Асосий мавзулар
13 феврал 2017

Уйма-уй юриб берилаётган ваъдалар

“Адолат” газетасининг ёзишича, шу номдаги социал демократик партия депутатлари уйма-уй юриб, “жойларда муаммоларни аниқлаб, аксариятини ҳал этяпти”.

Бу партия депутатлари айрим муаммоларни қандай ҳал этаётганини ўқиб, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсиз. Масалан, партиянинг Қонунчилик палатасидаги депутати Бухоронинг Шофиркон туманига бориб, бир фуқаронинг муаммосини қандай ечиб берганига эътибор беринг.

“Наврўз қишлоғида истиқомат қилувчи Ирода Усмонова умр йўлдоши оғир касалликдан вафот этиб, фарзандларини ўзи вояга етказгани, эндиликда фарзандларининг иш билан банд эмаслиги, 2014 йилдан буён газ таъминоти корхонаси томонидан суюлтирилган газ билан таъминланмаётганини билдирди. Депутат томонидан бу муаммолар ҳал этилиши ҳамда газ таъминоти билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор берилиши таъкидланди”, деб ёзди газета.

Наманганнинг Чуст туманидаги 7-давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқитувчиси таълим масканида проектор ва электрон интерфаол доска йўқлигини айтса, депутат бу муаммони вилоят халқ таълими бошқармаси эътиборига ҳавола қилибди.

Самарқанднинг Иштихон туманида бир неча фуқаронинг уй-жой қуриш учун участка ажратиш тўғрисидаги шикояти эса маҳаллий ҳокимиятга йўлланиб, тезда ҳал этиш учун ижроси назоратга олинибди.

Кўриниб турибдики, бечора депутат ва сенаторлар президент айтгани учунгина уйма-уй юришга мажбур бўлмоқда. Бунгача иссиқ жойда қорнини қашлаб ўтирган кунларида одатга айланиб қолган “муаммоларни ҳал этиш тартиби”ни унута олмаётган депутатлар ҳамон эскича иш услубидан қутула олмаётир.

“Эътибор берилиши таъкидланди”, “эътиборига ҳавола этилди”, “ижроси назоратга олинди” каби умумий гаплар ана шундан далолат бериб турибди.

Мамлакатни “қўлда бошқариш” усули ҳеч қачон самара бермаган. Марҳум президент Каримов томонидан қўлланган авторитар бошқарувнинг айни услубини Шавкат Мирзиёев давом эттирмоқда. Бироқ, битта одам, агар у авлиё бўлиб, чексиз ҳокимиятга эга чиққан тақдирда ҳам, халқ учун қайғурмайдиган ва ойлиги ҳаминқадар бўлган амалдорлар армиясини назорат қила олмайди.

Мамлакатни самарали бошқариш учун, ҳақиқий мустақил парламент, мустақил суд ва эркин матбуот каби қўшимча институтларни ривожлантириш зарур. Бу формулани – демократия дея аташган ва ҳозирча шундан афзали ўйлаб топилмаган.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 апрел 2018
Олий Мажлис Сенатида 29 март куни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонга ҳавф солаётган исломий таҳдид ҳақида ...
8 сентябр 2015
Бугун немислар очиқ қалблар билан қочқинларни кутиб олишмоқда. “Берлинда мен Refugers welcome – Қочқинлар хуш келибсиз! деган шиорларни кўраман. ...
8 декабр 2016
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Ўзбекистон конституцияси байрамида “ҳамроз” қўшиғини ижро қилди. Кейинги 9 йил давомида Усмонова катта саҳнадан ...
22 декабр 2017
22 декабрь куни президент Мирзиёев Ўзбекистон Олий Мажлисида қилган бир неча соатлик жонли мурожаатида молия ходимларини “каламушлар” деб атади. ...
Блоглар
3 июн 2019
28 май куни Тошкентда ўтган конференцияда президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ...
23 май 2019
Лас-Вегас – гуноҳлар шаҳри. Аҳолиси ярим миллион, даромади казино ва қимордан келадиган бу шаҳарда бир ...
16 май 2019
Ҳақиқатга қайси томонидан қарасанг ҳам бир хил кўринади, дейишади. Маҳмуд Ражаб -шоир, ёзувчи, шу миллатнинг ...