Дайжест
18 феврал 2016

“Оламшумул Каримов нутқи”, ёшлигида пахта терган депутат ва мамнун журналистлар…

“Иззатини билган бирор балиқ бундай газетага ўрашларини истамасди” деган чикаголик журналист Майк Ройконинг сўзлари бугунги ўзбек газеталари ҳақида айтилгандай, бундан ташқари улар ташқи “таҳдидлар”га қарши мантиқсиз ташвиқу тарғиботларга йўғрилган.

Хуллас, мағрибу-машриқни лол қолдирган Каримов нутқи, бузғунчи ғояларга қарши ғазот отига миндирилган ўзбек муллалари, ёшлигида пахта терган депутат аёл ва номи сир сақланган омбудсмен. Бундан ташқари “Туркистон пресс” ахборот агентлиги бош муҳаррири Луиза Маҳмудова интервью олаётган журналистнинг кўзлари мамнунликдан порлаб туриши лозимлигини билдиради.

Интернет “таҳдиди”га қарши курашга муллалар ҳам жалб этилмоқда

“Kun.uz” интернет нашри турли таълим даргоҳларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби тақдимоти ўтказилаётганини маълум қилди.

Унда ёзилишича, Ўзбекистон миллий университетида бўлиб ўтган шундай тадбирда қатнашган Шайх Зайниддин жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори Исмоилов бу китобда “турли таҳдидларга қарши курашиш ва ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш асослари, бузғунчи ғояларнинг асл қиёфаси ҳаётий фактлар, савол-жавоблар ва психологик тестлар орқали батафсил ифодалангани”ни айтган.

Сўнгги вақтларда “шукроналик сиёсати”нинг асосий тарғиботчиларига айланган диний арбобларнинг бундай ҳаракатлари давр нафасига жуда ҳамоҳанг.

Президент маърузаси шунчалик оламшумулми?

Ўзбекистон президентининг январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси сўнгги вақтларда жаҳон афкор оммасининг ақл-ҳушини ўғирлаган кўринади.

Ҳар ҳолда “Жаҳон” ахборот агентлигининг “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган мақоласини ўқиган худо бехабар киши шундай хулосага келиши мумкин.

“Президентинг бу маърузаси жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. У хорижий мамлакатлар эксперт доиралари вакиллари томонидан атрофлича муҳокама этилиб, шарҳланаётгани бунинг исботидир”, дейилади мақолада.

Маъруза юзасидан фикр билдирганлар орасида Европа энергетика хартияси бош котиби Урбан Руснак, Европаю Осиёнинг турли компания ва муассасалари вакиллари бор.

Маърузани ўқиган кўпчилик холислар негадир ундан дунёни қизиқтириши мумкин бўлган бирорта пичоққа илингулик гап топа олмай боши қотаётган бир пайтда юқоридаги каби халқаро экспертларнинг гаплари одамни шошириб қўяди. Эксперт барибир экспертда, бир нимани билади булар, деб юборади киши.

Пахта терими қизлар саломатлиги учун хавфли эмасми?

“Ўзбекистон овози” газетасидаги “Соғлом оналар ва болалар мамлакати” сарлавҳали мақолада ЎзХДПдан сайланган депутатларнинг “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури тўғрисидаги мулоҳазалари баён этилади.

Хусусан, ЎзХДПдан Жиззах вилояти кенгашига сайланган депутат, партиянинг шу вилоятдаги кенгаши раисаси Мўътабар Каримова “собиқ тузум даврида оналар саломатлиги, қизлар парвариши ҳақида ҳеч ким қайғурмагани”дан ёзғиради.

“Ёшлигимиз пахта далаларида, очиғи, қизлар саломатлиги учун хавфли шароитларда ўтган”, дейди депутат опа.

Қизиқ, Ўзбекистонда коллеж, олийгоҳларда ўқийдиган талаба қизлар ҳали-ҳамон мажбурий равишда ойлаб пахта теримига оммавий жалб қилинаётганини депутат билмайдими ёки ҳозир пахтадаги шароитлар қизлар саломатлигига салбий таъсир этмайди, деб ҳисоблайдими?

Омбудсманнинг исми-шарифи давлат сирими?

“Правда востока” газетаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг 2015 йилги фаолияти ҳақидаги ҳисобот тинглангани тўғрисида хабар берди.

Унда мамлакатдаги қонунсизлик, ноҳақликлар юзасидан қанча фуқаро Омбудсманга шикоят қилгани, қанчаси адолат топгани тўғрисида бир сатр ҳам йўқ. Фақат умумий гаплар, олди-қочди таклифлар.

Энг қизиғи, дунёда адолатсизликлар мамлакати сифатида танилган Ўзбекистонда халқнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлаган (ёки шундай роль танлаб берилган) бечора Омбудсманнинг на исми-шарифи, на расми бор хабарда. Ёки халқ ўз “қаҳрамон”ларини билиши шарт эмасми?!

Фанга нисбатан жиҳод ва мамнун журналист

“Ҳуррият” газетаси Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ҳузуридаги “Ёш журналистлар клуби”нинг навбатдаги йиғилиши ҳақида мақола эълон қилди.
Унда ёзилишича, йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита вакили ёш журналистларга дин нима, жиҳод ва шаҳид бўлиш нима экани ҳақида тушунча берган.

Хусусан, вакил жиҳод баъзи мунофиқлар даъво қилаётганидек қон тўкиш эмас, гўзал ибодат экани, масалан, талаба бирор фанни чуқур ўзлаштиришга ҳаракат қилиши фанга нисбатан жиҳод эканини айтган.

Клубнинг яна бир меҳмони “Туркистон пресс” ахборот агентлиги бош муҳаррири Луиза Маҳмудова бўлган.

Журналист ёш ҳамкасбларига “интервью олаётганда журналистнинг кўзларида ишонч ва мамнунлик порлаб туриши муҳим”лигини уқтирган.
Интервью олиш пайтида кўздаги мамнунлик қандай роль ўйнашига ойдинлик киритилмаган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 июл 2017
Ўзбекистон Бош прокуратураси марҳум президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова жиноятига оид тафсилотларини очиқлади. Бунга кўра, у 5 йилга қамалган, иккинчи ...
7 сентябр 2016
Ўзбек сегментида Каримов ўлимидан сўнг агрессив троллинг авж оларкан, ижтимоий тармоқда президент Ислом Каримов ўлими фонида унинг шахсини илоҳийлаштириш ...
1 август 2018
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги қарорига асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги стационар даволаниш ва профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил ...
14 май 2019
«Коридорга чиққанимизда, навбатчи ҳарбий менга паст овозда: – Ўйин бўлганини билдингиз, анови СППни сиздан гап олиш учун қамади, эҳтиёт ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...