Асосий мавзулар
17 июн 2016

Шифога муҳтож ўзбек муҳаррири ва тиббиёт тизими

Бугунги ўзбек газеталари мамлакат президенти Каримов томонидан мустақилликнинг бош ғояси дея белгилаб берилган шиорни муттасил чайнашга мажбур.

Лекин ҳар куни «… жоним сенга фидо» деган сўзни айтишдан чарчамайдиган газета нусҳасини уйининг тўрига қўйиб тавоф қилаётган ўзбек отахони, ёки ўзининг мақоласига ўзи қарсак чалаётган газета муҳаррирининг бош мақоласини ўқиб, чуқурроқ мулоҳаза юритаркан, бу гапларни ҳар куни ўқийдиган ва ёзадиганларга тиббий ташхис қўйиш эҳтиёжи борлиги ҳақида ўйлайди киши.

Эҳтимол, жамиятга айни ташхисни қўйиши керак бўлган ўзбек тиббиёт тизимининг ўзи ҳам, бу тизимни улуғлаётган ғарб жамияти ҳам шунга муҳтождир. Бироқ бу гапларнинг ҳаммаси ўзбек матбуоти фантазияси ва унинг торгина аудиторияси даражасида деган умид бор.

Корейс тиббиёт вакиллари «диққатига сазовор» ўзбек оналари ва болалари йили

«Жаҳон» ахборот агентлиги Сеулда «Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасида қўлга киритган муваффақиятлари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтганини хабар қилди.

Унда айтилишича, корейс тиббиёт вакиллари Ўзбекистонда 2016 йилнинг «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилинишини ҳам «диққатга сазовор» деб баҳолаган.

Шунингдек, Жанубий Корея Тиббиёт арбоблари уюшмаси директорлар кенгаши раиси Ўзбекистонда амалга оширилаётган «ислоҳотларни юқори баҳолаб, соҳани ривожлантириш стратегияси самарадорлиги»ни алоҳида таъкидлаган.

«Бу борада амалга оширилаётган ишларнинг натижалари фуқароларнинг умр кечириши узаяётганида, оналар ва болалар ўлими сезиларли даражада камаяётганида ҳамда ёш авлод вакилларининг интеллектуал салоҳияти ошиб бораётганида намоён бўлмоқда», деган раис.

Унинг нигоҳи қўшни Шимолий Кореяни кўпроқ эслатувчи ҳолатлар, тиббиёт ходимларининг ёппасига мажбурий дала ишларига олиб чиқилиши, шифохоналарда авж олган коррупция, болалар ногиронлигига сабабчи бўлаётган малакасиз тиббиёт ходимлари ҳақидаги интернетда чоп этилган мақолаларга кўзи тушмагани, ўқувчида шубҳа уйғотади.

Мустақилликнинг бош шиоридан шукроналик ҳиссини туйган муҳаррир

«Муҳаррир минбари» рукни остида мақола эълон қилган «Адолат» газетаси «Ахир биз шундай замонларни кўрдикки, номусдан қизариб кетасан, ҳатто кўнгилдан «Ростдан ҳам шундай бўлганди-я. Хўп ғалати замонлар экан-да», деган юпатувчи ўй кечади», деб ёзади.

Президентнинг мустақиллик байрамини нишонлашга оид қарорига муносабат сифатида чоп этилган мақола муаллифи бу ҳужжат «бизнинг фаолиятимиз учун муҳим дастуриламал вазифасини ўташи»ни таъкидлайди.

«Биласизми, мен юртбошимизнинг қарорини ўқир эканман, «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиорини такрорларканман, дил-дилимдан яна бир бор шукроналик туйдим», дейди муаллиф ғурур билан.

Худди шу газетада мазкур қарорга бағишланган бошқа бир мақолада эса «байрам бош ғоясининг (юқоридаги шиорга қаранг – таҳ.) ўта мафтункор мазмунда ифода этилишини алоҳида эътироф этиш лозим»лиги айтилади.

Аввало, оддий шиордан шукроналик туядиган муҳаррирга ҳам балли. Совет даврида ҳам коммунистларнинг турли-туман шиорларидан шукроналик туйиб юрган кишининг бу ёзуғига шунинг учун ҳам ҳайрон қолмаслик керак назаримизда.

Қолаверса, ҳар йили мустақил арафасида президент бош ғоя сифатида бирор шиорни белгилаб бериши одат тусига кирган. Демак, бу йилгиси ҳам ҳар йилгидек оддий шиор. Ундан шукроналик туйиш, «ўта мафтункор мазмунга эга» деб кўтар-кўтар қиладиган даражада ҳам эмасга ўхшайди.

Лекин президентнинг чиқишини уйида телевизорда кўрганидан сўнг газетага мақола ёзиб, «мана бу сўзига ўрнимдан туриб қарсак чалиб юбордим» қабилида пахтақўярга пойга ўйнаётган бу ёзарларга нима ҳам дея оласиз?!

Уйининг тўрига президент фармони чиққан газетани осган отахон

«XXI аср» газетасида эълон қилинган мақолада ЎзЛиДеП аъзоси бўлган оҳангаронлик кекса отахон «муҳтарам президентимиз имзолаган 1991 йил 29 ноябрдаги «Республикада деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги тарихий фармон эълон қилинган газетани ҳамон уйи тўрида сақлаётгани» ёзилганини ўқиб, «ё қудратингдан» деб юборади киши.

«Ё қудратингдан» деганда Аллоҳнинг қудратими ёки давлатнинг бугунги ташвиқоти қудратими, энди буни қандай тушуниш ўзингизга ҳавола.
Хуллас, ўша отахон бу ҳужжат Ўзбекистондаги ўзи каби минглаб оилалар «тақдирини ўзгартирган, мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини, қишлоқда хусусий мулкчилик шаклларини бошлаб берганлиги билан ғоят қадрли» эканини ғурур билан таъкидлайди.

Отахон совет даврида ҳам ишлагани, лекин бири икки бўлмаганидан ёзғиради ва 1991 йилда фермер бўлганидан кейин рўзғорига хайр-барака кирганидан қувонади.
Ҳақиқатан ҳам шундайми, билмаймиз, бироқ шундай гапларни ёзади бугунги ўзбек газеталари.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 март 2017
Алексей Навальнийнинг маълумотларига кўра, Дмитрий Медведевга алоқадор жамғармалар ҳисобига “камида 70 миллиард рус рубли ҳажмидаги маблағ ва мулк ўтказилган». ...
26 май 2017
«Оила ва жамият» газетаси (24.05) «Касбингизга садоқатлимисиз?» сарлавҳали мақолада марҳум президент Ислом Каримовга садиқлигини билдириб, ҳорижга чиқиб иш излаётган ...
29 август 2024
Элтуз Порталига келган хатларни ўқиймиз. Навбатдаги бешта хат, жумладан расмийлар муносабати Ўзбекистоннинг Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларидан келган. Дастлабки ...
28 июл 2016
«Ҳуррият» газетаси ўз муассиси бўлмиш Журналистлар уюшмасига қарашли мониторинг гуруҳининг мамлакат матбуоти жорий йилнинг иккинчи чорагида нима кароматлар кўрсатгани ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...