Пахта васвасаси ёки калтак еган Дмитрий Тихонов…
“Далани кўришга борган ўзбек ҳуқуқбони таҳқирланди” деган тагсарлавҳани кўрганлар, пинак бузишмайди, чунки Ўзбекистонда ҳар йили пахта терилиши, тағин бутун халқнинг бунга мажбуран “ихтиёрий“ сафарбар этилиши, нафақат пахта термаган, балки теримчилар олдига борганларнинг калтакланиши кўп эски мавзу.
“Қимирламасдан ўтирдим. Кейин ўша одам қўлига икки юзтача қоғозларни олиб, бошқа икки ходим ҳозирлигида мени юзим ва бошимга ура бошлади. Ураётганда, «пахта бизнинг бойлигимиз, бизнинг фахримиз» деб бақирди” – дейди Дмитрий Тихонов матбуотга берган ўз интервьюсида.
Бу воқеа ҳақидаги хабар кўпгина интернет нашрларида тилдан тилга кўчди. Бу ҳақда ёзаркан, қанча журналисту муҳаррирлар ўз оши нонларини ҳалоллаб, тағин Гулҳанийнинг Зарбулмасали қаҳрамонлари каби ичларида ”агар шу ҳукумат иқтидорда турса яна қанча оташин мавзуларга хабарлар топамиз”, деб қўйишади.
Шамғалат ўқувчимиз учун эса бу оддий ҳол. Қўлидаги мобил гўшагини варақларкан, “трактор тагида қолиб ўлган бола”, “далада қолаётган ўқитувчиларнинг сохта дарс конспектлари”, “Қурбон ҳайити куни пахта теримига ҳайдалганлар”, “пахтага пул бермаган ўқувчиларга таҳдидлар”, “Пахтадан 11 миллион доллар зарар кўраётган завод”, “Пахта колоннасида 80 та одами билан ағдарилган автобус”, “Пахтага кетган талабанинг сувга чўкиб ўлгани”, “Теримга дея қоқиб олинаётган пенсионерларнинг пуллари”, “Пахта тераётган мелисалар” ва ҳоказо хабарларга шунчаки кўз югуртириб ўтиб кетади.
Кунларимиз гўё “Суғур куни” филмидаги каби кечмоқда. Ҳар йили қайталанавериб, сийқаси чиққан пахта васвасасидан кўплар йироқ кетишни исташади. Ҳар йили, одамларни пахта теришга мажбурлашган, пахта учун калтаклашган, ўлдиришган… дунёда бундан қизиқроқ нарсалар йўқми?
Шу ерда тағин шўрлик Диманинг калтакланиши масаласига қайтсам. “Хонада гувоҳ бўлган икки ходим, дарров «биз ҳеч нарсани кўрмадик» деб айтишди”, дейди у. Гувоҳларни қўя туринг, аслида уларнинг юқоридаги хабарларни ўқиган биз каби ўқувчилардан ҳеч фарқи йўқ, улар ҳам, биз ҳам ҳеч нарсани кўрмаймиз. Бироқ, калтакланганнинг ҳоли не кечди…
“Ярим соатдан кейин тез ёрдам машинаси келиб, икки аёл шифокор мени кўрикдан ўтказишди” дея ёзғиради бечора Дима. Ўйлайсизки, улар беморни кўришга келишган дебми, янглишасиз.
“Мен уларни чақирмагандим, уларни милиция чақирган, ўзларини келажакда сақлаб қолиш учун, ҳимоя қилиш мақсадида, – дейди жабрдийда.
Интернетда кўзим илғаган бу воқеадан жиғибийроним чиқиб, нималардир ёздим, бундан ортиғи қўлимдан келмади. Буни ўқишни ҳам ҳеч ким истамас, балки кимдир ўқир, кимдир яна нимадир ёзар, яна кимдир калтакланган дўстимизни ҳимоя қилиш учун унга ҳақиқий ёрдам қўлини чўзар…
Қудрат Бобожон,
www.eltuz.com