Аудио-китоб
10 август 2022

Муҳаммад Солиҳ билан суҳбат: Мен қувган ва қайтган қуш… 1-қисм

Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ташаббуси билан тайёрланди. Фақат бу суҳбатни ёзиб олган киши – Ўзбекистондаги эркин медиага ўтказилаётган тазйиқ сабабли бўлса керак – биздан ўз исми ва овозини ошкор қилмасликни истимос қилди. Биз уз муаллифларимиз тақдирига бефарқ эмасмиз, албатта унинг илтимосини қабул этдик. Тасвирга олинган бу суҳбатни Хуршида Атаоуллоҳ матнга айлантирган. Бугун суҳбатнинг дастлабки қисмини эътиборингизга тақдим қиламиз.

МЕЗОНЛАР ҲАРАКАТИ. OДАМ ВА ҚУШ…

МУХБИР: Ассалом-у алайкум,бизни кузатиб бораётганлар. Бугун кўпчилигингизнинг талабингизга биноан яна элимизнинг севимли шоири,сиёсат майдонида ҳам ўз ўрнига эга бўлган инсон Муҳаммад Солиҳ билан бафуржа суҳбат қилмоқ учун шу манзилга келдик. Биринчи суҳбатларимизни кўриш жараёнида сизлар ўзингизда туғилган саволлар билан мурожаат қилганингиз каби ,биз ҳам ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олишни ният қилдик. Демак, суҳбатимизни бошлаймиз. Муҳаммад Солиҳ ака! Аввало,соғлиғингиз, кайфиятингиз ,ишларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз-да,саволларга кейин ўтсак.
МУҲАММАД СОЛИҲ :Раҳмат. Соғлиғим борасида шикоятим йўқ. Аксинча, ҳамишагидек Аллоҳга шукур билан яшаяпмиз. Ижодимиз ҳам,оилавий ҳаётимиз ҳам,фикрий ҳаётимиз ҳам менинг ёшимдагилар орзу қилиш мумкин бўлган савияда юксак.
Ўйлайманки,ҳалиям оиламизга нафим тегиб турибди. Халқимизга нафим тегди деёлмасам-да, халқимиз ҳаёти учун ҳам зарур гапни, фикр-мулоҳазани айтиб турибмиз баҳолиқудрат.
МУХБИР: : Солиҳ ака! Менинг ёшимдагилар орзу қиладиган ҳаётдаман дедингиз. Бунга озроқ изоҳ берсангиз. Сиз ҳозир адашмасам,73 дасиз.
МУҲАММАД СОЛИҲ Декабр ойида 73 ёш бўлади,иншааллоҳ. Ву ҳазилакам ёш эмас.Лекин мен биологик жиҳатдан ўзимни бу ёшда ҳис қилмаяпман. Бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг неъмати. Ўзига шукур! Ўзимни анча ёш ҳис қиламан. Фикрларим ҳам, менимча, у қадар лойқаланмаган. Муайян бир фикрни охиригача етказиб,хулоса қилиш қобилиятим йўқолган эмас. Бу бизнинг ёшда жуда яхши ҳолат. Мен бундан жуда хурсандман, бу неъмат учун Аллоҳга шукур дейман.
МУХБИР: : Одатда ,бу ёшда ”тайёргарлик” кўриб қўйишади.
МУҲАММАД СОЛИҲ:Мутлоқо! Тайёргарлигимиз бор, экзистенциал маънода сиз айтган ўлимга доим тайёр ҳолда яшаганман. Бугун ҳар замондагидан кўпроқ тайёрман. Бунинг тафсилотини ”Императив” китобида ҳам ёзганман. Яъни ҳар кун уйдан чиқаркан(хусусан, талабалик йилларида,ундан кейинги даврда ) мен билан бирор бахтсиз ҳодиса юз бериб ўлсам, мени одамлар топиб олганда, моргда ечинтиришганида, ички либосларим пок бўлсин деган хаёлда,тонгда ювиниб-тараниб чиқардим. Кимгадир бу мания кўринар, лекин бу менда шаклланган бир одат эди. Айтмоқчиманки,ўлимга тайёргарлик ёшликдан бошланган. Ҳанузгача шундай. Инсоннинг ҳаёти Аллоҳ Таолодан берилган бир омонат.Бу омонатни истаган онда фақат Яратганнинг ўзи олиши мумкин. Инсон ҳар доим бунга тайёр туриши керак. Хусусан,ўзини таниган,Аллоҳни таниган инсон! Шу ўринда ўқиганим бир диний ривоят хотирга келди. Маъноси шундай эди: Дарё бўйида дарвешлар қур бўлиб чой ичиб ўтиришганда, уларнинг ичида бири тахорат учун дарёдан сув олгани бормоқчи бўлади. Ва аввал таяммум қилади. Дарвешга шериклари «дарё томонга кетаяпсан, таяммумга не ҳожат?», дейишади. Шунда дарвеш ўзи турган жой билан дарё оралиғи 40 одим масофа борлигини,унгача етиб бора оладими, яшай оладими, буни билмслигини айтади. Бу – бир ақида. Бундай дунёқараш – бу савияда бўлмаса-да – унинг акс-садоси менинг ботинимда доим. Аллоҳ бизни бу дунёга синовга юборди. Бу синов тугагач,албатта Ўзига чақириб олади.Бу фалсафа ичимда бир шиор каби яшайди. Баъзан яқинларим ўлим ҳақида гапирма, дейишади. Ўлимни мен хар сонияда ҳис қиламан. Бизнинг борлиғимизда ,аслида,ўлим деган нарса йўқ, Аллоҳнинг берган руҳи абадий яшайди. Ўлим бир кўприк – ўтиш йўлидир. Бу дунёда кўприкдан яхши ўтган инсонлар ,у дунё кўпригидан эсон-омон ўтади дейишади. Синовдан муносиб ўтолмаганлар эса,оёғи тойиб ўтиши мумкин. Мақсадимиз – кўприкдан ўтаётганда оёғимиз тойиб кетмасин. Бутун дуоларимиз ҳам шунга йўналган, Аллоҳ бизга шу кўприкдан яхши ўтишни насиб қилсин!
МУХБИР: Зотан,ислом ақидаси ҳам шу: қачон чақирса,биз тайёр туришимиз керак.
МУҲАММАД СОЛИҲ: Шундай.
МУХБИР: Солиҳ ака. Кечаги суҳбатимизда васият ҳақида гапирганда баъзи нарсаларни мулоҳаза қилдик:васиятга кўпчилик «улгураман» деган хаёл билан хотиржам қарайди. Бироқ ҳамма ҳам улгурмайди. Жон ҳалқумга келган он,тил калимага келмайди. Ишорага базўр улгуради. Ортида қолганлар бу ишорани англаб -англамай оворайи сарсон бўлади. Шунинг учун эс-ҳушингиз жойида эканида васиятингизни қилиб қўйинг, деган ҳикматда ҳам ўлимга тайёр туришга ишора бор. Ҳали дуо қилган маҳалимда Аллоҳдан ўзимга мансаб,бойлик ,умуман, моддиятга дохил нарса тиламайман. Ҳатто,сайловда ҳам Президент бўлай деб дуо қилмаганман. Дуода ҳам фақат шукур ҳақида дуо қиламан дедингиз. Буни қай хилда изоҳлаш мумкин?
МУҲАММАД СОЛИҲ: Дуо қачонки самимий,ихлос билан қилинса,ижобат бўлади дейишади. Ҳақиқатдан,ихлос билан айтилган сўзнинг, бир энергия ўлароқ Аллоҳга етиб бориши тез деб ўйлайман. Балки мен янглиш ўйлаётгандирман. Бироқ сўз ҳам,дуо ҳам бир энергия. Зотан,Аллоҳ бизнинг жон томиримиз,қон томиримиздан ҳам яқин! Ҳақиқатан ҳам,сиз ҳали эслатганингиздек,мен Аллоҳдан лавозим,мансаб,бойлик сўраб дуо қилмадим. Бир-икки марта тариқат уламоларининг Аллоҳдан кичик бир нарсани ҳам дуо қилиб сўраш (масалан,ботинканинг ипини ҳам) одобдан деган сўзларига мувофиқ, моддий, ижтимоий масалаларда дуо қилдим.
МУХБИР: Ҳадисда ҳам келтириган бу. Яъни бандам сўраса,бераман деган Аллоҳнинг сўзи.
МУҲАММАД СОЛИҲ : Шунга амал қилиб бир неча бор ҳалиги кичик масалаларда дуо қилдим. Бироқ, ўзимга ўзим шу қадар кулгили кўриндимки ..ва бу жуда носамимий,қўпол чиқди. Ихлос билан қилинмаганидан балки! Балки аҳамиятсиз,майда ,паст нарса бўлгани учундир сўровим!
МУХБИР: Бу ўзингизга бачкана туюлган. Ичингиз ёришмаяпти бундан.
МУҲАММАД СОЛИҲ : Айнан шундай, ичим ёришмади. Ва дарҳол тўхтатдим. Кўп қилганим ҳам йўқ бу хил дуоларни. Сўраганим ҳам самимий чиқмади. Самимий чиққани – шукур дуоси! Аллоҳга шукур қилсам, бу доим самимий чиқади.Шунинг учун бу масалада – моддият масаласида – Аллоҳдан сўрамаганман.
МУХБИР: Аммо берганига шукур қилгансиз.
МУҲАММАД СОЛИҲ: Албатта, берганига шукур қиламан. Шукур дуосини қилсам,кўзим намланади. Демак, бу дуо самимий. Фақат Аллоҳга шукур қилиш учун кучим,қурбим етади холос.Чунки, мен ҳеч нарсага арзимаганим ҳолда, Аллоҳ Таоло менга ҳамиша қувват берган. Ҳақ этмаганим ҳолда, У мени азиз қилган. Дўстларим бўлган. Ҳатто, ҳеч бир орзу қилмаган ҳолда халқ менга сайловда овоз берган. Мен ўзимни бунга лойиқман деб ўйламаганман. Зотан, Президент бўлиш ниятим ҳам, мақсадим ҳам йўқ эди .Фақат коммунистларга бир алтернатив бўлсин,буларга ҳам қарши курашиш мумкинлигини халқимга исбот қилиш учун, менга ўхшаш бир ожиз одам чиқиб буларга қарши майдон ўқий олади,буларнинг қаршисида туролади,сизларнинг ичингизда мендан ҳам кучлироғингиз бор деб халқни илҳомлантириш учун қилганман бу ишни. Буни бир адабиёт, бир ташбеҳ ўлароқ сўйлаётганим йўқ. Ҳақиқатдан шундай эди. Фаолиятимнинг илк босқичларида сиёсатни ёмон кўрардим,сиёсатчиларга қарши сиёсатчи бўлганман.
МУХБИР: Чиройли гап бўлди:Сиёсатчиларга қарши туриб,сиёсатчи бўлдим!
МУҲАММАД СОЛИҲ С. Сиёсатчиларнинг ёлғонини,сиёсатчиларнинг қабиҳлигини,фирибгарлигини,ҳақсизлигини кўриб мен сиёсатчи бўлиб қолдим. Бўлмаса, ёшлигимда менга «сиз Президент бўласиз», деганда кулганман. Биринчидан,совет тузумида «Президент» деган тушунча йўқ. Бўлса,коммунистик партиянинг биринчи котиби бўлади одам.Мен эса,туғма антикоммунистман», деганман. Ёшлигимдан ёмон кўраман уларни.Қўйса ҳам, бундай ишдан қочаман. Шундай бўлган ҳам.Университетда мени армияни битириб келган,ёшлар ичида обрўси бор деб, профком тайинлашган эди. Бир йил ҳам ишлаганим йўқ. Менинг бу ишларга ҳушим йўқлигини айтиб, бир рус йигитга топширганман профкомликни. Айтмоқчиманки, биздаги ҳамма нарса Аллоҳ Таолога тегишли. Бизнинг ҳеч нарсамиз йўқ.Ҳатто,гапириб турган сўзимиз ҳам. Мен барчасини ана шу нуқтадан келиб чиқиб мушоҳада қиламан: ўзлигимни ҳам,ўзбеклигимни ҳам,миллий масалаларни ҳам. Баъзи инсонларга радикал туюлиши мумкин бу гаплар ёки бир шеърдек қабул қилиниши мумкин. Аслида ,бу шеър эмас, баландпарвоз гаплар ҳам эмас. Бу – менинг яшаш тарзим.Менинг ҳаётим бу. Дўстларим кўп таъна қилишади, сиз сиёсатни билмадингиз деб. Улар ҳақ: мен сиёсатни ҳеч билмадим! Ҳозир ҳам билмайман. Шунинг учун айтяпманки,мен антисиёсатчиман.Менинг сиёсатим сиёсатчиларга қарши сиёсат эди. Бугун ҳам шундай. Бугун агар сиз сайловда ютдингиз,Президент бўлсангиз нима килардингиз деб сўрасангиз, 30 йил давомида коммунистлар нима қилган бўлса, мен улар қилган ишнинг аксини қилган бўлардим. Акси деркан, коммунистларнинг умр бўйи халққа қилган ёмонлигининг аксини назарда тутяпман.Булар ўғирлади,мен ўғриларнинг ҳаммасини йўқ қиламан. 8 ойда Ўзбекистонни тўғри йўлга соламан, дердим дастуримда. Қувватим етарди бунга.Бу бир қаҳрамонлик бўлмасди. Бу бир тўғри иш бўларди холос. Аллоҳ, халқ сиздан, мендан тўғри ишлашимизни талаб қилади . Сиздан, мендан бир мўжиза кутмайди. Зотан менда мўжиза йўқ! Менда қандай мўжиза бўлсин: оддий қулман холос. Фақат сўз бераман сизга: мен ҳалол яшай оламан. Аллоҳ менга шундай журъат берди. Тўғри яшашга интилганман. Балки ҳамиша бунинг уддасидан чиқмагандирман, аммо тўғрилик ва адолат учун жонимни беришга ҳам тайёр бўлганман. Менда Аллоҳ берган шу журъатдан бошқа қобилият йўқ. Мен иқтисодни билмайман. Амалдорликнинг хос хатти-ҳаракатларини( ғўддайиб юриш,галстук тақиш, қошларни чимириб,ясама жиддий туриш) ҳам билмайман. Бу элементлар давлат одами бўлишнинг, коммунистларнинг ташқи атрибути. Менда бу атрибут ҳам йўқ. Ҳеч қачон бўлмаган ҳам. Бироқ биламанки, иқтидорда бир тоза, тўғри, моддий бойликдан нафрат қиладиган, ҳаромдан, етим ҳақидан қўрқадиган одам ўтирса, Аллоҳ мутлақо у ерга барака индиради. Бу миллатни ёруғликка чиқаради.Шуларни билганим учун ҳам улар(коммунистлар)дан устунман. Менинг кибрим шу!
МУХБИР: Халқимиз бунга муносиб! Мамлакатимиз бой бўлишга,чиройли яшашга лойиқ. Шунга лойиқ халқимиз бор..
М. С. Мен ҳам шунга ачинаман. Шунинг учун танқид қиламан. Нега йиллардирки золимларга сабр қилялти бу халқ? Нега уларга қарата:” Бўлди,туш елкамдан,бас энди!”, демайди деб ичимда исён қиламан баъзан. Демак, ҳозирча халқимизга улар керак. ”Қуръон” да Аллоҳ Таоло :»Сизлар ўзингиз лойиқ бўлган ҳукумат томонидан бошқарилажаксиз”, дея лутф қилади…
МУХБИР: Ҳа,айни оят бор:»Сизларга ўзингиз лойиқ бўлган раҳбарни бош қилиб қўяман».
МУХММАД СОЛИХ: Агар тўғри одам (иқтидорга)келса, ўша куни бу халқ бу(тўғри одам)ни ҳақ қилган бўлади. Шунинг учун мен бунга фалсафий қарайман. Диний жиҳатдан қараганда ҳам бу шундай.
1991-йилдаги сайловда халқ менга овоз берган,мен ўшанда ютган эканман. Биз буни тахминан билардик. Мана 30 йил ўтиб, одамлар айта бошлади буни. Ҳали бу ҳақиқат яна ҳам ўртага чиқади. Лекин ўша пайтларда бу айтилмади. Демак,халқ тайёр эмасди буни айтишга. Ҳолбуки, шу халқ овоз берган менга. Халқ ахмоқ эмас. Менинг ортиқча пулим бўлган эмас. Ёки ўша пайт халққа берадиган нарсам йўқ эди. Уларда , коммунистларда бор эди. Аммо бу халқ ўша пайт ўз ичидан чиққан бир кишига, Муҳаммад Солиҳга овоз берган эди. Ўзига ўхшаган,тўғри яшашга интилган оддий бир одамга овоз берган эди. Халқимиз ҳақ қилган ўша яхши ҳокимиятни,яхши иқтидорни ва унга хизмат қиладиган яхши ҳукуматни ҳақ қилган халқ бор бизда. Иншааллоҳ шундай иқтидор келади.
МУХБИР: Солиҳ ака, сиз билан келишгандик сиёсат ҳақида,арбоблар ҳақида гаплашмаймиз деб. Лекин хоҳлаймизми йўқми,суҳбатимиз барибир сиёсатга тегиб кетаяпти.
М. С. Рост, тегиб кетяпти. Тегинилмайдиган нарсага тегиб кетяпти.
К. Т.Юқорида халқ нега золимга,зулмга чидаб,тоқат қилиб яшайди дедингиз. Баъзи иллат ахтармоқчи бўлган кишилар бу суҳбатдан бир қисм фикрни юлиб олиб, «Муҳаммад Солиҳ халқни исёнга даъват қиляпти» дейди.
М. С. Бу исёнга даъват эмас. Ўз ҳаққини талаб қилсин.
К. Т.Шу ўринда мен ўзингизни ҳам танқид қилмоқчиман. Сиз 1991- йилги сайловда ютдингиз. Фейсбукда мен буни шундай атадим:сайловда ғолиб бўлиб ютқизган Муҳаммад Солиҳ деб. Ўшанда сизда имкон бор эди-ку. Тарафдорлар бор сизга.Улар ичида қўлида ҳокимият,қўлида қуролли кучлар бўлган одамлар бор эди.Нега ўшанда сиз қуролли исён қилмадингиз?! Ҳозирги кун тили билан айтганда,террор қилмадингиз?
М. С.Шундай таклифлар бўлган. Мен буни ҳатто бир матбуотда учини чиқарганман тафсилотини тўла айтмаган бўлсам-да. Менга бу таклифни берган кишининг ҳукуматда кўп одами бор эди. Мен энди коммунист бўлмаган,ҳукумат идораларида кўп ишламаганим учун номенклатурада унақа танишларим оз эди.Аммо уларнинг бу таклифни берганларнинг ҳатто,КГБ да ҳам танишлари бор эди. Ва Каримовни ўртадан йўқотиш мумкин эди.
МУХБИР: Жисмонан?
М. С. Жисмонан.Мен ундан бу ишда Каримов билан қанча одам қурбон бўлиши мумкинлигини сўраганимда 60 га яқин жавобини олгач, мен бунча одамнинг уволини бўйнимга ололмаслигимни айтиб, рад қилдим таклифни.
МУХБИР: Яъни бу иш учун 60 одамнинг қурбон бўлишини истамадингиз?
М. С. Истамадим.
МУХБИР: Сиз 60 одамни аядингиз?!
М. С. 60 инсонниг ҳаётини.
МУХБИР: Лекин сиз айтаётган одам,биз биламизки,мингларча одамни оттирди. Андижон воқеалари бунга мисол.
М. С. Афсуски,шундай.
МУХБИР: Ўшанда сизга аниқ таклиф бўлганмиди?
М. С. Ҳа . Аниқ таклиф бўлган эди. Мен ўша ердаги гуноҳсиз 60 одамнинг ҳаётини кўз олдимга келтириб,воз кечганман бундан.
МУХБИР: Ваҳоланки,ўша одамлар оддий халқ вакили эмас,унинг тўпидаги одамлар эди.
М. С. Тўғри. Шундай эди. Лекин мен нафақат уларнинг, Каримовнинг ўзини ҳам йўқотиш тарафдори эмасдим. Бу қўрқоқлик ёки раҳмдиллик эмасди. Бир мусулмон ўлароқ мен ҳар бир ишнинг жавоби бўлишини билардим ва шундангина қўрқардим! Ҳозир эсласам, яхшиям буни қилмаган эканман деб ўйлайман. Чунки буни қилсам, бу дунёдагидан ҳам кўра,у дунёда жазо қаттиқ бўлишини ўйлаб, бутун умрим заҳар бўлишини билардим. Мен бундай ишни қилолмасдим! Лекин прогматик инсонларнинг гапи тўғри. Улар:» Ўшанда сиз шу ишни қилганингизда эди,халқ озодликка чиқарди. Каримов минг одамни ўлдирди. Балки улар ўлмасди. Ўшандаги йўқотишни ва фойдани кейингиси билан таққослаб кўрмадингизми”?-деган мантиқли гап қилишади.
Бироқ мен ўшанда 60 кишининг йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги кескин таклифни ҳазм қилолмадим! Бугун ҳам буни ҳазм қилолмайман.
МУХБИР: Демак,бугунги ақлингиз билан ҳам шу фикрдасиз?
М. С. Шундай фикрдаман. Бу ишни подшолар қилолади. Мен подшо эмасман. Мен охиратини ўйлайдиган,бугунидан ҳам кўра охиратини муҳим кўрадиган бир инсонман. Шунинг учун мен сиёсатчимасман.Сиёсатчилар буни қиларди. Ўзича тўғри деб ҳам биларди бу ишини. Халқ ҳам уларни қаҳрамон қиларди. Савоб ҳам оларди балки. Аммо мен буларни қилолмасдим. Ёшлик чоғимда қушларни отардим, балиқ овлардим. Ҳозир шу нарсани ҳам бир фожеа сифатида кўраман. 2014-йил эдими…Ойдин хоним бор эди унда: бир ҳаккани отиб қўйдим. Боғдаги анжирларни тинмай еб кетарди. Шунда хоним қушни ўлдирганимни маломат қилганди. Шу нарсани ҳозиргача эслаймам. Гуноҳ туйғуси кўнглимни бузади. Энди у маҳал(90-йилларда)даку гап одамнинг ўлими ҳақида борарди.
МУХБИР: Яна 60 кишининг ҳаёти.
М. С. Энди қаранг: аввал одам эди, энди ҳакка. Ҳозир бу гуноҳ деган туйғунинг мезони чумчуққа тушди. Хонамга кирганда трубага кўзингиз тушгандир. Қаттиқ картон труба. Унинг ичига ин қурибди чумчуқ. Тинимсиз чирқиллаб-чуғурлайди. Мен компютерда ишлаб ўтирибман. Тинмайди бирпас. Ўрнимдан туриб трубага бир урдим, чумчуқлар чиқиб кетди. Қувдим барисини.Икки соатдан сўнг чумчуқлардан бири балкондан иниб,хонамнинг очиқ эшиги олдида туриб, шунақа чирқиллаб-қарғаяпти мени!… Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Хонимга айтдим буни. Қушнинг исён қилганини. ”Қарғаганини”. Бу аниқ эди. Чунки одатда,чумчуқлар теварагингизга келолмайди. Қўрқади. Энди мен уларга ўша трубани очиб қўйдим. Келиб яшашяпти.Шовқин қилишади чирқиллаб. Аммо уларга тегмайман.
МУХБИР: Чунки қўрқасиз уларнинг гуноҳидан.
М. С. Қўрқаман. Мен ўйлайманки,улар мени авф этди. Йўқса,келмасди қайтиб.
МУХБИР: Ва бу сиз билан бир ҳодиса бўларди, агар авф этмаса…
М. С. Мутлақо шундай бўларди. Буни бир қизиқарли ҳодиса ўлароқ айтмадим. Бу бир инсоннинг, менинг ҳаёт тарзим! Агар сиёсат шу бўлса, яъни ким биландир келишиб яшаш сиёсат бўлса, бу сиёсатни мен шундай тушунаман.
МУХБИР: Қизиқ мезон. Одам ва қуш…

(Тасвирга олинган бу суҳбатни Хуршида Атаоуллоҳ матнга айлантирган. давоми бор)

Тағин ўқинг
1 март 2018
Президент Мирзиёев 27 февраль кунги селектор йиғилишида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» давлат ширкатини мева-сабзавот экспорти режасини бажармаганликда айблаб танқид қилди. Президент танқиди ...
14 июл 2016
«Правда востока» газетаси Вьетнам Социалистик Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси байрам муносабати билан «Жаҳон» ахборот агентлигига берган интервьюсини эълон қилди. «Ўзбекистон ...
6 январ 2021
Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов ташқи қарзларнинг доимий ўсиб бораётгани боис Ўзбекистон иқтисодиёти аҳволи жуда хавотирли ...
6 май 2023
2023 йил 3 май, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Германия пойтахтида Германия канцлери ва президенти билан учрашди. Ҳуқуқ фаоллари  эса ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...