Аудио-китоб
26 май 2022

Императив-51. Ўлим ҳақида

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 51-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган)

«Ўлимни ўйлаш пайти келмадими?» савол камина учун жуда хусусий савол бўлди. 70йилларда, талабалигимда ҳар куни эрталаб туриб, душда чўмилардим. Душдан чиқиб, кийина бошлар экан, ич кийимимнинг нақадар тозалигини текширардим. Бу тафтишнинг сабаби ниҳоятда жўн эди: Бугун тўсатдан кўчада ҳалок бўлсам, автоҳаалокат ва ёки кўча безорилари билан муштлашувда ўлдирилсам, жасадимни моргга олиб бориб, текширганлар ички кийимимни кўриб, жирканмаслиги
учун бу кийимнинг тоза бўлишини истардим.
Шууримдаги бу «процедура» ҳар куни эрталаб автоматик равишда содир бўларди. Бу «процедура» бугун ҳам айнан давом этмакда. Фарқи: аввал жасадимнинг тоза бўлиши хақида қайғурган бўлсам, бугун бу қайғуга руҳимнинг, иймонимнинг тозалиги қайғуси илова қилинди. Бунинг диний инонч билан алоқаси йўқлигини биламан.Чунки бу руҳий ҳол ҳаётимга нуфуз этганида ҳали бошим саждага келмаганди.
Буюкларимиз ўлимни эслаб туринг деб доим маслаҳат беришган. Бунинг бир нафс тарбиясининг йўлларидан биттаси эканини назарий жиҳатдан билардим. Аммо ислом динининг тамаллари ва тасавуфни ўрганганимдан кейингина бунинг ботиндаги бир маънавий жараён эканлигини идрок этабошладим.
Она раҳми(бачадон)ни Аллоҳу Таоло инсон зоти учун жаннат мисолида яратди. У ерда бутун шароит бор. Шунинг учун ҳам раҳимдан чиқар экан, бола йиғлаб чиқади. У ерни тарк этгиси келмайди. Худди Одам билан Ҳавво жаннатни тарк этишни истамаганлари каби, ерга индирилганда йиғлаганлари каби, бола ҳам туғилар экан, фарёд этиб йиғлайди. Мен ҳам бу дунёга бутун инсонлар каби йиғлаб келдим.
Орзуим бу дунёдан табассум билан кетишдир. Бу озчиликка насиб қилган қисматдир. Аллоҳдан шу озчиликка насиб қилган тақдирни истайман. Тилида Аллоҳни севаман деб, бу дунёдан айрилишни истамай, йиғлаш Яратганга нисбатан носамимийлик бўлади. Бу хил самимиятсизликдан Аллоҳга сиғинаман.
Дунёдан табассум билан айрилиш орзуси бундан 40 йил олдин ҳам бор эди:

СЕНЕКА

Қурб,
Куч эмас,
Қурб, деяпман сизга.
Ҳамма фарзандини эркалар, Мен сени эркаларман, қурб. Кимки истар экан, Аллаласин худбинлигини,
Бошини силасин ўз қудратининг,
Мен қурбга аллалар айтарман фақат, Барча балoлардан асрарман уни.
Токи, сўнгги бало келганда,
Бир масрур табассум,
Бир озод табассум суратин
Қуруқ лабларимга чиза олсин қурб!… (1980)
*Сенека қадимги Рим шоир ва файласуфи
Ўлимдан эмас, ўлимдан қўрқишдан қўрқаман. Ўлим қўрқуси дунёга севгидир.
Ўлим қўрқуси у дунёнинг бунисиндан афзал эканини гумон остига олмоқдир.
Бу яна Пайғамбар(с.а.в)нинг «Инсонлар уйқудадир, ўлганда уйғонурлар» ҳикматига инонмасликдир. Бу «Дунё ҳаёти уйқудир» метафораси инсон зотини даҳшатга соладиган миқёсдаги очиқлама. Балки, ҳар кимни эмас, аммо тафаккур соҳибларини бу дунёнинг уйқу экани, иллюзия экани муболағасиз даҳшатга солади.
Аммо бу уйқунинг, бу саробнинг қийматини бу уйқудан уйғонганимизда билажагимизни ҳам идрок этамиз. Яратган бизга бу уйқуни назорат этиш қобилиятини берди. У қадарки, ҳатто баъзилар бу уйқуни тўхтатиб, истагани онда уйғонаоладилар. Улар бу уйқудаги ҳаётини ўз ихтиёри билан тамомлашлари мумкин.
Бу ерда ўз жонига қасд қилганлар назарда тутилмоқда.
Бизнинг инончимизда бу йўсинда уйғонганлар жаҳаннамда уйғонурлар.
Чунки, бундай ҳаракат нафсимизни яратган Зотга исёндир.
Шундай экан, мен бу уйқудан уйғониш эмас, уйғотилишга ҳозирман.
Ўлимни ўйлайман, уйғонишимни ўйлайман. Тонг отиб, кўзларини очганда уни гўзал бир са-
ёҳат кутиб турганини эслаб, қувончга тўлган одам каби уйғонмоқни орзу этаман.

(Давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
4 сентябр 2017
Бу мақолани Арипов Бош вазир қилиб тайинланган 2016 йилнинг 12 декабрида ëзгандим аммо янги одамга шанс берайлик, эски гапларни ...
12 январ 2017
Ўзбекистонда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ортидан сенатор ва депутатларнинг бу ҳужжатга оид баландпарвоз чиқишлари пайдо бўла ...
29 апрел 2018
2006 йил 29 апрель куни эрталаб 27 яшар ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов таксида вилоят касалхонаси томон кетаëтганида учта милиция ...
4 апрел 2017
Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов 30 март куни Россиядаги кўпфункцияли миграция марказини бориб кўрди. Айнан шу ерда Москвада ишлашни ...
Блоглар
13 сентябр 2023
Ислом Каримов одамлар орасида яшамагани учун ютуқларга эриша олмади. У ўзининг виртуал ёпиқ дунёсини яратди ...
12 сентябр 2023
(Бир тўй ҳақида ўй) Қўшиқчи Муниса Ризаеванинг тўйига бир миллион долларнинг тепасида расход бўлди. Пулни ...
20 август 2023
Файзулла Убайдулло Хўжа ўғли, яъни Файзулла Хўжаев 1896 йил 15 мартда Бухоро амирлигида туғилади. Отаси ...