Асосий мавзулар
28 октябр 2016

Мадҳиябозликлар таҳлили ёки «бахтли» Беруний

«Ҳуррият» газетасидаги (22.10) «Журналист сўзи – жамоатчилик эътиборида» сарлавҳали мақола мамлакат оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган таҳлилий ва танқидий материаллар ҳақида.

Бу мақоланинг бошланишиёқ мазкур чоракда ОАВ халқ дардини айтиш ўрнига ҳамду сано билан машғул бўлганига ишора қилади.

«Жорий йилнинг учинчи чорагида ОАВд эълон қилинган турли мавзу ва жанрлардаги материалларда асосий эътибор мустақиллик йилларида – 25 йиллик тарихан қисқа муддатда юртимизда амалга оширилган улкан ўзгариш ва янгиланишлар, барча соҳа ва тармоқлар бўйича эришилаётган ютуқ ва марраларни чуқур таҳлиллар асосида кўрсатиб беришга қаратилди», дея бошланади мақола.

Ана шунақа. Бу ҳайбаракаллачиларнинг илғори сифатида «Ўзбекистон» телеканалида 9 сентябрь куни эфирга узатилган «Таҳлил – 25» кўрсатуви тилга олинади. Унда «истиқлол йилларида Ўзбекистон қолоқ, аграр республикадан бугунги кунда замонавий саноат тармоқларига эга бўлган…» давлатга айлангани кўрсатиб берилгани айтилади.

Қолган таҳлилий материалларда ҳам «миcлсиз ютуқлар ва фаровон ҳаёт»га шукроналик руҳи жўшиб турибди.
Мақолада тилга олинган танқидий материалларда эса бирорта жиддий мавзуни учратмайсиз. Улар асосан маиший, масалан, кимгадир кредит бериш пайсалга солингани, ободонлаштириш ишлари қониқарсизлиги, дорихоналарда нархлар асоссиз равишда кўтарилиб кетгани каби масалалар хусусида.

Танқидий мавзулар сирасига дўконларда пластик карточкалардан фойдаланишдаги муаммолар ҳам киритилган. Масалан, пластик карточка билан савдо қилишда нархларга устама қўйилаётгани, айрим устомонлар пластик карточкадаги пулларни 20-30 фоиз эвазига нақдлаштириб бераётгани таъкидланади.

Газетадаги «Муаммога холис ёндашув» сарлавҳали мақолада бу масалани бир қадар чуқурроқ таҳлил қилишга уринилган. Унда ёзилишича, ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам пластик карточкада савдо қилишда муаммолар бор. Фарғонадаги «Меҳнат ва турмуш » газетаси мухбири шу муаммони кўтариб чиққанида эса ўз ҳамкасбининг раддия тарзида берилган танқидига ҳам учраган.

«Афсуски, (бу мавзудаги мақолаларни)… тўғри талқин қилмайдиган раҳбарлар ва уларнинг ҳайбаракаллачиси бўлган ҳамкасбларимиз ҳам топилади», дейди муаллиф.

Газетада мана шу масала юзасидан Марказий банк раиси ўринбосари имзоси билан олинган жавобга ҳам ўрин берилган. Аммо бу жавобдан «банк соҳасидаги ютуқлар ва афзалликлар»ни санаб ўтишдан бошқа гап топа олмайсиз.

Энг эътиборлиси, газета бу масалада мутасаддилар томонидан берилган жавобни тўлақонли эмас, деб баҳолашга ўзида куч топа олган. Бу ҳам ҳар ҳолда бир ижобий ўзгаришдир. Чунки газеталар шу пайтгача ҳатто шундай хулоса ясашга ҳам кимдандир чўчиб турарди…

Газетада замонавий ўзбек эстрадаси вакиллари ҳақида «Беруний эшитмаган нағмалар» сарлавҳаси остида яна бир мақола эълон қилинганки, у ҳам эътиборга арзийди.

«Қилиғингга ўт тушгурлар», дея ёзғиради муаллиф ва «Жаҳонгир Позилжонов, Шоҳруххон, Муниса Ризаева, Жасур Умировларми бугунги ёшларга ўрнак бўладиган? Ёки «Беном» (номини қаранг!), «Уммон» гуруҳлари каби яна бир талай янги пайдо бўлаётган овозсиз, созсиз хонандаларми?» дея кинояли савол ташлайди.

Муаллиф «қўшиқ бўлмаган карра жадвали қолгани»ни айтар экан, «ўзбек тилини яхши билмаганидан она тилимиздаги сўзларни талаффуз қилишга қийнадиган» Райҳонни ва «…ундай қизла биздайлани менсимайдийе…» дея вой-дод соладиган хонандаи замон» Жасур Умировни қаттиқ танқид қилади.
Шунингдек, қўшиқларга ишланаётган клиплар маза-матрасиз экани, бунинг устига, ориятсизликни тарғиб қилаётгани таъкидланади.

У буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг мусиқа, оҳанг ва шеър уйғунлигига берган таърифини келтирар экан, уни бахтли инсон деб атайди.

«Чунки у бугун оммалашаётган, қулоқларимиз тугул миямизни ҳам заҳарлаётган жўн нағмаларни ҳеч қачон эшитмаган», дея хулоса қилади муаллиф.

Баҳодир Шариф

Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 феврал 2016
Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев, ўзи билан ётган маҳкумлар қисматидан иқтибос келтириб, маҳкумларга противогаз кийдирилиши каби турмада қўлланиладиган қийноқлар ҳақида ...
20 ноябр 2024
Жорий йилнинг 7 ноябрида Туркия телеканалларидан бирида Мезат Шоу деган кўрсатувда Уммухон Ўздан исмли ҳижоб ўраган стендапчи хотиннинг “ўзбек ...
23 август 2022
ДХХ Чегара қўшинлари Сурхондарё вилоятида Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 24 нафар Афғонистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Уларнинг ...
21 апрел 2021
Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизматида ўриндошлик асосида фаолият юритувчи Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) унинг экстремистик баёнотлари атрофидаги барча ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...