Асосий мавзулар
23 март 2016

Арамаис Авакян: Бизни электр токи билан қийнашди…

22 март куни Жиззах вилоят жиноий ишлар судида бўлиб ўтган аппеляция махкамасида, судланувчилар Арамаис Авакян, Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов ва Акмал Маматмуродовлар тергов пайтида шафқатсиз қийноқларга дучор этилганини гапириб беришди.

“Бугунги судда хакикатни айтаман!” дея гап бошлаган судланувчи, дастлабки суд жараёнида 12 йиллик қамоқ жазосига хукм қилинган Фурқат Жўраев ўз сўзини 3 сентябр куни ароқ дўкони олдида, фуқаро кийимидаги шахслар томонидан ўғирлаб кетилганидан бошлаган.

Фурқат “Кейин билсам улар Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари экан. Уша туни ва ундан кейин хам улар мени деярли хар куни уриб қийноққа солишган” дер экан, шимини қайириб, суд раиси ва йиғилганларга калтак зарбидан кўкариб кетган оёқларини кўрсатган.

“Агар биз айтган ишларни қилмасанг ва биз кўрсатган қоғозларни имзоламасанг, сени поезд тагига ташлаймиз ва ўзини ўлдирди дея гап тарқатамиз” деган Фурқат Жўраев ва суд раисидан оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлашини сўраган.

Суд тафсилотларини елтуз сайти билан бахам кўрган Фурқатнинг онаси Махкам Жўраеванинг айтишича, ўғлининг сўзлари суд залида йиғилганларни йиғлатган.

“Ўғлим қаттиқ хаяжонда эди. У калтакдан кўкарган жойларини хаммага кўрсатди ва нима бўлган бўлса хаммасини очиқ ойдин гапириб ташлади. “Нега бизни бу куйга солишди? Нима учун биз бундай хўрланишимиз керак, жаноб судя? Бировни ўлдириш, МХХ ходимларини қириб ташлаш, хокимиятни портлатиш каби ишлар ақлимизга хам келмаган! Бу гапларни хаммасини МХХ ходимлари тўқиб чиқаришиб, турли тахдидлар билан бизни бўйнимизга илиб ташлашди! Бизни гўёки Сурияга кетаётган жиходчилар каби кўрсатишди! Энди менга барибир! МХХсидан хам қўрқмайман! Ўлдиришса ўлдириб юборишсин – менинг айбим йўқ! Иқрор эмасман! Қолган 4 нафар шерикларимизниям хеч қандай айблари йўқ, бизни бир биримизга тухмат қилишга мажбур қилишди! Майли, мен қолсам шу ерда қолай, лекин жаноб судя, қолган болаларни озод қилинг!” деди Фурқатжоним. Хаммамиз йиғлаб юбордик” деди eltuz.com билан сухбатда Махкам Жўраева.

Бироқ, йиғилганларни йиғлатган судланувчининг сўзлари судяга заррача таъсир қилмаган. У шунча гапдан кейин Фурқатга қарата, қуруққина қилиб “Сизни азоблаган МХХ ходимларини танийсизми?” деган холос. Бу саволга Фурқат Жўраев “Йўқ, улар ўзларини танитишмади” деб жавоб берган.

Иккинчи бўлиб сўз берилган Арамаис Авакян хам ўз сўзида Фуркатнинг гапларига тўлиқ қўшилишини, ўзларига қўйилган айбловлар МХХнинг уйдирмаси эканини очиқ айтган.

Суд мажлисида хозир бўлган яқинларининг айтишларича, Арамаис, хеч қандай жиноий гурухга аъзо бўлмаганини, Фурқат Жўраев унни жиходга даъват этмаганини, МХХ ва милиция ходимлари, шунингдек хокимият вакилларини ўлдириш хақида хеч қачон гап бўлмаганини, тергов жараёнида ўзини ва шерикларини терговчилар электр токи билан қийноққа солганларини, қаттиқ калтаклаганларини айтиб, баданидаги барча кўкарган жойларини судда йиғилганларга кўрсатган.

“Мен Ўзбекистонга хиёнат қилмайман. Аксинча, агар бу юртга бало келса, энг биринчи биз чиқамиз уни химоясига! Тинтувда уйимдан чиққан диний мотивдаги дисклар ва китобларни умримда кўрмаганмсан. Мени умуман Ислом динига алоқам йўқ, мен христианман ва ўз динимдан қайтмайман!” деган ўз сўзида 7 йиллик қамоқ жазосига хукм қилинган судланувчи, арман миллатига мансуб фермер Арамаис Авакян.

Дастлабки суд хукми билан 6 йиллик қамоқ жазоси олган судланувчи Бектемир Умрзоқов ўз сўзида, тергов давомида ўзига ва шерикларига нисбатан ўта шафқатсиз ва ноинсоний қийноқлар қўлланганини тасдиқлар экан, ўз кўргазмаларида Фуркат ва Арамаисга тухмат қилишга мажбур бўлганини очиқ айтган. Шунингдек Бектемир жиходга даъват хамда давлат идораларини портлатиш хақидаги гап терговчилар томонидан ўйлаб чиқарилганини хам қўрқмасдан айтган.

“Судянинг “Ёлғон ва тухмат кўргазма остига нега имзо чекдинг унда?” деган саволига, Бектемир Умрзоқовнинг “Жаноб судя, бизни терговчиларимизнинг таёқларини еган эшшак хам, хамма қоғозларга “Мен қуёнман!” имзо қўйиб беришади” деб жавоб бериши, нафақат йиғилганларни, балки судя Боймуродов ва қораловчи Оқбўтаевни хам кулишга мажбур қилди”, деди eltuz.com сайтига суд тафсилотларини айтиб берган Бектемирнинг яқинларидан бири.

Халқаро хуқуқ химояси билан шуғулланувчи ташкилотлар, Европа ва Америкалик сиёсатчилар хамда дунё арманлари уюшмалари нигохида турган “Арамаис Авакян иши” бўйича хукм 19 феврал куни Жиззах вилоят жиноий судида ўқилган, иш бўйича махкамага тортилган 13 нафар шахсдан 5 нафари Ўзбекистон жиноят кодексининг 159, 244, 161 каби оғир моддалари билан айбланиб, 6 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосига хукм қилинган эди.

Сўнгги суд мажлисида фақат Арамаис Авакянгина ўзига қўйилган айбларни тан олмаган, бошқа судланувчилар, Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Акмал Маматмуродов хамда Дилшод Алимовлар терговда янграган барча айбларни қабул қилишиб, ўзбек халқидан кечирим сўрашган эди.

Кейинчалик хукмдан норози бўлган Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар шериги аппеляция шикояти ёзишиб, ишни қайта кўриб чиқилишини талаб қилишган эди.

Бугун Жиззахда бўлиб ўтган аппеляция махкамасида судланувчилар хеч ким кутмаган баёнотлар билан судя ва прокурорни саросимага солиб қўйишган бўлсада, суд раиси Боймуродов прокурорнинг талабини қондирди: Арамаис Авакян ва унинг 3 нафар шеригининг хукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Ушбу суд мажлисини АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари Антон Купер ва Мамед Аскеров, шунингдек таниқли хуқуқбон Сурат Икромовлар бевосита кузатишди.

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 май 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 51-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) «Ўлимни ўйлаш пайти келмадими?» савол ...
25 март 2016
«Жаҳон» ахборот агентлигининг бир қанча маҳаллий нашрларда босилган хабарида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти расмий сайтида «Ўзбекистон иқтисодиётидаги барқарор ўсиш тамойили ...
6 март 2022
Ўзбекистонлик журналист Марина Козлова ўз сайтида Украинанинг Тошкентдаги элчиси Микола Дорошенко билан интервью чоп этиши ортидан Оммавий коммуникациялар масалалари ...
2 апрел 2018
Ўзбекистоннинг «Менинг юртим» телеканали 1 апрель куни ёшлар ахлоқи «фош қилинган», яъни уларнинг истироҳат боғларида қўл ушлашиб юргани, ўпишгани ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...