Асосий мавзулар
19 ноябр 2023

Украинадаги уруш Ўзбекистон иқтисодига қандай таъсир қилди?

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповнинг Остона шаҳрида ўтган Марказий Осиё тадқиқот марказлари форумидаги чиқишида Украинадаги урушнинг Ўзбекистон иқтисодига таъсирини икки даврга бўлди. Биринчиси кенг кўламли урушнинг дастлабки даври бўлиб у 2022 йил бошидан то 2023 йилнинг мартига қадар давом этган. Иккинчи даври эса 2023 йилнинг мартида бошланган ва бугун ҳам давом этмоқда.

Айрим таҳлилчилардан фарқли Юсупов, Россия урушининг айнан дастлабки даври  Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатмагани, аксинча яхши кўрсаткичларга эришилганини таъкидлайди.

Иқтисодий ўсиш суръати 2022 йилда 5,7% фоизни ташкил қилган ва бу бир қанча омилларга боғлиқ:

Биринчидан Ўзбекистонда Россияга экспорт ҳажми ошди. Марказий банк маълумотларига кўра 2022-йилда олдинги йилга нисбатан – умумий экспорт ҳажми 33,4 фоизга ошган ва бунинг катта қисми Россия ҳиссасига тўғри келган. Бу ҳисса 2021 йилга нисбатан 52,6 фоизга кўпдир. Юсуповнинг сўзларига кўра, Россияга товар экспортининг ўсиши, Россия-Украина уруши билан боғлиқдир.

Ўзбекистон товарлари Россияга қарши санкциялар боис юзага келган бўшлиқни эгаллади.

Жаҳон брендлари Россияни тарк қилгач, Ўзбекистондан айни ширкатларнинг тўқимачилик, транспорт ва техника махсулотларининг Россияга реекспорт ҳажми ортди.

Иқтисодчининг эътирофига кўра, реекспорт кўп ҳолларда норасмий тарзда амалга оширилгани учун Марказий банк ва Статистика агентлиги маълумотларида сезиларли тафовутни кузатиш мумкин.

Иккинчи омил эса Ўзбекистонга Россиядан пул ўтказмалари ҳажми ошди. Россия Украинага уруш очган 2022 йилга келиб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони камаймади, аксинча, уларнинг сони бироз кўпайди, дея таъкидлайди Юсупов.

Унинг сўзларига кўра, 2022-йилда Россияда яшаётган ўзбек мигрантлари сони, олдинги йилга нисбатан бир неча 100 минг нафарга ортган.   

Айни пайтда, мамлакатда илгари кузатилмаган бошқа тенденция ҳам кузатилган. Бу уруш боис Россиядан Ўзбекистонга рус мигрантларининг кўчиши билан боғлиқ ҳолат.

2022-йилнинг иккинчи ярмида Россиядан Ўзбекистонга 200 минг нафардан зиёд россиялик мигрантлар кўчиб келган. Жорий йилда эса уларнинг сони кўпайишда давом этмоқда. Улар ўзлари билан бирга Ўзбекистонга пул олиб келишган. Айни пайтда бу тенденция бир қатор товарлар ва хизматларга талабни оширди дея таъкидлади Юсупов ўзининг форумдаги нутқида.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра руслар шунингдек ташқаридан туриб Россияга импорт маҳсулотлар учун тўловларни амалга оширишмоқда, бунинг учун улар Ўзбекистон фуқаролари ёки ширкатларидан фойдаланишмоқда. Шунингдек, Россиянинг санкциялар остида қолган банклари молия операцияларини  Ўзбекистон банклари орқали амалга оширган. Ва бу ҳам мамлакатга қўшимча пул ўтказмалари келишига омил бўлган.

Юсуповнинг билдиришича, уруш бошланганидан кейинги 4 чоракда бу – 92 фоизни ташкил қилган. Ўтказмаларнинг умумий ҳажми эса 18 миллиард 6 миллион долларни ташкил этган. Бу 2022-йилги Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 23,1 фоизидир.

Иқтисодий ўсишнинг учинчи омили, Юсуповга кўра, Россия, Хитой ва Туркиядан хорижий инвеститсиялар ва кредитлар ҳажмининг ошиши билан боғлиқ.

2022-йилда Ўзбекистонга 2,5 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвеститсиялар киритилди. Масалан, бу миқдор ўтган йилларда, жумладан, пандемиядан олдинги 2019 йилги 2,3 миллиарддан кўра кўпдир.

Бироқ Юсупов бу даврда Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари ҳам сезиларли даражада ошганига ҳам эътибор қаратади:

Бу қарз 5,9 млрдга ошган. Ўзбекистонга киритилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмида энг катта улушни тағин Россия эгалламоқда – 20,3 фоиз. Ундан кейинги ўринларда Хитой – 16,4 фоиз ва Туркия – 10,1 фоиз.

Тўртинчи омил истеъмол талабининг ўсиши.

Бунга, жумладан, кўчиб келган россиялик эмигрантлар оқими сабаб бўлган. Талабнинг ортиши ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига олиб келди.

Шундай қилиб, 2022-йилда Ўзбекистонда 60 мингдан ортиқ норезидент, асосан Россиядан ҳисоб рақамларини очиб, уларга 892 миллион доллар жойлаштирган. Норезидентларнинг бундай молиявий фаоллиги йил давомида хорижий валютадаги депозитлар ҳажмининг 9 фоизга ошишига олиб келди.

ИТ-соҳасининг ўсиши кўп жиҳатдан Россия ва Белоруссиядан релаксантларнинг кўчиши билан ҳам боғлиқ: Ўзбекистонга 3000 дан ортиқ ИТ-мутахассислари ўзлари билан компаниялари, жамоалари ва сармояларини ҳам олиб келишди.

Юлий Юсупов Ўзбекистоннинг Россия урушидан ўлжалари кўламини тарифлар экан, бу ўқувчига анча жозибали ҳам туюлиши мумкин. Бироқ кўтарилишдан сўнг, пастга қулаш ҳам бор. Юсупов нутқида келтирилган фактларга кўра, бу салбий оқибатлар айнан Ўзбекистон аҳолиси турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатди.

Урушнинг Ўзбекистон иқтисоди учун энг муҳим салбий оқибатларидан бири эса мамлакатда юқори инфляция суръатларининг сақланиб қолишида кўринди: 2022-йилда бу миқдор – 12,3%, 2023-24-йиллар учун прогнозлар 9-11% ни ташкил этмоқда. Инфляциянинг юқори даражаси, жумладан, Украинадаги уруш муносабати билан озиқ-овқат, энергия ресурслари, халқаро транспорт хизматлари ва логистика нархларининг ошиши билан боғлиқ.

Бундан ташқари, кўчиб келганлар оқими ижара ва кўчмас мулк бозорлари, шунингдек, меҳмонхона, умумий овқатланиш, кўнгилочар, озиқ-овқат, маиший товарлар ва хизматлар нархларига салбий таъсир кўрсатди.

Хорижга валюта ўтказмаларининг ошиши ва ташқи қарзларнинг кўпайиши, сўм девалвациясининг пасайишига, миллий валюта айирбошлаш курсларидаги фарқларга олиб келди, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатди.

Бундан ташқари, мамлакат молия сектори ва корхоналари Россия ва Белорусга қарши санкцияларни четлаб ўтиш схемаларини қўллагани, ҳамда ушбу мамлакатлар фуқароларини Ўзбекистонга кўчириш билан боғлиқ фирибгарлик, шунингдек иккиламчи санкциялар хавфини юзага келтирди. Ўзбекистондаги баъзи компаниялар аллақачон бундай санкциялар остида қолишди.

Урушнинг иккинчи йили. 2023 йилнинг мартиданоқ юқорида қайд этилган ижобий таъсир ортга чекина бошлади. Бу жумладан, рубл курсининг пасайишида кўзга ташланди.

Бу эса экспорт ва Россиядан муҳожирларнинг пул ўтказмаларига салбий таъсир кўрсатди.

Шундай қилиб, 2023 йилнинг биринчи 5 ойида Россияга ўртача ойлик товар экспорти 2022 йилнинг охирги 9 ойига нисбатан 24 фоизга камайди. Ўзбекистонга пул ўтказмалари эса 2023-йилнинг биринчи ярмида 2022-йилнинг иккинчи ярмига нисбатан 35 фоизга камайди. Рублнинг қадрсизланиши ўзбек сўми курсининг жорий йил бошидан қарийб 8 фоизга пасайишига сабаб бўлди.

Россиядан чиқиб кетган хорижий ширкатларнинг Ўзбекистонга киришга бўлган умиди сўнди. Чунки Ўзбекистондаги компанияларига иккиламчи санксиялар қўлланиши хавфи ортди, боз устига  Ўзбекистондаги бизнес муҳити ҳали ҳам қониқарсиз ҳолатда қолмоқда.

Гарчи, уруш сармоя киритишни рағбатлантирди, дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан имкониятлари чеклаб қўйилган Россия ширкатлари сармоя ётқизишни истайди. Россия, Хитой ва Туркия каби йирик давлатлар Марказий Осиё минтақасида ўз таъсирларини кучайтиришга интилишади; Россияникидан фарқли, муқобил транспорт йўлакларини очиш лойихаларига эҳтиёж туғилади.

Шундай қилиб, 2022-йилда Россиянинг Украинадаги уруши Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилиш ўрнига, уни бирмунча рағбатлантирди, гарчи бу давр келажакдаги салбий оқибатларнинг хамиртуруши бўлиб ҳам хизмат қилди. Бироқ, 2023-24 йилларда афтидан вазият мутлақо ўзгариши мумкин: уруш (айниқса, у яна давом этса) мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлади дея хулоса қилади Юлий Юсупов.

Элтуз Россиянинг уруши ва унинг Ўзбекистонга таъсирига оид таҳлилни давом эттиради. Каналимизга обуна бўлинг. Видеоларимизга лайк босинг.

Тағин ўқинг
30 ноябр 2018
1992 йилнинг декабрь ойида Қаҳрамон Хўжақулов яна ўз манбаларидан жиддий маълумот олади. Бу сафар МХХ ходимлари Афғонистондан Ўзбекистонга контейнерда ...
25 январ 2016
Қамоқхона бошлиғи ўринбосари порахўр бўлиб чиқди “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаси бошлиғининг умумий масалалар бўйича ...
1 март 2016
24 февраль куни Наманганда “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тақдимоти ўтказилди. Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Хайрулла Турматов, Ўзбекистон ...
11 апрел 2021
Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустам Қосимовни ишдан “шарманда қилиб” ҳайдади. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...