Асосий мавзулар
19 июн 2024

Қимматга тушган поезд чиптаси, газ баллон ва носоз йўллар – ЭП160

Элтуз Порталига келган навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Марғилон, Бухоро, Кашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятларидан келган. Дастлабки мактубни поезд чиптаси нархи ва шароитларидан норози йўловчи йўллаган. Чипта нархи отнинг калласидек, лекин фуқаролар хавфсизлиги талабга жавоб бермайди…» дея ёзмоқда у.

«Ассалому алайкум ҳурматли Элтуз. Мурожаатим Ўзбекистон темир йўллари Акциядорлик Жамиятига. Нимага поездларда биринчи ёрдам қутилари йўқ?! Нима учун қон босимини ўлчайдиган аппарат йўқ. Нима учун поездларда биринчи ёрдамни кўрсатадиган шифокор йўқ? Мана кеча оила аъзоларим 125 ФА Марғилон-Бухоро йўналишида келишди. Бувимнинг мазаси бўлмаган, қон босими ошиб кетган вагоннинг иссиқлигидан, лекин на биринчи ёрдам кўрсатадиган шифокор бор, на аптечка бор. Бу нима аҳвол? Йўловчиларнинг хавфсизлигига ким жавоб беради? Билетнинг пулини отни калласидай қилиб олишни билишади. Бу ёғини ҳам тўғрилаб қўйинглар ўртоқ каттакон раҳбарлар.» дея ёзади Бухоролик шикоятгўй.

Кейинги мурожаат Андижон вилоятидан. Исбосканда кўчанинг ўртасидаги ковланган “чуқур” олти ойдан буён очиқ ётибди.

“Маҳалламизга масъуллар келмайди. Ҳокимдан эса дарак йўқ. Бу муаммо бўйича ташкилотлар ва раисга айтдик, лекин натижа йўқ. Бирор машина, ёки бирор ёш бола тушиб кетишидан қўрқамиз. Муаммога масъуллар эътибор беришини сўраймиз” дейди маҳалладан мурожаат қилган фуқаро.

Қашқадарёнинг Яккабоғида эса аҳоли каналга чиқинди ташлаяпти.

“Ассалому алайкум, Элтуз! Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан мурожаат йўллаяпмиз. Янгиобод маҳалласи ҳудуди кун сайин чиқиндига тўлиб бормоқда. Гоҳида аҳоли каналга ҳам чиқинди ташлаганига гувоҳ бўляпмиз. Ўқувчилар ҳаракатланадиган серқатнов йўлак хавфли тусга келган. Маҳалла фаоллари ва тозаликка масъул ташкилотлардан амалий ҳаракат кутиб қоламиз” дея ёзади яккабоғлик Элтуз обуначиси.

Шаҳрисабзда эса газ баллонлар нақд пулга сотилаяпти. 3 йил олдин тарқатилган пластик карта эса ишлатилмаяпти.

“Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри Наматон МФЙдан мурожаат қиляпмиз. Маҳаллаларга тарқатилаётган газ баллонлар нақд пулга, 38 минг сўмдан сотиляпти. 3 йил олдин қўлимизга берилган пластик карталарни шу кунгача бир марта ҳам ишлатганимиз йўқ. Негадир келтирилган баллоннинг ярмини қайтариб олиб кетишяпти. Бу борада шаҳар газ масъулларига мурожаат қилдик, фойда йўқ, қайтага маҳалламиз масъуллари билан бирга келиб, “Яна шундай мурожаат қилсанглар, умуман газ олмайсизлар” деб қўрқитиб кетди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳалла раислари аҳоли оғирини енгил қилиши учун шароит яратиб беряпти. Шундай вазиятда биздаги маҳалла ва газ идораси масъулларининг хатти-ҳаракати одамни ўйлантириб қўяди. Ҳолатни республика мутасаддилари назоратга олса яхши бўларди”, дея ёзади Шаҳрисабзлик истеъмолчи.

Хоразмнинг Боғот туманидан эса  йўлнинг таъмирсизлиги туфайли машиналар авария бўлмоқда.

«Ассалому алайкум Элтуз портали! Хоразм вилояти Боғот туманидан мурожаат йўлламоқдамиз. Боғот туманидан ўтган 4Р156 автомобил йўли таъмирталаб, ҳайдовчилар чуқурдан қочиб қарама-қарши йўлга чиқишга мажбур бўлмоқда. Гоҳида чуқурга тушиб автомобилларимизнинг дискаси яроқсиз ҳолатга келиб қолмоқда. Авария ҳодисалари бўлиши ҳам кузатилмоқда. Бу йўлдан туман вилоят ҳокимлари ва бошқа мутасаддилар ҳам камида бир маротаба ўтиб қайтади. Уларнинг виждони қийналмайдими? Қандай қилиб кўз юммоқдалар? Бу йўлни керакли ташкилот раҳбарлари назоратга олишса яхши бўлар эди.» дея ёзади боғотлик автомобил ҳайдовчиси.

Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг.  Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
20 ноябр 2018
«Ўзбекконцерт» бирлашмаси «уятсиз» клип боис Шаҳло Аҳмедованинг лицензиясини олиб қўйди.  Рассом Туз Eltuz.com
30 май 2023
Эркин Воҳидов 2016 йилнинг 30 майида 79 ёшида вафот этди. У 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ...
26 январ 2019
Яхшилик ва умуман одамларга яхшилик қилиш ҳақида ëзгим келди негадир. Қамоққа тушган хоразмлик журналист Давлат ака фақат ҳаммага яхшилик ...
1 март 2019
Самвел Бабаяннинг яна ўзбек футболига қайтиши масаласида бир неча нуқталар борки, кишида кўплаб шубҳалар уйғотади. Биринчи нуқта шуки, у ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...