ART-DURBIN
21 декабр 2018

Синган руҳ – синдирилган маданият

Ўзбек маданияти, санъати ва адабиётининг таназзулини бошдан кечиряпмиз.

Кенг тафаккурли, истеъдодли ижодкорлар ё ватанни тарк этишди, ё қамоққа олинди, ё оламдан ўтишди. Улар ўрнини маддоҳ, мукофот ва амалга ўч истеъдодсизлар эгаллади.

Булар сафида ёшларнинг кўплиги ачинарли. Каримовнинг қарийб 30 йиллик даврида нафақат янги асарлар яратилмади, борлари ҳам йўқ қилинди ёки замонга мослаб бичилди.

Фақат бир руҳий хаста кишининг қош-қовоғига асосланган жамиятда бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди.

Бу салбий ҳолат нафақат меъморлик, кино, рассомлик, ҳайкалтарошлик, адабиёт, театр санъати, балки халқнинг умуммаданияти, зеҳниятига ҳам таъсир қилди.

Театрми ëки кет ўйнатиш?

Одамлар ҳаваскорликдан ҳам паст даражадаги истеъдодсиз хонандаю актёрлар иштирокидаги концерт, спектакль, киносифат маҳсулотларни санъат асари деб қабул қила бошлашди.

Киноактёр Санъат Девонов

Саҳнани сийқаси чиққан, қайнона-келин жанжалию уйланиш-уйлантириш, эр талаш муаммоларию чимилдиқ сирлари даражасидаги тор маиший муаммолар эгаллади.

Золим, зулмкор қайнона образини, айниқса, актриса Саида Раметова ортиқча бўрттириб юборди.

Ушбу актриса ижросидаги ўзбек қайнонаси – маданиятсиз, жанжалкаш, бақироқ, кўзлари чақчайган, қариб қуйилмайдиган, ўзи гапириб – ўзи қийқириб куладиган бетайин бир аёл.

Яна бир санъат “арбоби” Зуҳра Солиева қандай қилиб актриса бўлиб қолганини худо билади. Унинг кулиши ноёб топилма эмиш.

Буларни комик актёр дейлик. Лекин комедиянинг ҳам ўз тош-торози бор, айтилмоқчи бўлган фикр, дарди бўлади! Комедия дегани бесабаб кулиш дегани эмас-ку!

Наҳотки ўзбекнинг ижтимоий мавзуга суяги йўқ, олам, дунёдаги жараёнлардан бехабар.

Ўзбек киносиинг соқолга қарши “жиҳоди”

Кинорежиссёр Ҳилол Насимов фильмларидаги аёллар негадир адашган, довдир, гиёҳфуруш ва албатта террорчи, зулмкор тузум истибдоди сабаб мажбур ватандан кетганлар эса ватангадо.

Соқол қўйган эътиқодли одамлар, ҳижоб ўраган аёлларнинг ҳаммаси салбий қаҳрамон.

Баҳодир Жалолнинг И.Каримов томонидан йўқ қилинган «Рақснинг туғилиши» асари

Ўтган асрнинг 60-70 йилларидаги ўзбек фильмлари каби бугун ҳам давр мафкурасига хизмат қиладиган чўпчак томошалар яратиш авжига чиқди.

Мурод Ражабовнинг ғўлдираши ва Эркин Комиловнинг чайналишидан иборат бир қолипдаги, фикрсиз, дардсиз хонтахта фильмларини гапирмаса ҳам бўлади.

Саёзликнинг туби, чегараси йўқ. Дубляж санъати ҳам ўлди. Психологларга кўра, инсоннинг овоз тембридан унинг ақлий, интелектуал имкониятлари билиниб турар экан.

Аввалги овозлар ўрнини тили хунук, ёқимсиз, ноқис кимсалар овози эгаллади. Буларга Барно Қодирова, Ҳошим Арслонов ва бошқалар мисол.

Етти яшар қизчага ҳам, 70 яшар кампирга ҳам Барнохоним овоз берадилар. У кишининг эрлари дубляж режиссёри бўлгани учун.

Дубляждагиларнинг кўпи ҳатто логопед-дефектолог муолажасига муҳтож. Албатта Санжар Саъдуллаев, Моҳира Нурматова, Зулхумор Мўминова каби айрим ижодкорлар булардан мустасно.

Олим Ҳамидулла Акбаровнинг ажойиб гаплари бор: «Паст даражадаги асарларни санъат деб қабул қилганлар ҳақиқий, асл санъатнинг фарқига бормайди, баҳолай олмайди, қабул қила олмайди».

«Мотамсаро» ҳайкалтарошлик ëки Амир Темур нега плаш кийди?

Ҳайкалтарошликда марҳум президент Каримов бошлаб берган ғалати тенденция пойтахтдан тортиб ҳар бир вилоят, туман, ҳокимликлар, қишлоқларнинг, ҳатто айрим корхоналарнинг ўрнатган ўз “Мотамсаро она”лари – алоҳида мавзу.

Мустақиллик майдонидаги улкан глобус нимани англатади? У ҳеч қандай озодлик тимсоли ҳам эмас – шунчаки бир шар.

“Бахтиёр она” ҳайкали ҳам ҳеч нарсани англатмайди. Ҳар бир миллат онаси ўз фарзандига меҳрибон, ҳамма ўз она тилида алла айтади. Фақат ўзбек эмас!

Янги фонтанлар қурилди. Лекин мозаикали бу фонтан улуғвор майдонни болалар боғчасига айлантирди. Бу ерга ўтмишдаги меъморлар билиб яхлит рангдаги гранитдан фонтанлар қурганлар.

Ҳайкалтарош Омон Азиз

Миллатнинг буюкларига қўйилган ҳайкалларда ҳам малакасизлик унсурларини кўрамиз. Тарихий шахсга реалроқ ёндашиш керак. Яъни кийим кечагидан тортиб ҳаракатларигача.

Мана, Амир Темур ҳайкалини олайлик. У қўлини олдга чўзиб ишора қилмоқда. Мадраса кўрган ота-боболаримиз мусулмон одам қўли билан ниқтамайди, кўрсатмайди, ишора қилмайди, дейишарди.

Темур эса Исломий шариатни мустаҳкам тутган зотдир. Назаримизда у сипороқ, улуғворроқ бўлган.Тожни эса жангда эмас, ҳар куни эмас, балки қабул маросимларида кийган бўлиши мумкин.

Бошига дубулғанинг ўзи кийдирилса, ўринли бўлар эди. Ундан кейин ҳилпираган плаш ҳам ҳам умуман ўринли эмас. Плашни асосан Европа халқи, руҳонийлари, рицарлари, аскарлари ёпинган.

Бу ҳайкални яратишда кўпроқ Петербургдаги Пётр 1 ҳайкалидан кўчирма олинганга ўхшайди.

Мафкура жиҳатдан босқинчи ўтган бўлса-да, М.В.Фрунзенинг Тошкентдаги ҳайкали анча юқори савияда ишланган монументал асар эди. Кичик ҳажмда бўлса ҳам салобатли кўринарди.

Тарихий шахсларга ҳайкал яратишда кўпроқ изланиб, тарихчилар, музейчилар, этнографлар билан маслаҳҳатлашган маъқул. Шунингдек, отнинг анотомик тузилишлари, пропорция-нисбатларида ҳам бузилишлар бор…

Эгар-жабдуқлари ниҳоятда ғариб. Миниатюра асарларда ўрта аср жангчиларининг от ёпинчиқлари ниҳоятда гўзал ва хилма-хил бўлганини кўришимиз мумкин.

Ўз жаллодига ҳайкал қўядиган қавм

Яқинда марҳум диктаторга ҳайкал қўйишга даъватлар бошланди. Халқаро танлов эълон қилинди.

Тараққийпарвар кучларни жалб этган холда бу жараён зудлик билан тўхтатилиши лозим.

Чунки Каримов конституцияга хилоф тарзда узоқ йиллар ҳокимиятни эгаллагани, мухолифатни қувғин қилгани, Талабалар шаҳарчасидаги ва Андижондаги қотилликлари билан танилган шахс.

Унга ҳайкал қўйиш унинг жиноятларини оқлаш билан баробардир. Аксинча, ўз ҳурлиги, ҳаққини, адолатни талаб қилиб чиққан жафокаш Андижон халқига ҳайкал қўйиш керак.

Ёдгорлик воқеа содир бўлган жойда ўрнатилиши лозим.

Тўғрироғи, бу “Андижон қирғини воқеасига” бағишланган халқаро танлов асосида амалга оширилса, мантиқий ва адолатли иш бўлар эди.

Албатта, бундан ҳам илгари 2005 йилги 13 май воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилиши долзарб масала.

Тунука гумбаз, шишабанд, алюкобонд “меъморлик”

Сўнгги йилларда бунёд этилган бинолар ҳам бир қолипдан чиққанга ўхшайди.

Меъморликда фақат алюкобонд билан қоплашлардан воз кечиб, жиддий лойиҳалар устида ишлаш керак.

Фақат гумбаз, устун ва нақш билан миллий услуб яратилмайди.

Режалаштириш, принцип, планировка, гармония деган тушунчалар бор.

Малакали меъморларимиз етарли, уларнинг ишига аралашмай, лойиҳалашни ўз усталарига қўйиб бериш керак.

Мутақиллик майдонидаги бичилган 20 қаватли ҳукумат биносини ўз аслига келтириш лозим.

Ўз вақтида бу жуда гўзал бино эди. Муаллифлар гуруҳи Давлат мукофотига сазовор бўлишган.

Унинг қурилишига 60-йилларда Бразилия парламентининг маъмурий биноси асос қилиб олинган эди.

Каримовдан боғ эмас, доғ қолди

Амир Темур хиёбонидаги (чўлидаги) дарахтлар алоҳида масала…

Тошкент давлат пединститутининг ноёб архитектураси бузилди

Арча ўрмонга ярашади, шаҳарга эмас. Эсиз 150 йиллик азим чинорлар…

Назаримда аввалги бўстонни асл ҳолига келтирса бўлади. Тошкентда 1966 йил зилзиласидан кейин собиқ шўролар мамлакатининг турли чеккаларидан катта дарахтлар улкан тувакларда келтириб экилган эди.

Хиёбон рўпарасида жуда беўхшов бино қад ростлади. Бу ҳеч кимга кераги йўқ Анжуманлар саройи. Тошкентда кам эдими саройлар?

Эсиз шунча пуллар, исрофгарчилик. Кимни ҳайратга солмоқчимиз, яна ким бизнинг қудратга таҳсин ўқисин?! Тошкентда иккинчи курантга эса на йиғлашни, на кулишни биламиз. Кераги йўқ қурилмалар.

Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин. Тарихий обидаларни сақлаб қолиш керак. Ҳар қандай ўзбошимча режалаштиришларни, бузишларни дарҳол тўхтатиш лозим.

Бу ишни узоқ йилларга мўлжаллаб, мутахасислар, меъморлар билан маслаҳатлашиб амалга ошириш лозим. Зеро, эски маҳаллалар, тарихий обидаларимиз, шарқ меъморлигининг ноёб дурдонаси. Бу кетишда яқин келажакда тарихимиздан асар ҳам қолмайди…

Шеърият хақида

Шеърият ҳақида гапирмадим. Чунки устоз Муҳаммад Солиҳ уларга баҳо бериб бўлди:

“Ёлғон айтиш тўғри сўзни айтишга қараганда хавфсизроқ. Аммо виждони бутун одам ёлғон гапириб қутулишдан кўра, тўғрисини айтиб тутилишни афзал кўради. Бу, албатта, телбалик эмас. Бу — унинг табиати. Ўша ўжар тоифага мансуб зотлар тарихда кўп учрайди. Уларнинг кўплигини кўриб, энг тушкун кимсанинг юрагида ҳам келажакка умид уйғонади: шундай одамлар яшаган экан, демак, бугун ҳам яшаяпти, бундан кейин ҳам яшайди, деб ўйлайди у.

Уларни дорга осгандилар, ўтда ёққандилар, сувга чўктиргандилар, аммо бугун қарасак, ҳаммаси тирик экан. Улар маънавият қасрининг устунлари, улар ўз юртларининг ҳақиқий гражданларидир…”.

Қўшимча қилишим мушкул. Шоирларимизнинг сўнгги чиқиши, ҳали ҳеч бир каромат кўрсатмаган янги президентга мадҳиябозликлари мени лол қолдирди.

Бир ижодкорнинг фарзанди сифатида уларнинг қилмишидан жуда уялиб кетдим…

Акмал Ризаев
Ўзбекистонлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 март 2016
“Миллий тикланиш” газетаси “Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка номзод бу сайловда иштирок этишга рағбат кўрсатмаганини ёки унга фаол бўлишга ...
30 декабр 2016
Kun.uz сайти 27 декабрь куни электр энергиясидаги узилишлар туфайли бир неча бор ишламай қолганини маълум қилди. Сайт бунга баъзи ...
14 ноябр 2023
Хоразм бир вақтлар зардуштийлик пойтахти бўлган. Зардуштийлар муқаддас китоби – “Авасто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” мамлакатида, яъни ...
2 январ 2017
Ижтимоий тармоқда қорқиз кийимини кийган эркакни ҳақоратлаб сўкиб, калтаклангани акс этган видео пайдо бўлди. Шу бугун фейсбукга қўйилган, қўл ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...