Озод одамлар орасида
Бу саволни қўйишимга сабаб, баъзи ўзбекдан чиққан «доно»ларнинг Россияга иш излаб бораётган ҳамюртларимизга сурбетларча шу тамғани ёпиштираётгани бўлди.
Аслида иш излаб чиққанларнинг кўпи тобе бўлмаслик учун чет элга чиққан. Кўпларида олий маълумот бор, аммо хоҳламайди коррупция ботқоғига ботган, қонхўр тузумга хизмат қилишни.
Пахта мавсумида мажбуран далага ҳайдалса, бошқа пайтлар кўча йиғиштириш, ободонлаштириш ишларига, аҳолидан ҳар-хил тўловлрни йиғишга мажбуран жалб этилса.
Маоши пластик картага ўтказилсаю, нақд пулга алмаштириш учун йигирма-ўттиз фоиз пора берса, яна камига ҳар-хил тадбирларга деб ушлаб қолинса.
Энг асосийси шунча адолатсизликлар бўлсада ўз норозилигингни билдира олмасанг, икки гапни бирида ҳукуматдан миннатдорлигингни изҳор қилиб турсанг (эҳтиёт шарт, «қулоқ» кўп).
Энди адолат юзасидан айтингларчи ким қул, ким муте?! Ўз жисмоний кучига таяниб, бўлмағур мафкурадан фикран, руҳан озод бўлган одамларми?! Ёки эрта-индин пахта теримига мажбуран ҳайдаладиганларми?!
Акмал Набиев,
www.eltuz.com