Асосий мавзулар
15 феврал 2021

Қўрқув шарпаси кезаркан…

Ўша қадим, қадим замонларда давлати бой, одамлари эркин, бақувват, оилалари бахтиёр, адолат устун бўлган мамлакатга тўсатдан ёв бостириб келибди.

Тиш-тирноғигача қуролланган ғайридин ёв билан аёвсиз жанглар бошланиб кетибди. Юрт аҳли, каттаю кичиги, эркагу аёли мардонавор жанглар қилибди.

Аммо душман ўз қўшинининг ҳаддан ташқари кўплиги, сон-саноқсизлиги ҳисобига ўша довюрак юрт аҳлини даҳшатли жангларда мағлуб этибди. Мамлакат қонга беланибди, шаҳару қишлоқлар ўликлар билан тўлиб-тошибди.

Босқинчи саркарда юртни талаб, беҳисоб олтин-кумуш ва қимматбаҳо буюмларни от-уловларига юклаб, ўз подшоси ҳузурига борибди. Ғолиб ҳарбий саркардани саройда жуда катта тантаналар билан қарши олишибди. Подшо саркардага энг юқори олий ҳарбий унвон берибди, катта бойликлар билан сийлабди.

Катта тантана ниҳоясига етгач, подшонинг маслаҳатхонасига вазирлар ва доно маслаҳатчилар чақирилиб маҳфий машварат бошланибди.

Подшо ғолиб саркардага қараб: “Сен анча-мунча юртларга юриш қилдинг, аммо бу сафарги жангда жуда кўп аскарларни нобуд қилибсан, бунинг сабабини қандай изоҳлайсан”, дебди қовоғини солиб.

“Олампаноҳ бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳеч кутилмаган вазият бўлди, бу юртнинг ҳар бир эркаги, аёлу болалари чавандоз экан, одамлари шерюрак, бақувват, чаққон, қайсар жангчилар экан, ҳатто аёллари уч-тўрт аскаримиз билан бемалол жанг қилишди, энг даҳшатлиси уларнинг бари ўлимдан заррача ҳам қўрқишмайди.

Ўч олиш ва уларнинг қаршилик ҳовурини пасайтириш мақсадида бир неча қишлоқ аҳлини қатлиом қилишга, бешикдаги боласигача аямай қириб ташлашга буйруқ беришимга тўғри келди.

Демак, бу юртни босиб олиш бизга осон кечмади, бу юртни тўла  ишғол қилдик, лекин бу уларнинг руҳини тўла ишғол қилдик, дегани эмас. Агар ҳушёр бўлмасак, ғалабани бой бериб қўйишимиз мумкин.

Хўш, атрофимдаги донишмандлар, бу юрт одамларини ҳар доим итоатда сақлаб туришимиз учун нималар қилишимиз керак, маслаҳат беринг”, деди. Даврага оғир сукут чўкди.

“Бир қошиқ қонимдан кечинг, муҳтарам зоти олийлари, марҳамат қилиб сўзлашга имкон беринг, – дея гап бошлади маслаҳатбоши. – Гуруч курмаксиз бўлмайди, деган нақл бежиз айтилмаган.

Ўша мардлар юртида ҳам астойдил изланилса, кўрнамаклари топилади, яъни жони ширинлари. Менимча, бундан буён биз, биринчи галда, ана шундай одамларни топиб, уларнинг малайлик хизматига таянишимиз керак.

Малайларга биринчи ўринда амал ва пул беришимиз зарур, ундай одамлар учун амал поғонасининг катта-кичигининг фарқи йўқ. Ана ўшалар бизга бўйсунмасларни ўз қўллари билан топиб беришади, хуфиёна, яширин равишда барча ҳаракату маълумотларни етказиб туришади”.

“Олампаноҳ, рухсати олийлари билан камтарин ўйларимни баён этишга рухсат берсангиз, – дея иккинчи доно гап бошлади. – Менинг фикри ожизимча, биринчи галда, ўша ёт юрт  одамларининг руҳини синдиришимиз керак бўлади.

Бунинг учун эса уларга чексиз руҳий куч-қувват бераётган ғайридин пешволарини минг турли айблар билан йўл четлари, айниқса, жойлардаги марказларга намойишкорона осиб ташлашимиз керак бўлади, дин пешволарининг ачиб-бижиб ётган мурдаларини кўрган қора халқнинг ниҳоят руҳи синади деб ўйлайман.

Яна шунга алоҳида эътибор қилмоқ керакки, тоғу тошларда, чекка қишлоқларда қочиб-писиб яшириниб юриб, ҳалиям бизга кутилмаганда сезиларли зарба бераётган, ўзларини ватанпарварлар деб овоза қилаётган бир тўда ерли халқ одамларини тутиб келиб, ўша дин пешволарининг ёнига намойишкорона равишда ҳафталаб осиб қўйиш керак, токи ич-ўйида эркинлик қўмсаган одамлар ҳатто ўйларида ҳам таслим бўлишсин”.

“Зоти олийлари, мен қулингизга ҳам бир оғиз сўз айтишга изн берсангиз, юқоридаги фикрларга офарин деб қуйида ўз қарашларимни баён этсам, – дея гап бошлади кейинги доно. – Энди биз истило қилган ўша юртдаги барча китоблар йиғилиб, саройимизга келтирилса яхши иш бўларди.

Уларнинг диний асарларини йўқ қилиб ташлаймиз, илмий асарларини ўзлаштирамиз, тарихий китобларини эса қайта ўзимизга мослаштириб ёзамиз.

Биз учун номақбул деб топилган барча китобу қўлёзмаларни, шунингдек, у юртдаги ҳамма тарихий обидаларни вайрон қилишимиз, ёндириб кулини кўкка совуришимиз керак, токи ёт юрт одамлари ҳам жисмонан, ҳам маънан ялангоёқ қолишсин, ниҳоят ўз ўтмишини билмаган халқ нафақат бизга, балки келгуси авлодларимизга ҳам қул бўлиб қолаверади”.

“Олампаноҳ, ижозатингиз билан энг муҳим йўналиш ҳақидаги фикрларимни ҳавола қилсам, – деб гап бошлади навбатдаги доно. – Менимча, биринчи галда айғоқчилик ва жосуслик амалларига алоҳида эътибор берилса ва бу соҳага хазинадан аямай харажат қилинишини истардим.

Айниқса, ўша қора халқ орасидан чиққан ориятсиз чақимчи, айғоқчи ва хоинларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим. Хоин ва чақимчилар бизга ҳам ҳеч қачон эл бўлмайди. Буни яхши биламиз.

Асосийси, улар ўз халқига ҳам ҳеч қачон эл бўлмайди, биз учун энг фойдали томони – чақимчи ва хоинлар ўз юрти ва халқининг ҳеч қачон бирини икки қилмайди, қуллик абадий бўлади, бу эса биз учун айни муддао.

Биз, аввало, ерли халқдан чиққан хуфя чақимчилар билан қаттиқ ишлашимиз зарур, ишни шу даражада йўлга қўйишимиз керакки, улар бир-бирларининг устидан чақимчилик қилишсин. Ишончим комилки, улар бундай вазифани арзимаган чойчақа учун жон дилдан бажаришади.

Ерли халқдан чиққан эрксевар, қайсар, бўйсунмас одамларни аёвсиз ўлимга маҳкум қилишимиз керак, чақимчиларга эса имкон қадар кўпайиш шароитини яратиб беришимиз зарур. Хуфя чақимчилар уруғини кўпайтиришимиз керак, уларнинг бир неча хотини бўлса янада яхши, чунки улардан янги ва янги хуфя чақимчилар дунёга келади.

Кўрибсизки, бир неча авлодлар ўтганидан сўнг бу юрт чақимчилар, айғоқчилар, жосуслар, фисқу фасод ғийбатчилар юртига айланади, чақимчилик, бир-бирини кўролмаслик, ҳасад оловида доимо ёниб туриш, биз каби қўлларида калтак ёки қуроли бўлган зулм кўрсатувчиларга кўр-кўрона сўзсиз итоатгўйлик, бир-бирларига бутунлай бефарқлик, ўзини ҳаммадан бир карра паст ҳис этиш, қўйдек ювошлик, балиқдек гунглик уларнинг қон-қонига сингиб кетади.

Ниҳоят, бу халқ руҳан синади, нотавон, нодонга айланади, ўзлигини бутунлай унутади, улар бир сўз билан айтганда, бедаво касалга мубтало бўлишади. Бу эса бизнинг буюк тарихий ғалабамизга айланади.

Вақт ўтаверади, балки бир неча юз йиллар, асрлар ўтганидан сўнг бизнинг истиломиздаги бу одамларлар озодликка эришиб ўзининг давлатини қайта тиклашлари мумкин, бироқ улар ҳар бирининг бўйнига осилган кўзга кўринмас руҳий қуллик занжирларини кўтариб юраверишади. Ниҳоят, ҳеч қачон уларнинг бири икки, юртида эса барака бўлмайди”.

Маслаҳатчиларнинг доно сўзларини эшитган подшонинг юзига қизил югурди, ич-ичидан бағоят шодланиб кетди. Шартта ўрнидан туриб, давра аҳлига қараб: “Азизларим, юқорида айтилган фикрлар бир ой муддат мобайнида мукаммал дастур ҳолига келтирилсин”, деди ва машваратни ёпди.

Орадан бир ой ўтгач, олампаноҳ ўша ғолиб саркардани босиб олинган юртга подшо этиб тайинлабди. Янги подшо эса мукаммал ишлаб чиқилган дастурни амалий равишда қўллаш учун бир гуруҳ амалдорларни олиб, босиб олинган юртга жўнаб кетибди.

Доно айтганидек, бир неча асрлар ўтиб ҳам кетибди. Ҳозир ўша юрт ҳурликка эришибди ҳам. Аммо доноларнинг башорат қилиб айтганлари ҳозир ҳам амалда авжида эмиш, мамлакатда қўрқув шарпаси кезиб юрармиш.

Қўлида калтак кўтарган подшо ва унинг амалдорларию миршаблар одамлардан ўлгудек қўрқармиш, одамлар эса улардан қўрқиб титрармиш. Хуфя чақимчилар, айғоқчилар, жосуслар, ғийбатчи, ҳасадгўйлар, туҳматчию ялоқиларнинг куни туғибди.

Қарангки, уларга бебаҳо пасткашлик, хоинлигу маддоҳлик хизматлари учун пуллар, совғалар, унвонлар берилармиш. Оддий одамларга ўзларича ўйлаш тақиқланган, фақат подшоҳи олам ва амалдорлари айтган фикрлар доирасида чекланган ўйлаш ва итоат қилишга изн берилган экан.

Янги сўз айтган, ҳар қандай соҳада янгилик яратган киши нақд балоларга қоларкан, охир-оқибат боши кундага қўйиларкан, бунда маддоҳларнинг хизматлари беқиёс бўларкан.

Шунча тақиқларга қарамай бу юртда ҳозир ҳам довюраклар, мардлар, эркин ўй-фикр соҳиблари бўлган ўғил-қизлар туғилавераркан. Аммо бундай одамнинг пайдо бўлганини сезишлари биланоқ ўша чақимчилару туҳматчилар ҳамда маддоҳлар дарҳол ишга тушаркан, бечора ватанпарварни зиндонбанд қилишаркан ёки эл олдида турли туҳматлар билан сазойи қилишиб қувиб солишаркан.

Ўша йўсинда, ёт доно башорат қилиб айтганидек, ўз элининг оёғига ўзлари болта уришаркан. Одамлари “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида яшарканлар.

Бутун бир юртда гап бошқа, иш эса унинг тескариси бўларкан. Бойлар камбағаллардан, камбағаллар бойлардан, аниқроғи, юқоридагилар қуйидагилардан, қуйидагилар юқоридагилардан қўрқиб яшарканлар.

Хуллас, ҳаёт давом этар экан, бутун мамлакат аҳлини даҳшатга солиб ўша юрт бўйлаб бугун ҳам қўрқув шарпаси кезиб юрармиш…

Туртки – ўзбекистонлик муаллифнинг “Элтуз”га йўллаган ҳикояси

Тағин ўқинг
3 октябр 2018
Давлат статистика идораси 1 октябрда эълон қилган ҳисоботига кўра, сентябрь ойида товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1¸8 фоиз кўтарилган. ...
28 сентябр 2015
Баъзида ўзаро баҳслашаётанлар орасида бир-бирини “манқурт (зомби)” ликда айблашлар учраб туради. Хўш, аслида манқуртлар кимлар? Мен ҳозир қўлдан келганча ...
20 январ 2017
Фарғона вилоятида халқ таълими ва бошқа бюджет ташкилотлари хизматчилари буғдой экилган далаларга маҳаллий ўғит – гўнг сочишга чиқарилди. “Туман ...
15 феврал 2017
Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкентда Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишган жойда кўпфункцияли уникал Муз саройи қурилади. Хабар қилинишича, иншоотнинг ...
Блоглар
2 март 2021
Бир оғайним қўққисдан мен ҳақимда даҳоларча башорат қилиб бундай деб қолди: Керак бўлса, минг фоиз ...
25 феврал 2021
Болалигимда мендан 5-6 ёш катта қўшни каптарвоз бола бўларди. Кўпинча каптарлари бизнинг ҳовлимизга учиб келиб ...
17 феврал 2021
Ҳали газга ўтилмаган ёнилғи сифатида фақат бензиндан фойдаланиладиган вақтлар эди. Бензин эса автомобилларга ёнилғи қуйиш ...