Асосий мавзулар
9 феврал 2017

Мирзиёев «ўлдирилган вазирлик» айбини зиммасига олди

Президент Мирзиёев кунда-кунора турли учрашувлар ўтказмоқда. Телевидение бу учрашувларни қўлдан келганча қирқиб, монтаж қилиб, амаллаб эфирга узатяпти. Аммо босма нашрлар бу учрашувларда кўтарилган энг долзарб масалалар, камчиликлар ҳақида ёки тўхталмайди, ёки умумий гаплар билан чекланмоқда.

Президент раислигида 7 февраль куни соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган йиғилишнинг босма нашрларда ёритилиши ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин. Газеталар ЎзА тарқатган расмийдан расмий мақолани эълон қилиш билан чекланди.

Аммо электрон нашрлар газеталарнинг бу борадаги сусткашлигини билдирмасликка ҳаракат қиляпти. Хусусан, kun.uz сайти мазкур йиғилиш тўғрисидаги расмий материалдан ўрин олмаган кўпгина жиҳатларни ёритди.

Сайтнинг ёзишича, президент мамлакат шифохоналаридаги аҳволни қаттиқ танқид қилган ва соғлиқни сақлаш вазирига қарата: «Нима учун одамлар касалхоналарда навбатларда турибди, нима учун ҳамма нарсага пул тўлашади? Ҳамма нарсага – жойга, уколга, дори-дармон, «хуш муомала”га пул тўлашади», деб ёзғирган.

Шунингдек, тизимдаги ҳақиқий аҳволни яшириб, бир-бирини ҳимоя қилаётган амалдорларни танқид қилар экан, бунда ўзининг ҳам айби борлигини тан олган.

«Алимов соғлиқни сақлаш вазири бўлганда, биз вазирликни бутунлай ўлдирдик. Бу менинг ҳам айбим», деган президент.

Кўп йиллардан бери туғруқхоналар дўхтирлар учун энг даромадли масканлардан бирига айланиб қолган. Бечора ота гўдагини туғдирган врачдан тортиб оддий санитаргача пул қистирмаса бўлмайдиган аҳволга келинган.

Энг эътиборлиси, бу муаммони ҳамма билар, лекин уни бартараф этиш билан ҳеч ким шуғулланмасди. Матбуотнинг ҳам тилига тушов тушганди. Энди эса янги президент муаммони бартараф этишга жиддий бел боғлаган кўринади.

«Энг катта порахўрлик туғуруқхоналарда. Туғруқхоналарда бу муҳитни йўқ қилмасак, улар порахўрликни ҳаёт нормаси деб қабул қила бошлашди. Ҳамма норози, деди Шавкат Мирзиёев», деб ёзди сайт.

Маълум бўлишича, давлат раҳбари кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётганини, буни халқ қабулхоналари ва президентнинг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар тасдиқлаб турганини таъкидлаган.

Хуллас, йиғилишда президент соғлиқни сақлаш вазирини ҳам, унинг ўринбосарларини ҳам роса олиб бориб олиб келган.

Лекин шу вақтгача бирорта нашр вазирнинг, вазирликнинг фаолиятини таҳлил қилиб, эркин фикр-мулоҳазаларини билдирмаяпти. Президент ундай деди, президент бундай деди каби умумий гаплардан нарига ўтиш йўқ.

Балки энди ҳамма президентнинг «ўлдирилган матбуот» ҳақидаги мулоҳазаларини кутиб турганмикин?

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 март 2024
Ўзбекистонлик худкуш ҳужумчи ўзини Қандахордаги Банк яқинида портлатиб юборгани ҳақида Россия нашрлари хабар бермоқда. Асли ўзбекистонлик худкуш-террорчи Асадбек Мадияров ...
10 май 2017
Жорий йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди (Ўзбекистон таркибидаги республика) 39 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновни озодликдан маҳрум ...
22 октябр 2020
Пайшанба куни Қашқадарё вилоятида Enter Engineering компаниясининг ғалаён кўтарган ходимлари билан суҳбатлашган Ғузор тумани ҳокими Беҳзод Суюнов катта концерт ...
12 феврал 2018
Ўтган йиллар давомида ўзбек мухолифати етакчилигига даъвогарлик қилганлар кўп бўлди. Улар ҳозир ҳам шу даъвосидан воз кечмаган. Бу даъво ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...