Асосий мавзулар
14 октябр 2022

Истиқболлар: Ўзбекистонда қачон ҳақиқий мустақил касаба уюшмаси пайдо бўлади?

Ўзбекистонда биринчи замонавий касаба уюшмаси бир йил аввал ташкил этилган бўлса-да, у дуч келган муаммолар меҳнат ҳуқуқлари қанчалик кенг қамровли бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Свенья Петерсен

Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳеч қачон меҳнаткашлар манфаатларига хизмат қилмаган.

Олти йил муқаддам Ислом Каримов вафотидан кейин ҳокимиятга келган президент Шавкат Мирзиёев меҳнат ҳуқуқлари учун янги давр, кенг қамровли ислоҳотлар ва ишчиларни ҳуқуқлари бузилиши ва мажбурий меҳнатдан ҳимояни ваъда қилди. Бир йил аввал “мустақил” деб аталувчи уюшма тузилган бўлса-да, аъзолар қаттиқ таъқибга учрагани ҳақида айтиб келинади. Кенг қамровли меҳнат ҳуқуқларидан ҳали дарак йўқ.

Каримов даврида Ўзбекистон касаба уюшмалари тизими ўзидан олдинги совет тузумини акс эттирди: у ишчилар эмас, иш берувчилар манфаатларини ифодаловчи давлат ҳомийлик тармоғи эди. Совет даври уюшмалари марказлаштирилган тарзда ташкил этилган ва ишчиларга санаторийлар, кинотеатрлар ҳамда бошқа дам олиш тадбирларига йўлланмалар таклиф қилиш билан танилганди. Совет тузумидаги каби Каримов давридаги касаба уюшмалари ҳам меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида жамоавий қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди – бу одатда режачилар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бўлган.

Мустақил демократик уюшмаларга рухсат берилмади. Каримов режими назоратсиз халқ ҳаракатлари ва ҳокимият монополиясига таҳдид солиши мумкин бўлган демократик ғоялардан қўрқарди. Бу тақиқ совет иқтисодий мафкурасини ҳам мустаҳкамлади ва давом эттирди. Экстенсив иқтисодий модел ишлаб чиқариш ҳажми фақат меҳнат каби захиралар миқдори билан белгиланади, деган ғояга асосланади ва ишчи кучи имкон қадар кўп бўлиши ва ходимлар мутлақ максимал даражада ишлаши кераклигини кўрсатади. Мухтасар айтганда, бу ғоя одамни эксплуатация қилишга имкон беради. Бу эса тараққиёт инновациялар, инвестициялар ва сифатли таълим билан боғлиқ эканини илгари сурувчи интенсив иқтисодий моделга зиддир.

Бу мафкура мустақил касаба уюшмаларининг йўқлиги билан биргаликда Ўзбекистон, айниқса, мамлакатнинг энг йирик тармоқларидан бири бўлган пахтачилик соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича дунёда энг юқори поғоналарга чиқишига олиб келди. 2011 йилда АҚШда жойлашган Cotton Campaign – инсон ҳуқуқлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлар, касаба уюшмалари ва бизнесменлар бирлашмалари иттифоқи ҳамда 331 та мода бренди ўзбек пахтасини сотиб олиш ва қайта ишлашни бойкот қила бошлади. Ўзбекистоннинг яккаланиши Каримов вафотигача давом этди.

2016 йилда ҳокимиятга келганидан бир неча ҳафта ўтиб, Мирзиёев уч ёки ундан ортиқ ишчига ўз касаба уюшмасини тузишга рухсат берувчи фармонни имзолаган эди. Шундан сўнг 2020 йилда у рўйхатга олиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш, касаба уюшмаларига меҳнат шароитларини текширишга рухсат бериш ва ишлаб чиқариш квоталарини бекор қилиш орқали касаба уюшмалари ҳуқуқларини сезиларли даражада кенгайтирди.

Мирзиёев бутун дунёга расмийлар “янги Ўзбекистон” деб атайдиган жойда бизнес бошқача бўлишини айтган эди.

Кейинги қишда, яъни 2021 йил март ойида Сирдарё вилоятидаги “Индорама Агро” Ўзбекистон-Сингапур қўшма корхонаси пахтакорлари меҳнат шароити ва иш ҳақи пастлигидан норози бўлиб, мамлакатнинг биринчи замонавий “Халқ бирлиги” касаба уюшмасини тузди. Унинг асосчилардан бири анонимлик шарти билан айтишича, уларни Мирзиёевнинг меҳнат бозоридаги ислоҳотларидан хабардор маҳаллий ҳуқуқшунос қўллаб-қувватлаган. Бир неча ой ичида “Халқ бирлиги” 700 дан ортиқ аъзосига эга бўлди.

Бироқ бу ташаббус иштирокчилари тезда тазйиқларга дуч келишди.

Масалан, уюшма ташкил этилганидан бир кун ўтиб, аъзолар маҳаллий ҳокимият органлари, милиция ва компания раҳбарларининг таҳдидли телефон қўнғироқлари ва бошқа қўрқитиш усулларидан шикоят қила бошладилар. Ҳаммуассиснинг айтишича, уюшма йиғилиш ташкил эта олмади, чунки учрашув ўтказилиши белгиланган жой тўсатдан уларни қабул қилмади, кафега кўчиб ўтганларида чироқ сирли равишда ўчиб қолди.

“Халқ бирлиги” ҳолати кўрсатадики, қонунчилик базаси кўпинча қобиқ вазифасини бажаради. Бу, айниқса, ҳокимият марказидан узоқда ўнлаб йиллар давомида илдиз отган феодал тузумга мос келади. Бу ҳолатда Мирзиёевнинг қонуни тазйиқ ва тажовузлардан ҳимоя қилмади.

Берлинда жойлашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форумига кўра, “Халқ бирлиги” қисқа вақт ичида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси (ЎКУФ), яъни мустақилликдан сўнг барча касаба уюшмаларини бирлаштирган ярим давлат органи назоратига ўтган. Жорий йилнинг ёзида Мирзиёевга яқин бир қанча юқори мартабали амалдор давлат лавозимларини ташлаб, ЎКУФ раҳбариятига қўшилиши давлат ва касаба уюшмалари ўртасидаги чигалликларни тўлиқроқ ошкор қилди.

“Халқ бирлиги” ҳаммуассиси ЎКУФга қўшилиш уюшманинг ўзини ўзи кучайтиришига ёрдам беришига умид билдирди. У ходимлар ўз ҳуқуқларидан тобора кўпроқ хабардор бўлиб бораётгани, Сирдарёдаги маҳаллий ҳокимият ва иш берувчилар эса сўнгги пайтларда гуруҳга нисбатан босимни юмшатганини таъкидлади.

Бироқ орадан бир неча кун ўтиб, ўтган ой охирида “Халқ бирлиги”дан яна бир киши мен билан боғланиб, “Индорама Агро” кўплаб ходимларнинг маошларини ушлаб қолаётганини кўрсатувчи ҳужжатлар билан бўлишди. Ҳужжатларда айтилишича, кўпчилик огоҳлантирилмасдан ишдан бўшатилган.

Eurasianet.org электрон почтасига юборилган баёнотда “Индорама” “тўловларни вақтинчалик тўхтатмаслигини” таъкидлади ва қандайдир “ФАОЛ” (аслида шундай ёзилган) ходимларининг маоши ушлаб қолинганини рад этди.

Халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги ислоҳотларни мамнуният билан қабул қилмоқда. “Халқ бирлиги” таъсис йиғилишини ўтказа олмаганидан бир неча ҳафта ўтгач, ЕТТБ ва Халқаро молия корпорацияси “Индорама Агро” компаниясига умумий қиймати 130 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратиш бўйича келишувларни имзолади. 2022 йил бошида Cotton Campaign янги бозор имкониятларини таклиф этиш ва халқаро стандартларга риоя қилишни рағбатлантирган ҳолда Ўзбекистонга нисбатан бойкотни бекор қилди. Шу ойда АҚШ Меҳнат департаменти “маҳаллий пахта корхоналарининг халқаро меҳнат стандартларига риоя қилиш салоҳиятини ошириш ва меҳнат қонунчилигига риоя қилишнинг самарали тизимларини жорий этиш” учун 2 миллион доллар ваъда қилди.

Бу Ғарб гуруҳлари чекловларни юмшатиб, капиталга киришни таклиф қилиш орқали Ўзбекистон ҳукуматини тўғри йўлга бошлаётганига ишонишади. Халқаро эътироф Тошкентга ислоҳотларни давом эттиришга туртки беради.

Шубҳасиз, бутун Ўзбекистон бўйлаб ислоҳотлар кечмоқда. Аммо “Халқ бирлиги” масаласи қонун чиқарувчи органда қонунларни резина муҳр билан қабул қилишдан кўра, кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш қийинроқ эканини эслатиб турибди. Ўзбекистонда яна бир уюшма тузишга ҳаракат қилинмагунига қадар Мирзиёевнинг бу йўналишдаги ислоҳотлари ҳақиқат ёки сароб эканини айтишга ҳали эрта.

Манба: Eurasianet

Тағин ўқинг
30 май 2020
“Элтуз” мухбири Фарғона вилояти телевидениеси журналисти Усмонжон Қодиров 28 май куни 15 суткага қамалиб, кейин жазо муддати 2 суткага ...
18 декабр 2015
Малоҳат Эшонқулова мустақил журналист, Eltuz.com Жиззахлик қонун идоралари ходимлари, хусусан «Дўстлик» туман ИИБ катта терговчи Ориф Анорбоев Ўктам Пардаевга ...
24 сентябр 2019
Тошкент ахборот технологиялари университети мутасаддилари ташкил этган “троллар фабрикаси” ҳақидаги гап-сўзлар бир неча кундан буён интернетнинг ўзбек сегментида қизғин ...
11 октябр 2016
Мажбурий меҳнат мониторинги билан шуғулланаётган «Қўрқмаслар» гуруҳи фаоли Малохат Эшоқулованинг eltuz.com мухбирига берган интервьюсига кўра, уларни чўл зонасидаги «Қирлишон» ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...