Асосий мавзулар
6 март 2017

Жамшид чиқди, Елена кирди…

Амакиси президент бўлган Ўзбекистондаги тузумнинг танқидчисига айлангани ортидан 2006 йил кузида руҳий касаллар шифохонасида банди этилган жиззахлик журналист Жамшид Каримов 2017 йил баҳорининг илк куни озодликка чиқди.

Халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёевга ноҳақдан руҳий касаллар шифохонасида узоқ йиллар сақланган журналистни озод қилгани учун билдирган ташаккур ва таъзимномалари ҳали матбуот юзини кўрар-кўрмас ташвишли бир хабар тарқалди.

Журналист Жамшид Каримов озод этилган куни ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқбон, «Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси» ташкилоти раҳбари Елена Урлаева Тошкент шаҳри руҳий касалликлар клиникасига мажбурий даволанишга ётқизилгани маълум бўлди.

Ўзбекистонни 25 йил бошқарган Ислом Каримов мамлакат ичидаги матбуот ва сўз эркинлигини қаттиқ назорат остига олди ва ўнлаб журналист, ҳуқуқбон ва таниқли диний уламоларни қамоқда сақлади.

Уйдирма айбловлар билан ҳибсга олиниб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинган бу фаоллар Ислом Каримов тузуми ва ривожланган демократик дунё ўртасидаги мулоқотларда «бартер» объектига айланди.

Ўзбекистон раҳбари ёки мамлакатнинг нуфузли делегацияси Европага, Америкага сафар бошласа, у ёки бу фаол озод қилинадиган бўлди.

Европа ёки америкалик биронта раҳбар Ўзбекистонга ташриф буюрадиган бўлса, унинг пойига бирор журналист ёки хуқуқбоннинг озод қилингани хақидаги хабар поёндоз қилинди.

Диктатор ўлиб, унинг ўрнига келган Шавкат Мирзиёев ҳам айнан мана шу йўлни тутмоқда.

Фақат унинг бу ҳаракатида ғалати бир детал кўзга ташланяпти: унинг фармони билан номдор маҳбуслардан бири озод қилиняпти ва унинг ўрнига бошқа бир номи чиққан тадбиркор ёки ҳуқуқбон ҳибсга олиняпти.

Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк – «Рустамбанк» собиқ хўжайини, 69 ёшли Рустам Усмонов 19 йиллик қамоқдан сўнг шу йилнинг 13 февралида озодликка чиқди. Бу воқеанинг шов-шуви босилмасидан жамоатчилик эътиборида турган бошқа бир тадбиркор катта муаммога йўлиқди.

15 февралда Тошкент шаҳридаги жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди тадбиркор Олим Сулаймоновни суд залининг ўзида ҳибсга олди.

Бу тадбиркор ўтган йилнинг 10 октябрида Youtube.com портали орқали президент Шавкат Мирзиëевга видеошикоят йўллаб, Юнусобод тумани солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш департаменти ходими Дилшод Ҳазратқуловни ўзидан ноқонуний тарзда 30 минг доллар ундиришга уринишда айблаганди.

Тадбиркор талаб қилинган маблағни тўлай олмагани учун унга қарашли ширкатнинг ҳисоб рақами музлатилганини айтиб, ўзининг ҳақлигини шахсан Ш.Мирзиёев ёки телевидение олдида исботлаб бериши мумкинлигини ва бундай таъмагирликлар бошқа тадбиркорларга ҳам бўлаётганини билдирганди.

Олим Сулаймоновнинг Youtube тармоғидаги бу дадил мурожаати қисқа муддатда юз минглаб фойдаланувчи томонидан томоша қилинди ва жамоатчилик орасида қизғин баҳсларни қўзғади.

Янги президентнинг катта йиғиндаги «икки иш ўрни яратган тадбиркорни бошида кўтариши» ваъдаси ортидан, «мана энди тадбиркорлик ривожланади», деганлар кўпайди.

Бироқ президентнинг айнан шу гапидан сўнг тадбиркорларга босим кучайгани сезилди.

Хусусан, 200 иш ўрни яратиб, музқаймоқ ва торт ишлаб чиқариш билан водий аҳли тилига тушган андижонлик тадбиркор, «Магнит» фирмаси раҳбари Рафиқжон Исроиловнинг бизнеси тўхтатилди ва ўзи маҳкамага тортилди.

Тадбиркорларнинг боши қотди. «Мирзиёев тадбиркорларнинг дўстими ё душмани?» деди улар ўзаро суҳбатларда.

Уларнинг бу саволига тез орада жавоб берилди. Юқоридаги мисоллардир бу саволга жавоблар.

Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти жаноб Мирзиёев эса устози диктатор Ислом Каримовдан ҳам ўзиб кетган шогирд эканини исботлаяпти.

У мамлакат қамоқхоналарида қолаётган журналистлар, ҳуқуқбонлар ва диний сабаблар билан жазога тортилганлар аслида гаровга олинган бахтиқаролар экани ҳақида дунё ҳамжамиятига мужда беряпти. ЕХҲТ, БМТ шохида юряпти, Шавкат Мирзиёев эса баргида йўрғалаяпти.

Рустамни чиқарди, Олимни олиб кирди… Жамшидни чиқарди, Еленани опкирди…

Навбатдаги ким?

Улугбек Ашур,
журналист, Канада

Тағин ўқинг
12 июл 2016
У 16 йил фермерлик қилди. Отасининг ҳам суяги далада қотган, қирқ йил давомида пахта етиштириш билан шуғулланган. Аввал отасига, ...
23 март 2021
Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи М.Р. 2020 йил 8 июль санасида яқин қариндошиникидан чиқиб кетганича 3 кун уйига ...
15 март 2023
«Бриллиант қўл» кинофильми қаҳрамони чет элда «ит одамга дўстдир» «бизда эса домком дўстдир» дейди. Ўзини «домком» ëки «этажком» деб ...
27 апрел 2021
«Eltuz» kanalining qadrli muxlislari. Agar sizda mavzuga oid muhim xabarlar bo‘lsa, kechgan voqealar haqida gapirmoqchi bo‘lsangiz, «Eltuz»ning telegramdagi +49 ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...