очди. Бу эса мамлакатдаги қишлоқ жамоаларига ҳалокатли таъсир кўрсатди. Одатда ерни давлатдан 30 йилдан 49 йилгача муддатга ижарага олувчи фермерлар маҳаллий ИИБ ва прокурорлар кўмагига таянадиган инсофсиз амалдорлар (ҳокимлар) тизгини остида қолди. Фермерлар таҳдид ва қаллоблик йўли билан ижара шартномасини бекор қилишга мажбурланди. Ижара шартномасидан воз кечиш “ихтиёрий” шаклда расмийлаштирилгани сабабли фермерлар товон пули талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас. Кўп ҳолатларда фермерларни кластерлардан иш берилишига ишонтиришди, аммо амалда бу ваъдаларнинг аксарияти қуруқ гап бўлиб чиқди. Натижада фермерлар ҳам қарздор, ҳам ишсиз бўлиб қолмоқда.

Наманган вилоятининг Поп туманида юзлаб фермерлар ижара ҳуқуқидан бир томонлама маҳрум қилинди. Минглаб гектар ери ва даромадидан маҳрум бўлган фермерлар ўз ҳуқуқлари учун курашишга бел боғлади.

2015 йил декабрда поплик фермер Умида Ибрагимова давлатдан 40,7 гектар ерни 49 йилга ижарага олиб, пахта ва ғалла етиштириладиган “Иброҳим Маъмура” фермер хўжалигини тузди.

Фермернинг айтишича, 2019 йил январь ойида ерлари ҳокимлик томонидан ҳеч бир асоссиз тортиб олингунига қадар у пахта ва ғалла етиштириш бўйича ҳукумат белгилаган режаларни мунтазам бажариб келган.

Гарчи 2020 йил март ойида давлатга пахта етказиб бериш режаси бекор қилинган бўлса-да, бу амалиёт фермерларнинг кластерга муайян миқдорда ғалла ва пахта етказиб бериш бўйича шартномаси доирасида сақланиб турибди. Хусусийлаштиришга қарамай, давлат режа белгилаш, теримчиларни ёллаш ва ҳосил йиғишни назорат қилиш кўринишида пахта секторида ҳамон иштирок этмоқда.

2019 йил 18 январь куни Наманган вилояти Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов 450 нафарга яқин маҳаллий фермерни туман маданият саройи залига йиғди. Уларга ерларини давлатга ихтиёрий равишда қайтариш тўғрисида ариза ёзишга буйруқ берилди.

Учрашувга келмаган фермерларни тунда милиция ходимлари олиб келишди. Бир фермер аёл ярим тунда ётоғидан турғизилиб, милиция ёрдамига йиғилишга келтирилган.

Умида Ибрагимованинг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (Ўзбек форуми)га айтишича, аксарият фермерлар аввалига ариза ёзишдан бош тортганидан сўнг ҳокимнинг буйруғи таҳдидга айланган.

Фермерлар кечки соат 18.00 дан совуқ залга қамалган ва аризани имзоламагунча кетишига рухсат берилмаган. Очлик ва совуққа ярим тунгача чидаган, болаларидан хавотир олган Умида Ибрагимова бир режа тузди.

Ибрагимова талаб қилинган аризани ёзишга рози бўлди, бироқ “ер” сўзини атайин тушириб қолдириб, “ушбу аризадан мақсад туман ихтиёрига қайтариш”, деб ёзди (ариза нусхаси Ўзбек форумида мавжуд.)

Ибрагимова бу аризада нимани қайтариб бериши аниқ ёзилмагани учун у ери тортиб олиниши учун асос бўла олмаслигига умид қилди. Ярим тунгача ишлаб чарчаган милиция ва ҳокимлик ходимлари аризани ўқиб ҳам кўришмади ва унга уйига кетишига рухсат беришди.

“Ҳокимнинг фермерлардан ерни олиб қўйишга қонуний асоси йўқ эди. Акс ҳолда ҳокимлик судга мурожаат этиб, узоқ муддатли ижара шартномасини қонуний асосларда бекор қилдириши мумкин”, деб тушунтиради Ибрагимова.

Шунга қарамай, у 2019 йил 18 январда ёзган мантиқсиз ариза ёзилганидан икки кун аввал – 16  январь санасида ҳокимликда рўйхатга олингани маълум бўлди.

Ибрагимованинг фикрича, ҳокимлик аввал ерни тортиб олиш ҳақида ноқонуний қарор чиқариб, сўнг уни худди фермерлар ижарадан оммавий воз кечгандек расмийлаштирган.

Айни пайтда Умида Иброҳимова Поп тумани ҳокимининг 18 январдаги ноқонуний қарорини бекор қилиш мақсадида маъмурий судларга даъво аризалари билан мурожаат қилиб, ер участкасини қайтариб олишга уриниб келмоқда.

Иброҳимованинг ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризасига асосланиб, Поп тумани ҳокими “қайтарилган ер шаффоф ва мустақил танлов асосида янги ва айни пайтда фаолият кўрсатаётган фермерларга берилиши” тўғрисида фармойиш чиқарди.

Фармойиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида чиқарилгани эслатилган (қарор нусхаси Ўзбек форумида мавжуд).

Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинганидан тўққиз кун ўтиб, Поп тумани фермерлари тўсатдан ўз еридан оммавий воз кечгани ҳеч кимни, жумладан, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашини ҳам ажаблантирмади.

Туман Халқ депутатлари кенгашининг 2019 йил 18 январдаги қарорида айтилишича, ўша пайтда Поп туманида мавжуд 1121 та, шундан пахта ва ғалла етиштирувчи 538 та (100 %), боғдорчиликка ихтисослашган 67 та (100 %), чорвачилик билан шуғулланувчи 100 та (86 %), шунингдек, бошқа йўналишлардаги 104 та фермер хўжалиги ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёзма ариза берган.

Ерни суд орқали қайтаришга уринишлар

Наманган тумани маъмурий судига даъво аризаси берган Умида Ибрагимова ишини суд 2021 йил 7 сентябрда кўриб чиқди ва даъво аризаси беришнинг уч ойлик муддати ўтказиб юборилганини важ қилиб ҳоким Аъзамжон Султоновнинг фармойишини ўз кучида қолдирди.

Суд, шунингдек, Ибрагимованинг далилларини “аҳамиятсиз” деб топиб, уларни кўриб чиқишни рад этди. Суд қарорида кўрсатилишича, Ибрагимованинг ерни туманга қайтариш тўғрисидаги аризасидаги ноаниқлик ҳал қилувчи аҳамиятга эмас, чунки у аризани фермер хўжалиги раҳбари сифатида ёзган ва унинг мазмун-моҳиятини жуда яхши англаган.

Ибрагимованинг аризаси ёзилишидан икки кун аввал ҳокимликда рўйхатга олингани суд томонидан ҳужжатларни расмийлаштиришдаги совуққонлик, деб баҳоланди ва шунинг учун ҳоким фармойишини бекор қилишга етарли асос бўла олмайди, деб топилди.

Ибрагимова аризасидаги ноаниқлик ва ариза ёзилишидан икки кун олдин ҳокимликда рўйхатга олинганидан ташқари, ўзидан ернинг тортиб олинишига оид бошқа жиддий қонунбузарликлар ва номувофиқларни кўрсатган ҳолда прокуратурага шикоят ёзди.

2021 йил 26 октабрда апелляция суди биринчи суд ажримини ўз кучида қолдирди. Шундан сўнг Умида Ибрагимова Ўзбекистон Олий судига ариза билан мурожаат қилди ва ҳозир унинг жавобини кутмоқда.

2019 йил 18 январь тунида фермерлар мажбуран ушлаб турилгани тўғрисида Ибрагимова берган маълумотни Ўзбек форумига Поп туманилик яна олтита фермер тасдиқлади. Уларнинг айримлари ерларининг ноқонуний тортиб олиниши жабрини чекишга ҳам улгурди. Улар энди банкка олинган кредитни қайтариши керак. Аммо даромад манбаини йўқотгани сабабли бунинг имконини қила олмаяпти.

Ойбек Норйигитов 2015 йилда Поп туманида фермер хўжалигини ташкил этган эди. Бошқа фермерлар сингари у ҳам 2019 йил 18 январь куни соат кечки 18 да туман маданият уйига чақирилди ва ундан ер ижараси шартномасини ихтиёрий равишда бекор қилиш тўғрисида ариза ёзиш талаб қилинди.

Гарчи Норйигитов ҳеч қандай ариза ёзмаган бўлса-да, бу унга ёрдам бермади. У гўёки ердан воз кечиш ҳақида ёзган, қалбаки имзоси қўйилган ариза 2018 йил 28 декабрда Поп тумани ҳокимлигида рўйхатга олингани маълум бўлди.

Унга тегишли 31,6 гектар ер майдони бошқа фермерга берилган, бироқ Норйигитов ўз ерида ишлашда давом этган ва унинг ижара шартномаси бекор бўлганини бир неча ой ўтса-да, билмаган.

2020 йил декабрь ойида Норйигитов Наманган тумани маъмурий судига мурожаат қилиб, аризасида имзоси қалбакилаштирилганини кўрсатиб ўтган. Беш дақиқа давом этган мажлисда суд ҳокимлик фойдасига қарор чиқариб, ер қонуний ва асосли равишда олиб қўйилганини тасдиқлаган. 2021 йил октябрь ойида ўша суд Норйигитовнинг шикоятини апелляция тартибида кўриб чиқиб, дастлабки ажримни ўз кучида қолдирди.

Поп туманилик Озода Тўйчиева ҳам ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза мажбурий ёздириб олинганидан сўнг еридан айрилган фермерлардан бири. Ери “Art Soft Tex” кластерига бериб юборилган Озода уни қайтариш ҳаракатида. Аввалига кластер Тўйчиевани ишчи сифатида ёллаганди, ҳозир эса у ишсиз.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентабрдаги қарорига асосан, “Арт Софт Тех” кластерига 24,7 минг гектар экин майдони ажратилган. Қарор билан кластерга тупроқ унумдорлигини ошириш, пахта хомашёси ва бошқа экинлар етиштиришнинг замонавий ва самарали усулларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш мажбурияти юкланган.

Дилдора Усмонова турмуш ўртоғи билан 2006 йилдан буён Поп туманида фермер хўжалигини юритиб, пахта, ғалла ва пилла етиштириш билан шуғулланиб келган. 2019 йил 18 январь куни уни ҳам туман маданият саройидаги йиғилишга чақиришган.

“Бизни хонага қамаб, еримизни топшириш тўғрисида ариза ёзиб, имзоламагунимизча кетишимизга рухсат бермасликларини айтишди. Мен еримни қайтариб беришни истамадим, лекин ҳоким “Агробанк”дан иссиқхона қуриш учун кредит берамиз, деб кўндиргач, ниҳоят рози бўлдим”, дейди у.

Поп туманилик яна бир фермер Шарифа Тўйчиева видеомурожаатида 2019 йил 18 январь куни ерини ихтиёрий равишда топшириш ҳақида ариза ёзиб, имзолашга мажбурланганини айтади.

“Мен ариза ёзишни хоҳламадим, – дейди Тўйчиева. – Лекин совқотдим ва оч қолдим. Мен узоқда яшайман ва қишлоғимга транспорт ҳаракати тўхтагунча уйга етиб олмоқчи эдим”.

Тўйчиеванинг сўзларига кўра, ери шўрланганига қарамай, экин майдони тортиб олиниши таҳдиди олдида ҳар йили ҳокимлик белгилаб берадиган режани бажаришга мажбур бўлган. Бошқа даромад манбаи йўқлиги учун кучли босим остида ҳар йили режани бажаришга ҳаракат қилган. Аммо бу осон бўлмаган.

“Пахта учун олинган кредитни қайтаришим керак эди, лекин пулим йўқлиги сабабли иссиқхона қуриш учун менга 18 миллион сўм кредитни мажбурий тиқиштиришди. Мен бу кредитни олишдан бош тортдим.

Агар рози бўлсам, ерим қайтариб берилишини айтишди. Ҳозир ишсизман. Еримни қайтариб беришмади. Кредитим бор. Мен ерим қайтариб берилишини хоҳлайман, холос”, дейди Тўйчиева.

Умида Ибрагимованинг билдиришича, еридан айрилиб, ишсиз қолган поплик фермерлар ва уларнинг ишчилари орасида Россияга иш излаб кетаётганлар тобора кўпаймоқда. Фермерларнинг аксарияти еридан маҳрум бўлганидан сўнг тақдирга тан берган, фақат саноқлиларигина суд ва ҳукумат амалдорларига мурожаат қилиб, уни қайтариб олишга имкон қадар уринмоқда.

2022 йил 5 июль куни Поп туманидан ўн нафар фермер Бош прокуратурага шикоят қилиш мақсадида яна Тошкент шаҳрига келди. Кўрамиз, уларни эшитишадими ва шикоятларига жавоб беришадими…

P.S. Фермер Умида Ибрагимованинг маълум қилишича, 2022 йил 20 июль куни Олий суд унинг ери ноқонуний тортиб олингани ҳақидаги шикоятини кўриб чиққан ва у маъмурий судга мурожаат этишнинг уч ойлик муддатини ўтказиб юборгани важи билан  Наманган тумани суди ажримини ўз кучида қолдирган.

Тағин ўқинг
8 август 2016
Рассом Кирпи ҳар йили бўладиган айни ҳолат, абитуриаентларнинг бункер, паравоз ва шпаргалка каби воситаларидан фойдаланинишини ҳажв қилади. Бу йил ...
13 май 2019
Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май ...
8 январ 2017
Шавкат Мирзиёев икки куёвини ҳаётларидаги энг йирик янги йил совғаси билан сийлади. Катта куёв Ойбек Турсунов президент маъмурияти раҳбари ...
17 июл 2024
«Вақф» хайрия жамоат фондининг хайрия ишлари бўйича директори Сардор Раҳимхон (ҳужжатда Санжар Раҳимов) эҳсон илинжида спектакл уюштиргани хабар қилинмоқда. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...