Асосий мавзулар
12 май 2022

12 май – Туркистондаги илк университетга асос солинган кун

Мен ТошДУнинг журналистика факультетига 1982 йил ўқишга киргандим. Туркистон, яъни Марказий Осиё ва Қозоғистон ҳудудидаги бу илк университетга 1918 йили асос солинган.

80-йиллар охири ва 90-йиллар бошига келиб университет бош биноси мустақиллик ва демократия учун кураш бешиги бўлиб хизмат қилганини эслайман.

Биз учун эса журналист бўлишдан кўра шоир ва ёзувчи бўлиш обрўлироқ эди. Чунки журналистика дея бизга ўргатилган касб эски совет тузуми тарғиботи эди, холос.

Бугун ҳам курсдошларимдан қайсилари ҳақиқий журналистика билан шуғулланаётгани-ю, ким сиёсатда, ким мухолифатда, ким дин йўлида жавлон ураётганини аниқ айтишим қийин.

Ёшлик – ғўрликми?

1982 йили масалнавис домламиз Мухтор Худойқулов бошчилигидаги «Нишона» шеърият клубида ўқиган илк шеъримни шундай эслайман:

Толеимга занжирим узун,
Боз акиллаш ҳуқуқим ҳам бор.
Керакдирман партиям учун,
Партиямга занжир ҳам даркор…

Ўшанда домламиз менга насиҳат қилган бўлиб, «ҳали ёшсан, ғўрсан», деди.

Мендан олдин ўқишга кирган исёнкор бир шоир йигит – хоразмлик Баҳодир Содиқнинг сирли ўлим топгани, «ёшларнинг онгини бузаётган яна бир хоразмлик шоир Муҳаммад Солиҳ» ҳақида гапирди.

«Хоразмликлар асли шундай ўзи. Кескин континентал иқлимнинг таъсири бор», деди истеҳзо билан.

Катта курсдагилардан бири эса ўзича «биринчи курсдагиларнинг ҳаммаси шунақа бурни кўтарилган бўлади», дея пичинг қилди.

Бу пичинг сурхондарёлик курсдошим, шоир Салим Ашурнинг ориятига қаттиқ ботди. Кейинчалик у «Ҳар кимнинг бор биринчи курси», деган машҳур шеърини ёзди.

Мавзуни яна бир шоир курсдошим, бухоролик Саидбурхон давом эттирди, фарғоналик Шуҳрат эса рубоб билан қўшиққа солиб куйлади. Шеърий баҳс талабалар пахта терими пайти далаларда уюштириладиган тунги гулханларда ҳам давом этди.

Исёнкорлигимизми ёки сиёсатнинг бориши, хуллас, 1983 йили университетдаги ҳарбий хизматга бормаган барча йигитлар икки йиллик армияга жўнатилдик.

Мустақиллик ва демократия учун курашнинг бошланиши

Армиядан сўнг тағин университетга ўқишга қайтдик. Билмадим, ўшанда балки биздаги ёшлик ва ғўрлик шижоатига армия интизоми ва иродаси ҳам қўшилгандир?

Хуллас, биз ўта максималист, гапдан кўра ҳаракатни, мулоҳазадан кўра таваккалчиликни афзал билувчи ёшларга айландик.

Айниқса, 1986 йил декабридаги Олмаота воқеалари кейинчалик Тошкент талабаларининг махфий тўгаракларга уюшишига олиб келди.

«Тил байрами» номи билан 1988 йил февралида талабалар шаҳарчасида ўтган кўп минг кишилик илк намойиш ҳам миллий мустақиллик дебочаси эди.

«Ҳаммаси бува ва буви бўлиб кетишган…»

Университетга асос солинганига бир кам юз йил тўлиши курсдошларимни ва суронли йилларни эслашга бир баҳона бўлди.

«Уларни энди топа олмайсан, ҳаммаси ували-жували, бува ва буви бўлиб кетишган», деди месенжер орқали менга жавоб берган фарғоналик курсдошим Мавжуда.

Шоҳира исмли бошқа курсдошим эса менинг қизларга атаб ёзган ишқий шеърларимдан бирини ўқиб берди.

Бахт эмасдир енгилса хатар,
Бахт эмасдир ғолиблик туғи.
Инсон бахтли бўларди агар,
Рашк қилишга бўлса ҳуқуқи…

Шу шеърни ўзим ҳам унутган эканман. Бу сатрларни курсдошимнинг унутмаганига қойил қолдим.

«Сайтингни ўқиб турамиз, лекин биз ёзадиган нарсалар сайтинг учун қизиқарли бўлади, деб ўйламайман, дўстим», деди  у «Элтуз»да тез-тез чоп қилинаётган мухолиф фикрли мақолаларга ишора қилиб.

Ўзбекистондаги маҳаллий газета, радио ва телевидениеларни гуллатаётган 20 нафардан зиёд курсдошимнинг кўпи фейсбукда ҳеч қачон бўлмаслигини билдирган Мавжуда яқинда курсдошлар йиғилишини уюштирмоқчи эканини айтиб, мени ҳам шу базмга таклиф қилди.

«Фейсбук энди сен билан менга ўхшаган «ёшлар»га бир эрмак», деди салкам 60 ни қоралаган Мавжуда талабалик чоғларини эслаб.

Мендан ўз исмини сайтда бермасликни астойдил ўтинган бошқа бир курсдошим эса келишни маслаҳат бермаслигини билдирди. Каримов кетгани билан на сиёсатда, на сўз эркинлиги борасида ҳали ҳеч нарса ўзгармаганини айтди.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 июл 2016
Ижтимоий тармоқдаги ўзбек сегментига хос иллатлардан бири, бирор мақолада миллат турмушидаги нуқсонлар танқид қилинаётган пайт, чет элларда бундан ёмонлигига ...
21 май 2018
Андижон шаҳрининг сўконғич ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг тилини тушовлашнинг умуман имкони бўлмаяпти. Ўтган йили шундай феъли сабабли у суд қарори ...
1 феврал 2019
Кичкинагина мовий қушча газ йўқ, чироқ йўқ Ўзбекистондан иссиқ ўлкаларга учиб кетмоқчи бўлди. У инидан чиқиб осмонга парвоз қилди. ...
23 январ 2024
2024 йилнинг 18 январида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўтмишда Россияга тегишли бўлган, совет иттифоқи қулаганидан сўнг мустақил мамлакатлар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...