Гўдаклар қисмати ёки илик олаëтган «Равот қашқирлари» ҳақидаги иддаолар
Самарқанд вилоятида чақалоқлар ногиронлиги кўпайиб бораётганига оид суриштирувимизга бир неча аёлларнинг бу ҳақдаги шикоятлари сабаб бўлди.
Оқдарё туман Равот қишлоғида яшовчи Раҳматова Гулноза 2015 йили туғилган ўғлининг оёғида нуқсони борлигини у туғилганидан бир ой ўтиб сезганини иддао қилади:
Рахматова: Оёғига гипс қўйиб қўйишган. Ҳар сафар болницага борганимизда катталашади. Туғилган пайти илигини олиб қўйишган деб айтишади.
Журналист: Илигини нимага олиб қўйишаркан?
Рахматова: Олиб сотаркан дейишди…
Бу гапларга биз ишонмадик, гўдак илиги яъни суяк кўмиги қандай кўчирилиши мумкин? Бугун фарзандини айни дард қийнаётган Сарвиноз ҳам аввалига бу гапларга ишонмаганини айтади.
Сарвиноз: Эшитгандим аммо ишонмагандим. Чунки қизим туғилганида бу гаплар йўқ эди. Бор эди кам эди. Эндиликда жуда кўпайиб кетди, илгари учта тўртта чақалоқ бўлса, ҳозир ҳар юз чақалоқнинг тўқсонтасида шундай нуқсон бор.
Биз Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасининг ортопедия бўлимида бўлиб у ердаги оёғи нуқсонли гўдакларини келтирган ота-оналар оқимини кўриб ҳайратга тушдик.
Сафаримиз давомида Самарқанд вилоятининг Пойариқ, Оқдарё, Иштихон, Ургут тумани туғруқхоналарида ҳам янги туғилган чақалоқларнинг айни нуқсондан азоб чекаётганига гувоҳ бўлдик.
Оқдарёнинг биргина Олчинтепа қишлоғида ўтган йили туғилган 4-5 нафар чақалоқларнинг дарди айни бир хил экани саволлар уйғотади.
Барчасининг оёғида нуқсони бор. Оғирлик тушса – бўксасидан чиқиб кетиш хавфи мавжуд. Барча гўдакларнинг оёқчаларига «А» шаклида тахтакач боғланган, гипсда!
Замонавий тиббиётда айрим огир беморларни даволаш учун суяк илигини кўчириб ўтказиш амали қўлланилади. Бу каби амалиётга лейкоз ва бошқа турдаги саратон касалликларини даволашда зарурат бор. Суяк илиги донорлиги, инсон суяги илигининг озроқ қисмини беморга кўчириб утказилишини англатади.
http://www.podari-zhizn.ru/main/node/7040
Самарқанд вилоятида гўдаклар орасидаги касалликлар бўйича маълумот сўраб Соғлиқни сақлаш вазирлигига хат ёздик. Вазирликнинг жавоби «келтирилган холатлар юзасидан аник маълумотлар такдим кила олмагансиз» деган мазмунда булди .
26 январ куни “Нега янги туғилган чақалоқларнинг айнан оёқчаларидаги нуқсон қийнамоқда?” деган савол билан Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Сайфиддин Очиловга мурожат этиш учун уларнинг қабулида бўлдик. Бироқ, бош шифокорни учратишнинг имкони бўлмади.
Илик олаëтган «Равот қашқирлари» ҳақидаги иддаолар Самарқандда оғиздан-оғизга ўтаркан, бизни бугун фақат биргина савол қизиқтиради: аксарият гўдаклардаги бундай бир хил касалликнинг боиси нимада?
Малохат Эшонқулова
Eltuz.com