Асосий мавзулар
8 март 2017

Рус разведкачисининг сирли ташрифига муносабатлар йўқ

Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг Ўзбекистонга сирли ташрифи на маҳаллий матбуотда, на биз кузатишга муваффақ бўлган рус матбуотида атрофлича ёритилмади.

Рус махфий хизматларидан бирининг раҳбари Ўзбекистон раҳбари томонидан қабул қилингани тўғрисида умумий гаплардан нарига ўтилмаган маълумотлар тарқатилди, холос.

«Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимизнинг замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги юксак даражада эканини алоҳида таъкидлади», деб ёзди, масалан, «Халқ сўзи» газетасида ЎзАга таяниб (01.03).

Хабарда «суҳбат чоғида экстремизм, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани» билдирилади.

Шунингдек, С.Наришкиннинг «давлатларимиз хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолагани» айтилади.

Бор гап шу. Албатта, бундай учрашувларда қандай конкрет масалалар кўтарилиши ҳақида маълумот олиш жуда қийин иш. Шунга қарамай, икки давлат муносабатлари ва халқаро майдондаги воқеалар ривожи асосида қандайдир мулоҳазаларни айтиш мумкин эди.

Масалан, Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафарга чиққан Россия президенти Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бўлиб, Туркманистон раҳбари билан телефонда суҳбатлашган бир пайтда нега Ўзбекистонга келмаганини тушуниш мумкин.

Яқин кунларда Ўзбекистон раҳбарининг Россияга ташрифи кутилаётгани бу саволга жавоб топиш имконини беради.

Лекин нега айни шу кунларда С.Наришкиннинг Тошкентга ташрифидан муддао нима? Балки Ўзбекистонда бугунги кунда ҳам давом этаётган ҳокимият ўзгаришларига таъсир ўтказишдир?

Ёки ўзбек махфий хизмати атрофида кундан кунга урчиётган турли ваҳимали миш-мишларга доир бирорта маълумотни Ўзбекистон раҳбари билан баҳам кўриш, шу орқали унинг Россияга мойиллигини кучайтиришга уринишмикин бу сирли сафардан мақсад?

Сўнгги вақтларда Афғонистонда ўзбек генерали, мамлакатимизнинг жанубий чегараларидаги вазиятнинг барқарор бўлишида ўзига хос роль ўйнайдиган Абдурашид Дўстимнинг мавқеини сустлаштиришга қаратилган ҳаракатлар бормоқда.

Балки рус разведкачилари раҳбари бу борада Ўзбекистон учун муҳим бўлган бирор маълумот билан ўртоқлашгиси келгандир?
Рус Ташқи разведка хизмати директорининг Тошкентга сафари расмий эмас, амалий ташриф мақомига эгалигининг ўзи унинг расмиятчилик учун эмас, қандайдир жиддий масалалар юзасидан гаплашиш учун келганидан даракдир.

Нима бўлганда ҳам у Ўзбекистонга шунчалик келиб-кетмагани аниқ.

Юқорида айтилганидек, бу ҳақда аниқ маълумотларга эга бўлиш имконияти деярли йўқ. Шунга қарамай, ҳеч бўлмаса, биз келтирган саволлар атрофида салгина мулоҳаза қилинса, кўпчиликни қизиқтирадиган гаплар айтилиши мумкин эди.

Афсуски, ҳозирги ўзбек матбуоти бу каби мулоҳазаларни ўз муштарийлари билан баҳам кўриш салоҳиятини йўқотган.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 декабр 2024
Янги Ўзбекистоннинг эски муоммолари, Андижон ва Фарғонанинг 40 йилдан буён асфальт қилинмаган йўллари. Асакада газ босими пасайган. Жарқўрғонда эса ...
9 март 2017
Президент Мирзиёев 2016 йилнинг 5 октябрида чиқарган фармони жорий йилнинг 1 январдан бошлаб тадбиркорларга нисбатан режадан ташқари ҳар қандай ...
17 феврал 2024
Анжанликлар уйни «эшик» дейди.  Ўлиб кетган Ўзбекистон президенти  Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева эгалик қилган Беверли Ҳиллздаги ҳовлини «эшик» эмас «қаср» десак ...
16 август 2018
Дунёда энг узоқ муддат қамоқда ўтириб чиққан 64 ёшли журналист Муҳаммад Бекжон «Алвидо, Жаслиқ!» китобининг навбатдаги бобида бир кишилик ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...