Асосий мавзулар
28 октябр 2024

Сенат раиси ва Бош вазир ишни пора олишдан бошлаган

Сиëсат билан шуғулланган ҳар бир шахс у бош вазир бўладими ëки сенат раиси худди шиша идиш ичида яланғоч ўтирган каби шаффоф бўлишга мажбур. Оддий одам учун кечирса бўладиган камчиликлари ва қачондир қилган ишларига ҳам жавоб бериши керак. Айниқса сайлов даврида бу архи муҳим.  
16 октябрдан бошлаб Ўзбекистон ва чет элдаги сайлов участкаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига депутатлар сайлови бўйича муддатидан олдин овоз бериш бошланди. У 23 октябргача давом этади. Сайловлар 27 октябр кунига белгиланган.
Сайлов натижаларига қараб, ҳукумат таркиби кўриб чиқилади. Матбуот нашри ўлароқ, жорий ҳукуматнинг содиқ ва собиқ мулозимларини элакдан ўтказиш ҳам сиëсий жараëннинг бир қисми.
Ўзбек мулозимлари юзига ойна тутишдан олдин сиëсат ҳақида гапирсам.  

Митинглар сурони

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охирида Ўзбекистонда оммавий митинглар бўлганини кўрган ва бу митингларни ташкил қилишда қатнашган қадимий динозавр каби одамман.  
Ўша пайтда сиëсатчилар бочка устига чиқиб, қўлида овоз кучайтиргичли карнайни ушлаб, халқ олдида ваъз қиларди.  
 Мабодо сиëсатчи одамларни ўзига ром қила олмаса, ҳуштак чалишиб, минбардан тушириб юборишарди.  
Бунинг номини паблик сиëсат, дейилади. Ўз вақтида Шукрилло Мирсаидов, Шуҳрат Нусратов, Эркин Аъзам, Мирзо Кенжабек, Абдураҳим Пўлатов ва, албатта, Муҳаммад Солиҳдай забардаст сиëсатчиларнинг халқ олдида ваъз қилганини кўрганман.
Каримовнинг Намангандаги муллалар олдида қилган чиқишини ҳам эслайман. Каримов ўшанда Тоҳир Йўлдошни икки юриш билан мот қилиб қўйган эди.
Кейин ўтган 33 йил ичида бундай чиқиш бўлмади. 2005 йилнинг 13 майида Андижоннинг Бобур майдонига йиғилганлар президент Каримов келиб, бизнинг олдимизда ваъз ирод этади, деб умид қилишган эди. Аммо Каримов уларга қарата замбаракдан ўқ узди.
Халқ тинчиди-қолди. Мирзиëев даврига келиб, молидан ажраган, уйи бузилганлар дод-войи эшитила бошлади.  
Аснода олдин тилсиз, забонсиз бўлган мулозимларнинг нутқ маданиятини баҳолаш имкони пайдо бўлди.  
Жорий йил августида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг  ўзбек спортчиларнинг Париж-2024 ёзги олимпиадасида янада кўп медалларни қўлга киритмаганига «эркак болаларнинг аёлларнинг кийимини кийиб чиққани» сабаб бўлгани ҳақидаги авом каби алжираши мутоибага сабаб бўлганди.  

Кремль карнайчиси

Бундан 4 йил олдин Сўх эксклавида жанжал чиқди. Оломон Фарғона ҳокими Ғаниевни тошбўрон қилиб ҳайдади. Эртасига бош вазир Абдулла Арипов қўлларини қанот каби ëзиб халқ ичига юрганини эслайсизми?
Чўлпоннинг шеъридаги каби: “Қучоқ очиб халқ ичига юрайлик, Бутун кучни халқ ичидан олайлик”.
Аммо шаклан гўзал кўринган бу чиқиш Ўзбекистон Россия вассали бўлишининг эски шаҳар шевасидаги рекламаси бўлиб чиққан эди.  
Бош вазир Арипов Сўх туманида чиқиш қилиб, Сўх-Риштон йўлини ёпишни Евроосиё иқтисодий иттифоқи талаб қилганлигини айтди. Бу нима, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг рекламасими? Бу Евроосиё иқтисодий иттифоқининг биз билмаган яна қанақа талаблари бор?
Арипов ўз сўзига муҳтарам президентмиз, дея ибора қўшса ҳам, амалда Мирзиëевнинг сиëсати тугаб, Ариповники бошлангани каби манзара кўринди.
– Муҳтарам президентимиз бошқа мамлакатла билан, мана кўрвосила, ҳозир Россия мамлакати билан худди шунақенги ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўяптила. Хабарила боми бундан? Кереми биззага?
Халқ йўқ-йўўқ, деса, Арипов албатта кере, деб карнайдан бақирди.
Кимдир чиқиб, “Сўхдаги муаммони ечса, Мирзиëевнинг патинкасини ялайман, деди. Аммо муаммонинг ечиладиган сиëғи йўқ. Ботинкани ялаш Тошкентдаги маддоҳлардан ортмаса ҳам керак.
Бундай қарасанг, урушга ҳам ўхшайди. Каска кийган, қалқон кўтарган аскарлар. Тош отаëтган халқ. Аслида уруш ҳам сиëсатнинг давоми.
200 йил олдин немис ҳарбий файласуфи Карл фон Клаузевиц: “Уруш – бу сиëсатнинг давомидир. Бундан буëғига воситалар ўзгаради, холос”, деган эди.

Лидернинг тўдабошидан фарқи

Россиянинг ҳар қандай восита билан бўлса ҳам ўзлари ҳукумат ичига сиздирган мулозимлар қўли билан мустақил давлатни назорат остида ушлаб тургани бу ўша ўзгарган воситаларга мисол. Ўткан кўрсатувларимизда Россия манфаатларининг Ўзбекистондаги ҳимоячиси Бахтиëр Фозилов ҳақида гаплашган эдик.
Кремл боқувидаги олигархларнинг мустақил давлатларни контрол қилиши миллий хавфсизликка жиддий хатардир.  
Келаëтган хафта собиқ совет республикаларидан бири бўлган Грузия ўз елкасидан кремлпараст тужжорни онтариб ташлаш учун майдонларни тўлдирди.  
Кремлпараст миллиардер Бидзина Иваношвили бошчилигидаги 12 йилдан бери ҳокимиятда қолаётган «Грузия орзуси» партияси сайловчиларнинг ошкора нафрати билан юзма юз қолмоқда.  Грузия демократик Ғарб ва босқинчи авторитар Россияга тобелик  ўртасида танлов қилмоқчи.
Шаклан сокин бўлсада Ўзбекистон ҳам доимо шу танлов билан юзма юз. Кремлпараст миллиардер Бидзина Иванишвили ошкора ўриспарастликни илгари сураëттан бўлса Ўзбекистон ҳукумати ичига сизган Россия троя отлари мамлакатни яширинча Россияга қарам қилмоқда.  
АҚШнинг 26 инчи президенти Теодор Рузвельтдан тўдабоши билан лидер ўртасидаги фарқни сўрашганида у “Лидер очиқчасига халққа йўлбошловчи бўлади тўдабоши эса яширинча кўрпа тагида иш қилади. Лидер йўл кўрсатади. Тўдабоши эса халқни қўрага қамайди” деган эди.  
Элтуз бугун Ўзбекистоннинг энг катта раҳбарлик мансабигача ўрмалаб чиққан икки раҳбар мисолида тўдабошиларнинг кўрпа тагидаги қилмишларидан ўзи гувоҳ бўлган қирраларини  ҳикоя қилади.
Сенат раиси Ўзбекистон конституциясига кўра, президентдан кейин иккинчи асосий раҳбар ҳисобланади. Президент ўлса ëки ўсал бўлиб бошқаролмай қолса рахбарлик сенат раисига ўтади.

Эркин сўз – қорайган лакмус қоғози каби

2006-2015 йилларда Олий Мажлис Сенати раиси сифатида фаолият олиб борган. Кейин эса Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокими ва туман суд раиси лавозимларида ишлаган Илгизар Собировни энди ҳизмат пиллапояларидан юқорилаëтган пайтидан бери танийман.
1999 йил охирида мен Бош муҳаррир бўлган  мустақил ТВ АЛСни туғма овсар замҳоким Ботир Раҳимов тарафидан қонунга зид ўлароқ ëпиш мажлисида ўша пайтда вилоят адлиясида ишлаган Илгизар Собиров “добро” берган эди. ТВ АЛС тугатилгани  ортидан Хоразмда “Эркин сўз” ташкилотини тузганимда ўша пайтда Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи бўлган Илгизар Собиров мендан пора талаб қилган. Мен бу порани конветртга солиб унга берганман.  
Воқеа 2000 йилнинг ёз ойларида содир бўлган. Ўша пайтда Хоразм вилоятидаги оммавий ахборот воситаларида ишлаган 16 нафар журналист, ҳуқуқшунос ва фаоллар иштирокида «Эркин Сўз» ташкилоти низомини ишлаб чиққан, уни нодавлат ташкилот сифатида адлия идорасидан рўйҳатга олдириш учун астойдил ҳаракат бошлагандим.  Ташкилот низоми юристлар томонидан анча мукаммал ишланган, унинг 16 нафар аъзолари ва бошқарув ҳайъатига киритилган шахслар имзоси нотариус томонидан тасдиқланган эди. Шунга қарамай ҳамкасбларим рўйхатга олиш масаласи порасиз битмаслигига шаъма қилишди.
Ўша пайтда Илгизар Собиров Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида эди. Мен 50 доллар солинган конверт ва низом ҳужжатлари пани кўтариб унинг кабинетига кирдим.
Олдин низомни тутқаздим ва изидан тезгина конвертниям узатдим. «Бу арзимас пул ўзингизнинг ҳаражатларингиз учун» Адлия мулозимининг одатда тун ва ўзгармас қиёфаси сал ёришгандай бўлди. Ҳали ҳаражатлар кўп бўлишига шаъма қилди. Кейин отамнинг соғлиғини сўради. Таниган билган яқин қариндошларимизни ҳам эслатди. Ҳафта охирида йиғилиш бўлиши ва албатта ташкилотнинг рўйхатга олинишини ваъда қилди.
Лекин хафта ўтиб ҳам иш олдинга силжимади. 50 дан зиёд нодавлат ташкилотлари турибди рўйхатда. Агар Илгизар ака ҳужжатларни қабул қилиб олган бўлса албатта битади дейишди қабулхонадагилар.

Тахминан бир ой ўтгач ҳам иш олдинга юрмади. Аксинча, ташкилотимиз аъзолари орасида шивир-шивир гап кўпайди. Аввалига «Хоразм Ҳақиқати» газетасида ишлайдиган икки журналист Миллий ҳавфсизлик идорасидан босим бўлгани ва аъзоликдан чиқаришимни илтимос қилиб келди. Мен идора ҳали рўйхатга олинмагани, фақат ҳужжатлар топширилганини айтиб уларни тинчлантирдим.
Кейинчалик, барча аъзоларимизни бирма бир Миллий ҳавфсизлик идорасига чақиришган ва имзоим сохталаштирилган деган мазмунда тилхат олишгани ўртага чиқди.  Аснода мени Адлия бошқармасидаги йиғилишга чақиришди. Менга имзолар қалбакилаштирилгани боис аризам рад этилганини билдиришди.
Ўша куни ғазабимнинг чегараси йўқ эди. Мен расман ўтказилган аъзолар йиғилиши видеотасвирга олингани, уларнинг имзоси нотариус орқали расмийлаштирилганини эслатсам ҳам фойдаси бўлмади.
«Сен вазият қанчалик жиддий эканини билмаяпсан. Нафақат сени ва ташкилотинг аъзоларини, балки ўша нотариал конторадаги шерикларингни ҳам қамашади» дея пўписа қилди ва устимдан ёзиб берган шерикларим аризасини кўрсатди Собиров.
Бир томондан «Эркин сўз» ташкилотининг рўйхатга олинмагани Ўзбекистонда аслида сўз эркинлигининг йўқлиги исботи бўлди. Бизнинг уни рўйхатга олдириш учун берган аризамиз лакмус қоғози каби натижа берди. Ҳатто пора эвазига ҳам «Эркин сўз» рўйхатга олинмади.  

Мансабга лойиқ пора – порага лойиқ мансаб

Эллик доллар билан 500 долларнинг фарқи улардаги нолларнинг сонида. Ўзбек мулозимлари мансаб пиллапояларидан юқорилаб борар экан, улар оладиган пора суммасидаги ноллар сони ҳам ошиб бораваради.
Чет эл мобил алоқа операторларини Ўзбекистонга киритиш учун ўз вақтида Гулнора Каримова саккиз юз миллион доллар пора олган. Каримов ўз қизини бунинг учун қамади. 2012 йил кузида бу соҳани назорат қилган Абдулла Арипов устидан ҳам жиноят иши очилиб ишдан қувилган эди.
 Ман айтмоқчи бўлганим бундан ҳам олдин, ҳали дарахтлар катта бўлган даврда юз берган.  
Бу фош қилувчи факт ҳақида Арипов Бош вазир қилиб тайинланган 2016 йилнинг 12 декабрида ëзгандим, аммо янги одамга шанс берайлик, эски гапларни эсламайлик деган андиша билан бу мақолани ғаладонга солиб қўювдим.  
Бироқ Бош вазир Абдулла Арипов ўз қудаси Алишер Хўжаевни МТРК га раис қилиб тайинлагани унга ва у тамсил қилган ҳукуматга нисбатан барча ишонч кредитларини йўққа чиқаргани ва Ариповнинг Россия сурнайига ошкора ўйнай бошлагани сабаб бу фактни ошкор қилишга қарор бердим.  
Мана қўлимда Мана қўлимда 1998 йилнинг 8 октябрида «Эй Эл Си» Телекомпанияси фаолияти учун олинган 0000027 рақамли лицензия. Буни олиш жорий Бош вазир  Абдулла Арипов шахси билан боғлиқ.
Демак, 1998 йил мен Урганчдаги «Эй Эл Си» телекомпаниясида бош муҳаррир бўлиб ишлар эдим. Биз олган лицензиянинг муддати тугашига тўрт йил бор эди. Аммо, ўша йили Ўзбекистон ҳукумати барча мустақил ТВ лар қайтадан лицензия олсин деб қарор чиқарди.
ТВ АЛС Бош директори барча ҳужжатларни йиғиб, ўша пайтда Почта ва телекомуникациялар агентлиги деб аталадиган Олой бозори ëнидаги бинога борди.
Агентликнинг юридик хизмат бўлими бошлиғи ҳужжатлар таҳламининг устига “Эй Эл Си телекомпаниясининг ҳужжатлари қонунга зид эмас” деб ëзилган қоғозни ëпиштириб берди. Кейин директорга юзланиб, «Бош бухгалтерга учранг» деди.
Бухгалтер ТВ АЛС директорини яхши кутиб олди ва «Ариповни хурсанд қилмасангиз ишингиз битмайди», деди. Бухгалтер Хоразмдаги 8-нчи каналда ишлайдиган ТВ лицензиясини олиш учун Ариповга бериладиган совға лимитини белгилаб берди.
Бир қоп авангард навли Хоразм гуручи (50 кило) Футбол ўйнаганда кийиладиган бутси (NIKE брендли оригинал) ва 500 АҚШ доллари.
«Акс холда лицензиясиз ишлаган ҳар кунингиз учун санкция қўлласак, бундан ҳам кўпга тушасиз», деди дўстона оҳангда бухгалтер. Гап орасида, «пулни жума куни берсангиз, чунки шанбада Арипов Парижга учиб кетяпти командировкага» деб вазиятни аниқлаштирди.
ТВ АЛС директори  душанба кунги кечки учоқ билан Урганчга қайтди. Нақд доллар йўқ эди, шу боис қора бозор курси билан 500 АҚШ доллари сотиб олса бўладиган сўмларни хўжалик сумкасига солдик.

ТВ АЛС директори ëнида бутси ва яна бир қоп гуруч билан йўлга тушди. Аэропортдан такси олиб тўғри агентликка борди. Кираверишдаги милиция турадиган жойдан бухгалтерга телефон қилди. Хуллас, қўриқ хизматидаги милиция ходими билан гуруч тўлдирилган қопни кўтаришиб, тепа қаватга Ариповнинг хонасига чиқилди.
Арипов табассум билан ТВ АЛС директорини  кутиб олди. Қопни очиб, гуручни қўлига олиб кўрди. “Авангард гуруча точний?” деб саволомуз реплика ташлади. Бухгалтер бўлса, «мен кафилман» деб гап қотди. Навбат бутсига келди. Арипов бутсини яхшилаб у ëқ буëғини кўрди. Ҳақиқий экан, деб ҳулоса чиқариб қутига қайта солиб қўйди.
Навбат пулга келганида директор унга сўм тўла хўжалик сумкасини тутқазди. Бухгалтер бош чайқаб, буни долларга алмаштириш керак деди. Ҳушмуомала Арипов оталарча йўл кўрсатиб, Олой бозорида чимчи сотаëтган корейс аëл адресини берди. “Ўша аëл ишончли, фақат йили эски бўлмасин” деди.
Чимчи сотадиган аëл бир сумка сўм эвазига беш дона юзталик долларни директор қўлига тутқазди. Яна агентликка қайтилди  Агентликдаги кабинетида Арипов кутиб ўтирган экан.  
Ҳафсала билан пулни олиб силаб ҳам кўрди. Қалбаки бўлмасин дея. Кейин ТВ директорига қўл бериб ишингизга омад деб муваффақият тилади.
Ташқарига чиқилди. Бир пасдан кейин бухгалтер орқадан етиб келиб Арипов имзо чеккан лицензияни директор  қўлига тутқазди. 1998 йилнинг 8 октябрида берилган бу лицензия бир йил муддатга эди. “Бир йилдан кейин яна саломга келасиз, Хоразмни гуручига ўрганган одам бошқа гуручни ея олмайди” деди бухгалтер.

Бир йилдан кейин мен раҳбарлик қиладиган телеканал сайловлар арафасида сиëсий сабаблар боис ëпилди. Бу айри ҳикоя.
Айтмоқчи бўлган гапим шуки, бугун Ўзбекистон ҳукумати бошида турган одам Абдулла Ниғматович Арипов – порахўр ва таъмагирдир. Буни мен ҳар қандай маҳкамада гувоҳ сифатида айта оламан.
Гапимни буюк ëзувчи Джордж Оруэллнинг мана бу гапи билан тугатсам.  
“Дунëдаги инсон ва ҳайвонга хос барча иллатларни сиз ҳар қандай бошлиқ танасида мужассам бўлганига ишонч хосил қилиш учун унинг биографиясини ўқиб кўриш кифоя”

Каналимизни кузатиб боринг. Видеоларимизга изоҳ ёзинг, обуна бўлинг. 

Eltuz – Ўзбекистон ва ўзбекларнинг сиёсий кайфиятини акс эттирадиган майдон. Канал ҳомийси бўлинг ва сиз эксклюзив бонусларга эга бўласиз. Батафсил маълумот:    / @eltuz  
Тағин ўқинг
18 феврал 2016
28 яшар рус таксичи қизнинг пулларини олиб, ўлдириб, кейин машинасига ўт қўйган 24 ёшли Сотволдиев 14 ярим йил қатъий ...
8 декабр 2020
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим “Элтуз” мухбири билан суҳбатда хонандалар Санжай ва Шерали Жўраев жанжалига умуман аралашмаганини, артист билан ...
11 сентябр 2018
Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокими, 42 яшар Бахтиёр Абдусаматов ўз иш кабинетида 7 сентябрь куни 400 минг АҚШ доллари ...
21 август 2019
“Бу мактубни сизга ëзаëтган пайтимда хоразмлик адабиëт ихлосмандлари вилоят ИИБ биноси олдида норозилик пикети ўтказиб турибди. Уларнинг талаби ўта ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...