23 апрель – рус генерали Тошкентни босиб олиш учун ҳаракат бошлади
Чимкентга ўрнашиб олган рус босқинчи генерали Михаил Черняев 1865 йилнинг 23 апрелида Тошкентни ишғол қилиш учун йўлга чиқди.
Саккизта пиëдалар ротаси, икки юз казак жангчиси, ўнта замбарак билан қуролланган босқинчилар Тошкентга ҳужум қилишди. Ҳужум пайтида босқинчиларга яна икки рота аскар икки замбарак билан қўшилди.
Бироқ Тошкент русларга жиддий қаршилик кўрсатади.
Тошкент қамали
Тошкентликлар қаршилигига дуч келган Черняев шаҳарни қамал қилиб, силласини қуритишга азм этди.
Босқинчи чор генерали Ниëзбек қалъасини ишғол қилиб, Тошкентга борадиган сув йўлини тўсиб қўйди.
Ниёзбекни эгаллагач, Черняев тағин Тошкентга қараб ҳаракат қилади ва ундан саккиз чақирим наридаги Саритепа тепалигида қулай пайтни пойлаш учун тўхтайди.
Россия императори анчадан бери кўз тикиб келаётган Туркистон ҳудудига кириш учун сабаблар жуда кўп эди.
АҚШдаги фуқаролар уруши туфайли Россияга пахта экспорти тўхтаб қолганди.
Босқинчилар сувсиз қолган шаҳар аҳолиси жангсиз таслим бўлишини кутади. Шаҳарда озиқ-овқат ва сув танқислиги ҳимоянинг анча сусайишига сабаб бўлди.
Бироқ шаҳар таслим бўлмайди, ўша йили сентябрь ойида Черняев қўшини Тошкентга ҳужум бошлайди.
Қўқонлик Алимқул қўшинлари қаршилиги
Қалъани қўриқлаш учун Қўқондан келган жангчилар қалъа атрофига хандақ қазиб қўйишганди. Қалъадан отилган ўқларга учраб кўп сафдошларини йўқотган рус аскарларига Черняев чекинишга буйруқ беради.
Қалъани штурм қилган чор подполковниги Обух (Василий Васильевич О́бух) шу жангда яраланиб, Чимкентда ўлади.
1865 йили Черняев қўшини яна Тошкентга қараб йўлга чиқади. Назарбек яқинида тўхтаб, лагер тиклайди.
Қўқондан Тошкентга ёрдам бериш учун асли қўнғирот уруғига мансуб бўлган лашкарбоши Мулла Алимқул бошчилигида 40 минг кишилик қўшин келади.
1865 йилнинг 9 майида Мулла Алимқул қўшини руслар лагерига ҳужум бошлайди. Жангда оғир яраланган лашкарбоши қўшинга чекинишга буйруқ беради. Бироз ўтиб, оғир яраланган Алимқул вафот этади.
Қўшин Қўқонга қайтиб кетади.
Тошкентлик савдогарлар хоинлиги
Тошкент қалъаси ичидаги савдогарлар ва баъзи ҳунармандлар қалъанинг Қўқон хонлиги бошқарувидан чиқиб, русларга қарам бўлишини исташарди.
Уларнинг кўпчилиги русларга қарам бўлган Чимкент ва Туркистон тарафларга чиқиб кетади.
Шунингдек, у ердаги баъзи дин пешволари ва ҳарбийлар Тошкентнинг Бухоро амирига қарам бўлишини маъқул кўришарди. Улар Бухоро амирига чопар юбориб, шаҳарни қутқариш учун ёрдам сўрашади.
Шаҳарликлар ичида Қўқон хонлиги бошқарувидан норози бўлиб, русларга таслим бўлишни истаган савдогарлар гуруҳи бор эди. Ўшалар рус генералига Тошкент даврозаларининг калитларини топширадилар.
Шаҳарнинг таслим бўлиши
9 июнь куни кечаси руслар Камолон дарвозаси тарафидан ҳужумга ўтадилар. Кечаси қалъа тепасигача чиқишга муваффақ бўлган рус аскарларининг бир гуруҳи дарвозани очади ва ташқарида кутиб турган отлиқлар шаҳарга бостириб киришади.
Шаҳар ичида бошланган уруш давом этиб, руслар қалъанинг Қошғар дарвозасини ҳам очишга муваффақ бўладилар. Икки тарафдан шаҳарга кирган руслар тор кўчаларда катта қаршиликка учрайди. Шу зайлда бир ҳафтача уруш бўлиб, охири 17 июнь куни шаҳар русларга таслим бўлади.
Бухоро амири Тошкентга ёрдамга чиққани хабари русларга етиб келади. Вазият қийинлашганини сезган Черняев қалъанинг таслим бўлишини кутиб ўтирмай, амирнинг қўшини келишидан олдин ҳужум бошлашга қарор қилади.
Босқинчиларга таслим бўлишни истамаган аҳоли рус қўшинлари келмаган Кўкча ва Самарқанд дарвозаларидан бола-чақасини Бухоро ва Қўқон тарафларга олиб чиқиб кетадилар. Тошкент шаҳри ҳокими Ёқуббек Қошғарга қочади ва у ерда бир муддат Хитойдан мустақил бўлган давлат қуради.
Шунингдек, шаҳарни ҳимоя қилган Сиддиқ тўра ва Арслон тўра аскарлари билан Бухоро амири хизматига кетадилар.
Руслар қўшини эгалари урушдан олдин ташлаб кетган шаҳардан ташқаридаги Қошғар маҳалласига жойлашди.
Шаҳар ишғолида ўлган барча рус аскарлари алоҳида бир қабристонда дафн қилинди. У ерда черков қурилди. Кейинчалик ҳар йили 15 июнда шу ерда мазкур урушда ўлганларни хотирлаш маросимлари ўтказиш одат тусига кирди.
Генерал Черняев шаҳарнинг 4 та даҳасидан келган 4 та оқсоқол билан битим тузади.
Битимга кўра, бундан кейин Тошкент шаҳри рус императорига қарашли бўлиб, шаҳар аҳолиси Оқпошшонинг фуқаролари ҳисобланадилар ва ўз динларига мувофиқ яшашлари мумкин. Лекин қулдорлик бекор қилинади ва барча қуллар шу кундан эътиборан озоддир ва ҳоказо…
Бу битим мазмуни жарчи орқали бозорда ўқиб эшиттирилади.
Шундан бошлаб Тошкент шаҳри минтақада русларнинг асосий қароргоҳига айланади.
Генерал Черняев кўп харажатсиз ва тезлик билан атиги бир неча йил ичида Қўқон хонлигига қарам бўлган Пишкек, Тўқмоқ, Оқмачит, Олмаота, Туркистон, Чимкент ва Тошкентни, яъни Марказий Осиёдаги улкан ҳудудни босиб олган ва Россияга қарам қилганди.
Eltuz.com