Таълим харитасидан ўчирилган мактаб
2022 йилнинг баҳорида Марҳамат туманидаги 36-умумтаълим мактаби биноси агентлик мактабига айлантириш важи билан қишлоқ болаларидан тортиб олиниб, бузилган, 400 га яқин ўқувчилар эса бошқа ҳудудлардаги мактабларга мажбуран кўчирилган эдилар.
Бошланғич синф ўқитувчиси Маъмура Йўлдошеванинг сўзларига кўра, уларга бу ҳақдаги ҳокимнинг қарорини, «махфий эканини» айтиб, шу пайтгача кўрсатишгани ҳам йўқ.
Орадан бир йил ўтди. Асоссиз тугатилган 36-мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари сентябрдан буён ҳеч қандай шароитлари йўқ, одамлар «ДОМ БЫТА» деб атайдиган эски бинода ўқиб келишмоқда.
Ота-оналару, ўқитувчилар, қўйингки икки қишлоқ аҳолиси қишлоқ болаларига мактабини қайтариш, ҳокимнинг қарори нотўғрилигини исботлаш учун бир неча бор мурожаат қилганлар.
Бундан 2 ой олдин турли интернет нашрларда чиққан видеомурожаатларга эса ҳеч ким пинак бузмаяпти. Элтуз воқеа юзасидан Марҳамат тумани маъмурларидан изоҳ кутади.
eltuz.com