25 апрель – «Робинзон Крузо» асари илк бор чоп қилинган кун
1719 йилнинг 25 апрелида инглиз ёзувчиси Даниел Дефога шуҳрат келтирган (1660–1731) «Робинзон Крузо» (ингл. Robinson Crusoe) романи босмадан чиқди.
Асар кемаси ҳалокатга учраган Робинзон Крузо исмли денгизчининг 28 йил кимсасиз оролда бошдан кечирган саргузаштномасидир.
Инсон ижтимоий фаол жонзот деган ғояни илгари сурган бу роман ўзбек тили дохил дунëнинг юздан ошиқ тилига таржима қилинган.
Рўбинзўн рўмони
“Робинзон Крузо” романи ўзбек тилида Йўлдош Шамшаров таржимасида бир неча бор нашр этилган.
Романнинг Туркистондаги илк таржимаси 1911 йилда амалга оширилиб, тошбосма усулида чоп қилинган.
“Робинзон Крузо” 1911 йилида Муҳаммад Фозилбек Отабек ўғли томонидан оригинал сюжети қисқартирилиб, мазмуни ўзбек тилига ўгирилади.
Китоб Тошкентда Ғулом Ҳасан Орифжонов босмахонасида нашр этилади.
“Муқаддима”да қуйидаги фикрлар баён қилинади: “Рўбинзўн деган бир инглизнинг бошидан ўткан ғариб ва ажиб бир ҳикоя бўлғони учун энг аввал англитара лисони бирла ёзилиб, баъда жумла фаранг тилларида таржима қилинғон бир ибратнома ҳикоя бўлубдур. Яна арабча, туркча, ҳиндча, форсча, татарча қилинғон таржималари ҳам бордур. Лекин бизларнинг сартия халқимизнинг забонларида ҳеч вақт таржима бўлмай ва ушбу ибратнома ҳикоядан бебаҳра қолғонлари учун ушбу ибратнома ҳикояи “Рўбинзўн”ни сартия забониға таржима қилдимки, бизларни сартиялар ҳам ўқуб билиб ғафлат уйқусидан кўзлари очилсун деб».
Таржимашунослар, хусусан, Ж.Шарипов ўзининг «Ўзбекистон таржима тарихидан» («Фан», 1965) китобида бу таржимага муносабат билдириб, таржимон унга 1908 йилда нашр қилинган 77 бет ҳажмли озарбайжон нусхасини асос қилиб олган, деган фикрни илгари суради.
Фозилбек Отабек ўғли «Муқаддима»да романнинг озарбайжонча таржимаси борлигини эсга олмайди.
Туркий Рўбинзўн
ХХ аср аввалида туркий тилларда «Робинзон Крузо»нинг бир нечта таржима нусхалари мавжуд эди.
1877 йил «Робинзон Крузо»нинг турк тилидаги таржимаси босилади. “Дебочаи ҳикояи Робинзон”дан кейин асар матни «Бинг олти юз ўтуз ики сана мелодийасинда Англитарада мутаваллуд ўлуб, ул вақт Инглиз ила Испания байнинда воқе бўлан муҳорабада вафот эдан дўрт қариндошларнинг буюги (Рўбинзўн) ном шахс саргузашти…», деган жумлалар билан бошланади.
1909 йилда тўрт қисмдан иборат жами 152 саҳифалик «Робинзон»нинг татар тилидаги таржимаси Қозонда босилиб чиқади. Асар «Рўбинзўн ҳикояси» шаклида номланган бўлиб, мутаржими – Н.Н., ношир сифатида «Китобчи Ҳусаинов ворислари» кўрсатилади. Роман тўрт жуъз ҳолида алоҳида-алоҳида нашр қилинади.
1934 йили Қозонда романнинг яна бир таржимаси босилиб чиқади.
Бундан ташқари, романнинг Исмоилбек Гаспринский нашр қилган нусхаси ҳам мавжуд.
Мусулмон Рўбинзон
Туркистонлик мутаржим Фозилбек Отабек ўғли романнинг сюжет чизиғини тўла сақлаган ҳолда асар матнига жуда эркин ёндашади, маъно, мазмун таржимасини ХХ аср аввалига хос ўзбек адабий тилида беради.
Таржимада Робинзон мусулмон бир одамдек гапиради.
Матнда «Иншааллоҳ», «Худо насиб қилса», «Аллоҳ таолоға шукрлар қилур эрдим», «Худой таборак ва таолоға ҳамд ва сано айтур эрдим», «Қибла тарафиға бордим», «Кеч пешин вақтида» каби таъбирлар ишлатилади.
Мутолаа
Романни таржимон «Рўбинзон ҳикояси» деб номлайди. Шу ўринда илк таржимадан бир иқтибосни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
“Воқеан кечаси бирдан бўрон бўлуб, денгиз тўлқун бўлмоқға бошлади. Борганча денгизни тўлқуни зиёда бўлиб, кемани сақламак учун ҳеч бир жой бўлмади.
Қўрқиш ва сано бирла тонг отқуздук. Лекин бўрон асло тўхтамас эрди. Ул ҳолда кема устида қараб турган хизматкорни тош бор, тош бор деб овози келиб қолди. Ул ҳолда жумламизни ярим жонимиз кетуб, Аллоҳ таолоға дуо ва санолар қилмоқға бошладук. Анда кема ниҳоят шиддат бирла келуб тошқа тегуб, кеманинг бир учи тошқа илинуб қолди. Ва бир тарафи сувни ичиға чўкуб кетди.
Ҳамон кемага боғлуқ уч адад қайиқни ешиб, жумламиз мазкур қайиқларға тушдук. Аммо нима фойда? Қайиқ бирлан Брозилиёға етуб бўлмайдур. Ул ҳолда қайиқ бирлан юз газ, икки юз газ юрғонда тамоман қайиқ ҳам сувға ботти. Жумламиз сувни қаъриға кириб кетдук.
Аммо ҳақ таолонинг инояти бирла оёғим бир тошға ёки бирор нарсаға урунди. Урунган замон камоли қувват бирла тефага қараб ирғиб эрдим, сувни устиға чиқдим. Дарҳол нафсимни бир тахта борага осилиб олдим. Камоли қўрқғонимдин мазкур тахтани шундоғ ушлаб қолдимки, гўёки тахта мени ушлаб қолғон гумон қилдим. Мазкур тахтага ёпушуб тўлқунлар била у ёққа сурулуб, бу ёққа сурулуб юруб эрдим, бир яқин ерда катта тош кўрунди.
Ҳамон мазкур катта тошға етмоқ учун интилиб, сурулиб, ҳамд бўлсун Худойи таоло ва табораккаки, ўшал тошға келиб, осилиб устиға чиқиб олдим. Лекин ҳануз тўлқунни суйи куфуруб келиб менинг устумға тушуб турубдур. Лекин саломат бўлғон бўлсам ҳам мазкур тоғни тефасинда камол қўрқғонимдин кўнглум кетуб қолибдур. Бир замондин кейин кўзимни очиб қарасам, шамол тўхтабдур ва қорним ҳам ниҳояти очибдур. Лекин ҳануз дарёда тўлқунни асари бўлса ҳам ушбу ўзим ўлтурган тошни атрофлари мисол кўлдек тинч бўлубдур.
Ҳамон дунёнинг тўрт атрофиға қарадим. Ушбу ўзим турган тошдан икки юз қулоч ерда бир катта тоқайлик оролни чегараси кўрунди. Ҳамон тўнларимни орқамға бойлаб, мазкур ердин оҳиста-оҳиста сузуб, мазкур тўқайлик ерга чиқдим ва ажабо бу қандоғ ер, деб мазкур тўқайнинг атрофларига қарадимки, бош – ҳеч ким йўқдур. Мазкур тўқайда егани таом йўқ ва ичгани сув йўқ, фикрида туруб аҳволимға қарасам, устумдаги тўнум ва қўлумдаги олғон ёғочимдин бўлак ҳеч нарса йўқ.
Ажабо, қандоғ ҳолға қолдим, деб фикримда ёки тушумда кўрдимму, деб ҳарчанд кўзумни очиб юмадурман. Қарасам, тушум эмас. Балки ўнгум экан. Баъда, эй бор Худоё, қандоғ ишларға қолдим, деб оз шаҳримни ва ота-онамни ёд айлаб, бўкуруб йиғладим. Ва яна ўзимни бўкуруб йиғлағонимдин ўзум қўрқуб, Худой таоло ва таборакдин шикоят қилган бўлмасун, деб ва яна қанча одамлар ўлуб, танҳо мен ўзум олмай қолғанимға шукр қилуб, бир оз дилимға таскин бердим. Қоронғу бўлди. Нима қилмоқ керак. Ерда ётсам, балки ёмон ҳайвонлар келиб еб кетурлар, деб бир катта шохлик дарахтни устиға чиқиб, бир катта шохиға миниб тонг отқуздим».
Eltuz.com